O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси очилади.

Кеча Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси ўтказилди. Мажлисда махсус ишчи гуруҳнинг бўлажак ялпи мажлисни ўтказишга тайёргарлик тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Сенат қўмиталарининг раислари қўмиталарнинг мажлислари ўтказилганлиги ва қонунлар бўйича хулосалар ҳамда навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритилган бошқа масалалар бўйича қарорларнинг тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар.

Кенгаш мажлисида Сенатнинг бўлажак ялпи мажлисида йигирмадан ортиқ масалани, шу жумладан, 15 та қонунни кўриб чиқиш мўлжалланаётганлиги, шуларнинг 5 таси янги қонун эканлиги, 7 тасида амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш назарда тутилаётганлиги, учта қонун эса халқаро шартномаларни ратификация қилишга доир эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Сенаторлар парламентнинг юқори палатаси ялпи мажлисида муҳокама қилинадиган, кредит ахбороти алмашинувининг ва кредит битимининг, битим бўйича мажбуриятларни ижро этишнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилишнинг амалий тизимини яратишга қаратилган «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, асосий мақсади бозор иқтисодиётининг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг  қонунчилик базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан иборат бўлган «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурига мувофиқ қабул қилинган ҳамда лицензиялаш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришни, кўп сонли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият соҳаларига жалб этишни назарда тутадиган «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, шунингдек, қонунларни бирхиллаштириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларни ва тадбиркорлик субъектларини текшириш жараёнида янада қулайроқ шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар саломатлигига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашнинг, темир йўл транспорти объектларида хавфсизликни таъминлаш, одамлар ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ва давлат барқарорлигига таҳдид туғдирадиган фавқулодда вазиятлар келиб чиқишининг олдини олиш ва уларга йўл қўймасликнинг, географик объектлар номлари соҳасидаги муносабатларни, давлат қурилиши ва бошқаруви, ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг қонунчилик ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа қонунлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Бошқа айрим қонунлар ҳам кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасининг 12-бандига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш ҳам назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддасининг 16-бандига мувофиқ, кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарини сайлаш масаласи ҳам киритилмоқда. Бундан ташқари, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқадилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 26.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati