O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

26.03.2011

Давлат бошқарувини ислоҳ этишнинг конституциявий кафолати

 

Аввал хабар қилинганидек, кеча пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, юртимизни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни жадаллаштиришга, шунингдек, иқтисодиётни модернизациялашнинг қонуний асосларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда. Ана шундай муҳим масалалардан бири сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонундир. Мухбиримиз танаффус пайтида мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

А. СУЛТАНОВ, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:

— Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва сенаторларимиз томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонун, ҳақиқатан ҳам, мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг роли ва масъуллигини оширишда янги босқични бошлаб бериши, шубҳасиз.

Хусусан, Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан Президентга таклиф этилиши кўзда тутилмоқда. Бу сиёсий партиялар, умуман, парламент ҳаётида ўта муҳим ўзгаришдир. Маълумки, амалдаги қонунчиликда, Бош вазир номзодини кўрсатиш учун илгари қанча депутатлик ўрнини эгаллаганлигидан қатъи назар, сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги ҳамма фракциялари билан маслаҳатлашув ўтказилиши белгиланган. Янги тузатишларга кўра, кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партияга ҳуқуқ берилмоқда. Бу, албатта, сиёсий партияларни янада фаоллик кўрсатишга, сайловларга жиддий тайёргарлик кўришга, кўпроқ депутатлик ўрнини олиш учун ҳаракат қилишга ундайди.

Бу тартиб-таомил, эътиборли жиҳати, дунё парламентаризми ғоялари билан, айни пайтда “ўзбек модели”нинг тамойилларига ҳам уйғундир. Буни хорижий давлат ва жамоат арбоблари, таниқли сиёсатшунослар, йирик экспертлар, ҳуқуқшунос ва мутахассислар юқори баҳолашаётганини ОАВ орқали кўриб-билиб турибмиз. Шу боисдан ҳам сенаторлар мазкур тузатишларни бир овоздан маъқуллашди.

Ш. ХАМРАЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:

— Маълумки, Олий Мажлис палаталари бугунги кунда мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати — Давлат бюджетини тасдиқлаш, унинг асосий параметрлари ижросини назорат қилиш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Бундай назорат-таҳлил тадбирларида Давлат бюджетини шакллантириш, унинг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ялпи мажлисда маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонун парламентнинг, айниқса, Сенатнинг бу борадаги ваколатларини янада кенгайтираётганини таъкидлаш лозим. Чунончи, унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатлари рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш ҳақидаги фармонини тасдиқлаш ҳам киритилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўз фаолияти давомида мамлакат Президенти ва Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисоб беришини инобатга оладиган бўлсак, Сенат мутлақ ваколатларининг кенгайиши Давлат бюджети харажатларининг мақсадли ва самарали сарфланиши ва натижада, аҳоли фаровонлиги юксалишига замин яратади. Энг муҳими, сенаторларнинг масъулиятини оширади.

Н. АИМБЕТОВ, Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзоси:

— Конституцияга киритилаётган тузатишлар мамлакатимизда давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади — давлат ҳокимияти тизимининг барча тармоқлари фаолиятининг масъулияти ва самарадорлигини ошириш бўйича босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми, десак, муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қонунчилик ташаббуси, ўз мазмун-моҳиятига кўра, мустақил давлатимизни демократик ривожлантиришдаги, кучли фуқаролик жамияти барпо этишдаги янги босқичнинг бошланиши бўлиб, мамлакатимиз учун тарихий аҳамиятга эга ўзгаришларга замин яратади. Мазкур ҳужжат давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, давлат ҳокимиятининг учта субъекти: дaвлaт бoшлиғи — Прeзидeнт, қoнун чиқaрувчи вa ижрo этувчи ҳoкимиятлaр ўртaсидaги вaкoлaтлaрнинг янaдa мутaнoсиб тaқсимлaнишини тaъминлaшга, шунингдек, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда парламентнинг, сиёсий партияларнинг роли ҳамда таъсирини кучайтиришга қаратилган. Шу ўринда Конституцияга киритилаётган тузатишларга мувофиқ, парламент ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширишнинг таъсирчан конституциявий-ҳуқуқий воситасига эга бўлаётганини таъкидлаш жоиз.
Бу ижро ҳокимияти органлари фаолиятида қонунийлик ва ошкораликни янада кенгроқ таъминлаш, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни, ғоялар ва дастурлар курашини  фаоллаштиради. Шу боисдан ҳам сенаторлар мазкур тузатишларни якдиллик билан маъқуллашди.

Р. ҚЎРҒОНОВА, Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси аъзоси:

— Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, ўз мазмун-моҳиятига кўра, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида мутлақо янги институтларни жорий этади. Хусусан, парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳамда Бош вазир ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳуқуқларини бериш кўзда тутилаётир. Булар парламентнинг ҳукумат фаолияти устидан назорат олиб боришида, шунингдек, ижро ҳокимияти фаолиятида шаффофликни таъминлашда айни муддаодир. Шу ўринда, мамлакатимизда ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолдагина билдирилиши мумкинлигини алоҳида қайд этиш лозим. Бу қоида ҳукумат ва парламент муносабатларида барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Конституцияга киритилаётган тузатишларга мувофиқ, ишончсизлик вотуми қабул қилинганда, янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Олий Мажлисга кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади. Ушбу тартиб барча фракцияларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш баробарида, ҳукуматни барқарор шакллантириш ҳамда унинг фаолиятида шаффофликка эришишнинг конституциявий кафолатидир.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati