O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

ОАВ иқтисодий асосининг қонуний кафолати

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида оммавий ахборот воситалари фаолиятини кучайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Дарҳақиқат, глобаллашув жараёни тобора кучайиб бораётган бир пайтда ҳар бир мамлакат дунё ҳамжамиятида ўзи эгаллаб турган ўрнини холис ва танқидий баҳолаши, ҳар томонлама чуқур ўрганилган, ижтимоий-иқтисодий асослари пухта ишлаб чиқилган тараққиёт дастури ҳамда уни амалга ошириш стратегиясига эга бўлиши керак. Шу боис Президентимиз ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини демократлаштириш, уларнинг эркинлиги ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, юртимизда демократик янгиланишлар жараёнида мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, ислоҳотларнинг ошкоралигини таъминлаш мақсадида изчил ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятнинг сиёсий ва маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ахборот соҳаси ҳамда оммавий ахборот воситаларини эркин ривожлантириш бўйича демократик талабларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилди. Сўнгги 10 йилнинг ўзида босма оммавий ахборот воситаларининг сони 1,5 баробар, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони эса 7 баробар кўпайгани ҳам Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари жадал ва эркин ривожланиб бораётганлигини тасдиқлаб турибди. Бугунги кунда миллий медиабозорида қарийб 1200 та оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Мавжуд барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳисобланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг жамият ва давлатни бошқаришдаги иштирокини фаоллаштириш, уларнинг ахборот олиш бўйича ўз конституциявий ҳуқуқини янада тўлиқ амалга ошириши учун кафолатларни мустаҳкамлаш борасидаги муҳим вазифаларни ҳал этишда Концепцияда қабул қилиш таклиф этилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ушбу янги қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб беради, аҳолининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига дахлдор қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминлайди.
Мамлакатимиз ва хориж тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, биринчи навбатда, ахборот соҳасида бозор муносабатларини ва рақобатни ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллиги ҳамда ўзини ўзи таъминлашига эришиш билан бевосита боғлиқдир. Бунда, албатта, Концепцияга мувофиқ “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш айни муддаодир. Чунки мазкур қонун ахборот бозори иштирокчилари фаолияти самарадорлигини кучайтириш ва уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, қўшимча иқтисодий преференциялар яратиш, шунингдек, миллий ахборот маконини изчил ривожлантиришни таъминлашга қаратилган кўплаб ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
Маълумки, оммавий ахборот воситалари мустақиллигининг кафолати, бу — аввало, уларнинг моддий-иқтисодий таъминотини мустаҳкамлаш. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш, уларни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, малакали журналист кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича етарлича тажриба тўпланган. Чунончи, мамлакатимиз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш, ахборот бозорида рақобатбардош, молиявий жиҳатдан барқарор медиатузилмаларни ташкил қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳамда уларни жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига кенг татбиқ этишга катта ҳажмдаги инвестициялар жалб қилинмоқда.
Оммавий ахборот воситалари тобора тараққий этиб бораётган, ахборот рақобати кучаяётган бир шароитда соҳанинг қонунчилик, иқтисодий ва ташкилий механизмларини янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Негаки, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, оммавий ахборот воситаларининг давлат, бизнес ва таъсисчиларга боғлиқлигини камайтириш уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигига эришишда қўл келади.
Буларнинг барчаси оммавий ахборот воситаларида фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, маданий ранг-барангликни ва миллий муштаракликни сақлаш мақсадида давлат томонидан миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Зотан, мазкур саъй-ҳаракатлар глобал ахборот маконида миллий оммавий ахборот воситаларининг рақобатбардош бўлишида айни муддаодир.
Шу боис “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги қонунни тайёрлашда оммавий ахборот воситаларини турли ташқи иқтисодий ва сиёсий тузилмалар таъсиридан ҳимоя қилишга алоҳида урғу бериш керак. Бунда, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг молиявий иқтисодий мустақиллиги медиабизнес соҳасида ҳокимият ва тадбиркорлик тузилмалари манфаатлари мувозанатини таъминлашини, давлатни ахборот соҳасида ривожлантиришга ёрдам берадиган жамоат телекўрсатувлари ва радиоэшиттиришлари лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутиши эътиборга молик.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари таҳририяти билан оммавий ахборот воситаларининг мулкдори (таъсисчиси) ўртасидаги менежмент ва молиявий соҳадаги муносабатларни, ахборот кўринишидаги маҳсулот баҳосини, сотиш бозорларини, маркетинг стратегиясини белгилашдаги ҳуқуқлари, таҳририятнинг мустақил иш олиб бориш ваколатлари ва ахборот бозорида рақобатни таъминлашнинг қонуний асосларини яратиш мақсадга мувофиқдир. Шу ўринда ахборот кўринишидаги маҳсулотнинг сифати учун жавобгарликни ҳам белгилаб қўйиш медиатузилмалар ўртасидаги рақобатни мустаҳкамлаб, уларнинг масъулиятини оширади.
Хулоса қилиб айтганда, янги қонун жамиятни модернизация қилиш, фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг сўз ва танлаш эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришда оммавий ахборот воситаларининг ролини, масъулиятини юксалтиради.

П. МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 27.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati