O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси

Демократик янгиланишларнинг қонуний асослари

Кеча Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлисда сенаторлар томонидан ялпи мажлис кун тартибига киритилган қатор қонунлар муҳокама этилди. Мухбиримиз танаффус пайтида сенаторларнинг ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида фикрлари билан қизиқди.

— Барчамизга аёнки, бугун юртимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ҳам ўзининг мустаҳкамлиги, пухта-пишиқ асосларга эга эканлигини амалда намойиш этмоқда, — дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Қ. Тўйчиев. — Бу, айниқса, халқаро экспертлар, илмий доиралар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Албатта, бундай натижаларга, ютуқларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Демократик бозор ислоҳотлари изчил амалга оширилаётгани, банк-молия тизими мустаҳкамланаётгани, соҳанинг қонуний асоси такомиллаштирилаётгани ушбу марралар омили бўлмоқда. Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида муҳокама этилаётган қонунлар, хусусан, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам ана шу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, қарздорнинг қарзни қандай қайтарганлиги, агар у бошқа шахсларнинг кредитлари учун кафиллик берган бўлса, уларни қай тариқа бажарганлиги банкларнинг кредит сиёсатида муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода айтганда, ушбу Қонун мамлакатимизда кредит ахбороти алмашинуви тизимини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш, молия-банк тизимининг изчил фаолият олиб боришини таъминлашга қулай шарт-шароит яратади. Энг муҳими, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётга жорий этилиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар, лизинглар ва бошқа молия-банк хизматлари ҳажмининг сезиларли даражада ошишига, қарзларнинг қайтарилмаслик хатарларини камайтиришга хизмат қилади.
— Сенат ялпи мажлисида кўрилаётган аксарият масалалар юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат органлари томонидан рўйхатга олинишида турли бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган, — дея суҳбатимизга қўшилди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси А. Бурханов. — Мисол учун, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунда тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи нормаларини қисқартириш, бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш белгиланмоқда. Муҳими, амалдаги Қонунга тадбиркорлик субъектларига наф келтирадиган, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти талабларига мос ўзгартишлар киритилмоқда. Чунончи, лицензиялар реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилиши ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу таомилнинг аҳамияти шундаки, эндиликда республикамизнинг турли ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролар лицензиялар реестрига киритилган маълумотлар билан танишиб чиқиш учун вилоят ва туман марказларига бориши шарт бўлмайди. Бундай маълумотлар билан ўз уйида туриб, интернет орқали бемалол танишиши мумкин. Ушбу қулайлик тадбиркорларнинг вақти ва маблағини тежаш имконини беради.
— Ялпи мажлисда мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган қонунлар ҳам муҳокама этилди, — дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси С. Баратова. — Хусусан, сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама этилган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бугунги босқичида катта аҳамиятга эга. Чунки ушбу қонун билан шу пайтга қадар жиноят-процессуал қонунчилигида умумий тарзда тартибга солиб келинган жиноят содир этганликда гумон қилиниб, ушлаб турилган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари аниқлаштирилмоқда. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳуқуқ талабларига уйғун бўлиб, ушлаб турилганлар ёки қамоққа олинганларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу қонунга биноан, қамоқда сақлаш жойларида даволаш-профилактика ва санитария ишлари, эпидемияга қарши ишлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилиши ҳамда ўтказилиши белгилаб қўйилаётганини қайд этиш жоиз. Чунончи, бу жойлар маъмурияти ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар соғлиғини сақлашни таъминлайдиган санитария-гигиена талабларини бажариши керак.
Хуллас, сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама қилинган ҳамда маъқулланган қонунлар мамлакатимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юртимизнинг тинчлиги, хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қобил ХИДИРОВ.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 27.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati