O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Yangiliklar

Парламентдаги мухбиримиз хабар қилади

Ислоҳотлар изчиллиги ва тараққиёт

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма йиллиги арафасида ўтказилаётган парламент юқори палатасининг бу галги анжуманида юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, Президентимиз Ислом Каримов томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган қонунчилик ташаббусларини ҳаётга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қонун ҳужжатлари кўриб чиқилади. Кеча Олий Мажлис Сенатининг аъзолари ўз қўмиталарининг ялпи мажлис кун тартибига киритилган қонунлар ва бошқа масалалар муҳокамасига бағишланган мажлисларида қатнашдилар. Уларнинг айримлари ўз фикр-мулоҳазаларини мухбиримиз билан ўртоқлашди.

Сарсенбай СЕЙТНАЗАРОВ, Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Ҳар йили энг азиз, энг улуғ байрамимиз — Истиқлол шодиёналари арафасида бундай нуфузли анжуманга йиғилишимизнинг ҳам рамзий маъноси бор. Негаки, бундай пайтда босиб ўтилган йўлга бир назар ташлаш, ютуқларни эътироф этиш, не-не машаққатлар эвазига қўлга киритилган мустақиллигимизни асраб-авайлаш, унинг равнақига хизмат қиладиган саъй-ҳаракатларни кучайтириш туйғуси ҳар бир юртдошимизни қамраб олади. Айниқса, мана шундай улуғ кунларда давлатимизнинг энг олий мукофотига — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига муносиб кўрилганим Ватанимиз, халқимиз олдидаги масъулиятимни янада оширади. Менга бундай юксак ишонч билдирилгани учун давлатимиздан, Президентимиздан миннатдорман. Бу, шубҳасиз, мени мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи қонунлар муҳокамасида янада фаолроқ бўлишга ундайди.

Қурақбой ЭРГАШЕВ, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:

— Ялпи мажлисда мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор долзарб қонунлар муҳокама этилади. Булар орасида, айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган қонунлар борлиги алоҳида эътиборга моликдир. Биргина “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини олайлик. Унга биноан, янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайдиган бўлаяпти. Амалда бу муддат икки йил эканлигини инобатга оладиган бўлсак, мазкур тартиб тадбиркорларимиз учун айни муддаодир. Муҳими, ушбу ҳуқуқий ҳужжат хусусий тадбиркорлик субъектларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини ҳам оширади. Шу билан бирга, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан эса лицензия бериш тартибини янада соддалаштириш назарда тутилмоқда.

 Рустамали МАЖИДОВ, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:

— Жисмоний етук, маънавий баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида мана шу мақсадга қаратилган муҳим ҳужжат — “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилиши режалаштирилган. Маълумки, алкоголь ва тамаки истеъмол қилиш — инсон соғлиғи учун салбий оқибатларга олиб келадиган иллатдир. Биргина алкоголизм оқибатида мия, жигар ва бошқа органларда даволаш мушкул бўлган жиддий хасталиклар юзага келади. Кашандаликка муккасидан кетиш ҳам ана шундай оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Алкоголь ва тамаки истеъмоли иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан ҳам жамиятга катта зарар келтиради. Шу боис мазкур Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар, биринчи навбатда, 20 ёшга етмаган шахсларнинг саломатлигига салбий таъсирини камайтириш мақсадида уларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш назарда тутилмоқда. 

Хуллас, Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган қонунларнинг барчаси юртимизда кечаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни янада либераллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштиришга хизмат қилишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Зеро, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад юрт тараққиётини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Қобил ХИДИРОВ.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 26.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati