O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

26.04.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

 

Халқаро мажбуриятлар ижроси — парламент назоратида

Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, давлат ва жамият қурилишининг ўз моделига асосланиб ҳамда халқаро ҳуқуқнинг ҳозирги талабларини ҳисобга олган ҳолда, миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида изчил иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли китобида таъкидланганидек, “Халқаро ҳуқуқ нормаларининг ички қонунлардан устунлиги республикада қонунчилик фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий қоидаларидан бири эканлигини эътиборда тутиш зарур. Бу ҳол фақат қонунларимиз доимо умум қабул қилган халқаро нормалар ва қоидаларга мувофиқлаштириб келинаётганлиги ва яқинлаштирилаётганлиги билангина эмас, балки мамлакатимиз халқаро нормаларнинг бажарилишини кафолатлайдиган ҳамма мажбуриятларни ўз зиммасига олаётганлиги билан ҳам рўёбга чиқарилмоқда”.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлиб ўтган Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг мажлисида мамлакатимиз халқаро шартномаларида кўзда тутилган мажбуриятлар вазирлик ва муассасалар томонидан ижро этилишининг бориши масаласи кўриб чиқилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси 190 дан ортиқ универсал халқаро шартномаларга қўшилганлиги ва уларга риоя этилиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш бўйича ўз зиммасига мажбуриятлар олганлиги кўрсатиб ўтилди. “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлди. Қонунда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ қатъий ва мажбурий равишда риоя этмоғи лозим.
Ташқи ишлар, Адлия вазирликларининг вакиллари ва бошқалар халқаро шартномавий мажбуриятларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий ҳуқуқ тизимида рўёбга чиқарилиши ҳуқуқ ижодкорлиги механизми билан бир қаторда мазкур халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши мониторинги ва назорати каби институционал воситалар ёрдамида таъминланаётганлигини кўрсатиб ўтдилар. Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятларини амалда бажаришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни ижро этиш масалалари ҳам Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Шу билан бирга, муҳокама давомида қайд этилганидек, халқаро шартномаларнинг лойиҳалари бўйича хулосалар тайёрлаш жараёнида вазирликлар ва идоралар шартнома лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мувофиқлиги ҳар томонлама таҳлил қилинишини ҳар доим ҳам таъминлаётгани йўқ. Халқаро шартномаларнинг лойиҳаларини вазирликлар ва идоралар билан мувофиқлаштириш соҳасидаги ишлар янада такомиллаштирилиши керак. Ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги халқаро шартномаларнинг қўлланилиш масалаларида, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан тадбирлар режаларини амалга оширишда ҳам айрим камчилик ва нуқсонлар мавжуд.
Мажлис қатнашчилари томонидан халқаро шартномаларнинг лойиҳаларига эксперт хулосаларини тайёрлаш сифатини оширишга, халқаро шартномалар ижросининг мониторингини таъминлаш ва умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни яхшилашга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ижро этиш соҳасидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар баён этилди.
Муҳокама якунлари бўйича Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
 
Мажлисда сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг мутахассислари ҳамда экспертлари, олий ўқув юртлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati