O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси олдидан

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети кўрсаткичлари муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизнинг келгуси йил учун бош молиявий ҳужжати макроиқтисодий барқарорликни ва ялпи ички маҳсулотнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлашга, рақобатбардош бозор иқтисодиётининг шаклланишига, аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда 2012 йилги Давлат бюджети мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Хусусан, ижтимоий инфратузилмани янада тараққий эттириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини изчил янгилаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, чет эл инвесторлари учун янада қулай шароитлар яратиш, инфратузилма, транспорт ва коммуникация тармоқларини янгилашни кенгайтириш, хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақи учун қулай бизнес муҳитини яратиш ҳамда аҳоли бандлиги даражасини ошириш бўйича дастурий чора-тадбирларни бажаришни кўзда тутади.

Мажлисда қайд этилганидек, бюджет барқарорлигини таъминловчи самарали ва мустаҳкам солиқ тизимини яратиш ҳамда унинг пухта ишлашига эришиш солиқ сиёсати соҳасидаги устувор йўналишлардан бўлиб қолмоқда.

2012 йилда солиқ сиёсати, ўтган йиллардаги каби, хўжалик юритувчи субъектларга ва аҳоли даромадларига солиқ юкини янада пасайтиришга, ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун қулай шароит яратишга, солиқ тизимини соддалаштиришга, солиқ маъмурчилиги чораларини такомиллаштиришга йўналтирилган.

Чунончи, кичик бизнес субъектлари фаолиятининг келгуси йилда ҳам жадал ривожланишини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида саноат соҳасидаги корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш кўзда тутилмоқда. Бундай имтиёз ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган микрофирма ҳамда кичик корхоналар ихтиёрида 50 млрд. сўмдан ортиқ маблағни тежаб қолишга, айни чоғда уларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги технологияларни жорий этиш учун сарфлашга хизмат қилади.

Аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш мақсадида келгуси йилда жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқнинг энг кам ставкасини янада камайтириш кўзда тутилаяпти. Бу солиқ тўловчиларнинг ҳар бир гуруҳи учун ундириладиган солиқ ставкалари пасайишини таъминлайди. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар учун солиқ юкини ўртача икки баробар камайтириш назарда тутилаяпти.

— 2012 йилги Давлат бюджетида ҳам ижтимоий соҳа, чунончи, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарф-харажатларни кўпайтириш тамойили сақлаб қолинмоқда, — дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси А. Алтиев. — Хусусан, ижтимоий соҳа учун йўналтирилаётган маблағлар Давлат бюджетида 58,6 фоизни ташкил этаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунда таълимни, соғлиқни сақлаш харажатларини, шунингдек, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларни молиялаштиришни кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Мажлисда, шунингдек, 2012 йилги Давлат бюджети иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларни инфляция суръатларидан ортиқ даражада янада кўпайтириш йўли билан аҳоли даромадлари ва турмуш фаровонлигини юксалтириб боришга, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, молиялашнинг бюджетдан ташқари манбаларини кенгайтиришга, бюджет муассасалари тузилмаси ҳамда тармоғини мақбуллаштиришга қаратилгани кўрсатиб ўтилди.

— Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирлари ҳали-ҳануз сақланиб турган бир шароитда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини кучайтириш, бюджетлараро муносабатлар тизимини ислоҳ қилиш талаб этилади, — дейди қўмита аъзоси Қ. Эргашев. — Бунда маҳаллий ҳокимият органларининг иқтисодий мустақиллигини кучайтириш ҳамда даромад базасини кенгайтириш, айни чоғда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш манфаатдорлигини ошириш мақсадга мувофиқдир.

Сенаторлар 2012 йилга мўлжалланаётган солиқ ва бюджет сиёсати, шунингдек, Давлат бюджети мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг стратегик дастури ижросини рўёбга чиқаришга ҳамда аҳоли фаровонлигини изчил оширишга хизмат қилишини қайд этдилар.

Мажлисда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ

"Халқ сўзи" газетаси, 26.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati