O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида

АХБОРОТ

2011 йил 26 августда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида тайёрланган қонунларни кўриб чиқишдан бошладилар. Чунончи, молия-банк инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди ва маъқулланди. Қонун кредит ахбороти алмашинувининг ҳамда кредит битимининг, битим бўйича мажбуриятларни ижро этишнинг ҳолати тўғрисидаги  маълумотларни, шунингдек, кредит ахбороти субъектларининг кредит қобилиятини, молиявий аҳволини, тўлов қобилиятини, тўлов интизомини ва ўзга сифатларини аниқлашга ёрдам берадиган бошқа ахборотни тақдим этишнинг амалий тизимини яратишга қаратилган. 

Сенаторлар «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Қонуннинг асосий мақсади тугатиш ишини юритишнинг айрим тартиб-таомилларини ўтказиш муддатларини қисқартиришдан, керакли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун банкрот корхоналар мол-мулкини янги мулкдорларга реализация қилишнинг самарали механизмларини яратишдан иборат.

«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш вақтида сенаторлар ушбу қонун «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурига мувофиқ тайёрланганлиги ва қабул қилинганлигини кўрсатиб ўтдилар.

Қонун билан лицензиялаш тартиб-таомиллари анча соддалаштирилмоқда. Чунончи, қонундан юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномаларнинг кўчирма нусхаларини нотариал тасдиқлаш зарурлиги ҳақидаги талаб чиқариб ташланди, лицензияловчи орган томонидан лицензия даъвогарининг  аризасини  кўриб чиққанлик учун лицензияловчи органнинг бундай аризани кўриб чиқиш билан боғлиқ  харажатлари доирасида йиғим ундирилишини назарда тутувчи норма киритилди.

Шундан сўнг сенаторлар «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сўзга чиққан сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши темир йўл транспорти объектларида хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигига, жамоат хавфсизлигига ва давлатнинг барқарорлигига таҳдид туғдирувчи фавқулодда вазиятлар юз беришининг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик борасидаги миллий қонунчилик базасини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга ёрдам беришини кўрсатиб ўтдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонунини муҳокама қилдилар.

Қонунда қамоқда сақлашнинг асосий принциплари, асослари, қамоқда сақлаш муддатлари мустаҳкамлаб қўйилган, қамоқда сақлаш жойлари тушунчаси расамадга солинган, ушлаб турилганлар ва қамоқда сақланаётганларнинг ҳуқуқлари, шунингдек, бу ҳуқуқларни таъминлаш кафолатлари белгиланган. Жумладан, ҳимоячи, қонуний вакил билан учрашиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг қамоқда сақлаш жойларига бориши тартиби ва бошқалар белгилаб қўйилган.

Сенаторларнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари бўйича институтларнинг фикрини назарда тутган ҳолда қабул қилинган ушбу қонуннинг маъқулланиши жиноят, жиноят-процессуал қонунчиликни ва суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқиб, маъқулладилар. Тегишли ўзгартишлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган. Хусусан, милиция ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими амалга оширилган ушлаб туриш тўғрисида ушлаб турилган шахс милиция муассасасига ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган пайтдан бошлаб ёзма шаклда прокурорни хабардор қилиши шартлиги, қамоқда сақланаётган айбланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор бошқа қўшимчалар мустаҳкамланган.

Шундан кейин сенаторлар «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади қонун ҳужжатларини бир хиллаштиришдан ҳамда хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектларини текширишни ўтказиш жараёнида янада қулайроқ шарт-шароит яратишдан иборат эканлиги қайд этилди.

Қонун билан «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хусусий корхона тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартишларга мувофиқ, янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режадаги солиқ текширувларидан ўтказилмайди.

Қонунда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш бошланадиган ва тугалланадиган вақтни белгилашнинг аниқ таомиллари кўрсатилган. Хусусан, текширилаётган хўжалик юритувчи субъектга текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) текшириш тугаган куни топширишни назарда тутадиган тартиб жорий этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, текширишлар расман тугаганидан кейин уларни амалда давом эттириш ҳолларига чек қўйиш имконини беради.

Сенаторлар «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар тоифалари — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Ушбу қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан қабул қилинган бўлиб, унинг мақсади Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка масалаларини тартибга солишдан, бу соҳада қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашдан иборат.

Қонунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар тоифалари — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхатини тасдиқлаш назарда тутилади. Булар қонун ҳужжатларига мувофиқ сотиб олинган уй-жойига эга бўлган фуқаролар,   давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимидаги тегишли лавозимларга белгиланган тартибда тайинланиб, тасдиқланиб ёки сайланиб,    тайинланган, тасдиқланган, сайланадиган лавозимларда бўлиши даврига пропискадан ўтказиладиган шахслар, республика аҳамиятига молик давлат ташкилотларига ишга таклиф қилиниб, лавозимда бўлиш даврига пропискадан ўтказиладиган юқори малакали мутахассислардир.

Сенаторлар кўрсатиб ўтганларидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг прописка масаласи бўйича мурожаатлари холисона кўриб чиқилишига, суиистеъмолликларнинг олди олинишига ҳамда пойтахт минтақасида ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлиги  таъминланишига ёрдам беради.

Сўнгра сенаторлар «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу қонунда умумэътироф этилган халқаро атамашунослик талабларини ҳисобга олган ҳолда «географик объектлар», «географик объектларнинг номлари», «Географик объектлар номларининг давлат реестри» деган тушунчаларга биринчи марта таъриф берилмоқда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг, географик объектларнинг номлари соҳасидаги махсус давлат органининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Қонунда географик объектларнинг номларини давлат рўйхатидан ўтказиш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш тартиби ҳам назарда тутилган.

Сенаторлар «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 августдаги «Геология-разведка ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган «Геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

«Баркамол авлод йили» Давлат дастурига мувофиқ қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонуни ҳар томонлама муҳокамадан кейин сенаторлар томонидан маъқулланди. Қонуннинг асосий мақсади алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар, энг аввало, ёшларнинг саломатлигига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашнинг қонунчилик ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан, шунингдек, қонун нормаларини халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига мослаштиришдан иборат эканлиги таъкидланди.

Қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш борасидаги давлат сиёсатининг принциплари, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг кафолатлари, шунингдек, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, бундай маҳсулотни ишлаб чиқариш, реализация ва реклама қилиш борасидаги фаолиятни тартибга солиш бўйича  ваколатлари аниқ расамадга солинган. Бу борада давлат назорати чоралари  белгиланган. Муҳокама чоғида сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши алкоголь ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш билан боғлиқ касалланиш ҳамда ўлим ҳолатлари қисқаришига ва фуқароларнинг саломатлиги сақланишини таъминлаш борасидаги профилактика чора-тадбирлари рўёбга чиқишига ёрдам беришини таъкидладилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма йиллиги арафасида маъқулланган қонунлар ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришга, давлат қурилиши ва бошқарувини такомиллаштиришга қаратилганлиги, бу қонунларни рўёбга чиқариш мамлакатда демократик янгиланиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида муҳим омил бўлиши, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришда, уларнинг турмуш сифатини яхшилашда ҳамда мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда катта роль ўйнаши кўрсатиб ўтилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугалланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 27.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati