O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

26.03.2011

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

 

Шу йил 25 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси очилди.

Унда ялпи мажлисга таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.
Сенаторлар ўз ишларини кун тартибининг асосий масаласи — «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Сенаторлар ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасида баён этилган, моҳияти жиҳатидан давлатимизни демократик ривожлантириш, фуқаролик жамиятини қуришда янги босқични бошлаб берган қонунчилик ташаббусларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва қабул қилинганлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, давлат ҳокимиятининг учта субъекти: давлат бошлиғи — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасида ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилишда парламентнинг, сиёсий партияларнинг роли ҳамда таъсирини кучайтириш мақсадида киритилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига Бош вазир номзодини кўрсатиш ва тасдиқлашнинг янги, демократик принципларга жавоб берадиган конституциявий тартиби киритилмоқда. Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан кўрсатилади. Бундай тартиб, сенаторлар муҳокама асносида кўрсатиб ўтганларидек, мамлакатни демократик янгилашда ва модернизация қилишда парламентнинг, шунингдек, сиёсий партиялар ролининг кучайишига олиб келади.
Сенаторларнинг фикрича, Конституцияга киритилаётган бошқа тузатишлар ҳам муҳим принципиал аҳамиятга эга. Чунончи, мамлакатимизнинг ҳуқуқий тизимига ишончсизлик вотуми институти киритилмоқда. Бунда Бош вазир ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ўртасида доимий зиддиятлар келиб чиққан тақдирда, тегишинча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овозлари олинганида парламент Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини чиқариши мумкин. Бу ҳолда мамлакат Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ишончсизлик вотумининг қабул қилиниши бутун ҳукуматнинг истеъфога чиқишига олиб боради. Ушбу институт қонунлар ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишда парламентнинг ваколатларини кенгайтириш мақсадида киритилган бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг мамлакат сиёсий тизимидаги ролини, шунингдек, ҳукуматнинг қабул қилинаётган қонунлар оғишмай ва сифатли ижро этилишини таъминлаш учун жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддаси биринчи қисмининг 15-бандига киритилаётган, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан Бош вазир ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколатини беришни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳим аҳамиятга эга бўлади. Асосий Қонуннинг бу қоидаси ҳокимиятнинг ижро этувчи тармоғи органларининг фаолияти устидан парламент назоратини олиб бориш имкониятларини анча кенгайтиради, марказда ва жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилиш вақтида ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишда муҳим омилга айланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ белгиланган тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳисоб палатасининг раисини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Сенат томонидан тасдиқланади, Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиши мумкинлиги ҳақидаги норма чиқариб ташланди.
Кўрсатиб ўтилган ўзгартиш ва қўшимчалар, сенаторларнинг фикрича, мамлакатни демократлаштириш ва ислоҳ қилишни чуқурлаштиришга, давлат ҳокимияти учала тармоғининг мустақиллиги ва асослилигини кучайтиришга, улар ўртасида мувозанатни таъминлашга, давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатлар самарали тизимини яратишга ёрдам беради. Ушбу таклифларнинг изчиллик билан рўёбга чиқарилиши рақобатли кўп партиявийлик тизимини ривожлантиришга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга, қонун ҳужжатлари ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши устидан самарали парламент назорати амалга оширилишига, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга ёрдам беради. Ҳар томонлама муҳокамадан кейин Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Ушбу Қонунга мувофиқ, амалдаги қонун ҳужжатларининг нормалари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган тузатишларга мувофиқлаштирилди.
Сенаторлар «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар. Ушбу Қонун ахборот соҳаси янада демократлаштирилишини, аҳоли ахборот-кутубхона ресурсларидан кенг фойдаланишини, ўз эҳтиёжларига мувофиқ ахборот танлаш эркинлигини таъминлаш, маънавий бой ва баркамол шахснинг ижодий ривожланиши учун, жумладан, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда имкониятлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга, ҳуқуқий таъсир этиш механизмларини такомиллаштиришга ва одил судловнинг сифатини оширишга, судларнинг вазифаларини кенгайтириш, шунингдек, обрўсини оширишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди. Чунончи, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг қонун билан ўз ваколатига киритилган фуқаролик ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш борасидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда («Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси).
Фуқаролик ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, одил судловга тажовуз қилувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2454-моддаси), суд мажлисида тартибни бузган ёки судга нисбатан бошқача тарзда ҳурматсизлик қилган шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида ажрим чиқариш ҳуқуқи берилмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар суд тартиб-таомилларини соддалаштиришга ёрдам беради, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари ҳақини тўлаш билан боғлиқ қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қўйилган талаблар бўйича ҳам суд буйруғини бериш соҳасини кенгайтиради.
Сенат томонидан маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 245 ва 246-моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада либераллаштиришга ёрдам беради.
Қонунда хорижий мамлакатлардан республиканинг тергов ҳибсхоналарига келтирилган айбланувчиларни қамоқда сақлаб туриш муддатларини ҳисоблаш тартиби белгиланмоқда. Ушбу Қонунга мувофиқ, шахс Ўзбекистон Республикасига ушлаб бериш тўғрисидаги сўровномага асосан, хорижий давлат ҳудудида қамоқда сақланган вақтни жиноят ишини тергов қилиш даврида қамоқда сақлашнинг қонун билан белгиланган муддатига қўшиб ҳисобланади. Ҳозирги вақтда бундай айбланувчиларни қамоқда сақлаб туриш, шу жумладан, хорижий давлат ҳудудида қамоқда сақлаб туриш вақти фақат суд томонидан жиноий жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари бўйича ҳисобланмоқда.
Сенаторлар Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчилик ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун мамлакатимиз қўшилган халқаро конвенцияларнинг қоидаларидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 августдаги «Геология-разведка ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, фуқаролар ҳаёти, соғлиғини ҳамда атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишни кучайтириш борасида табиатни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қонун билан таъминлашга қаратилган.
Унда радиациявий таъсир даражаси аниқ белгиланмоқда, Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳадаги халқаро шартномаларига мос бўлган «радиоактив чиқиндилар» тушунчаси киритилмоқда, радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ишлаб чиқариш назоратини олиб боришнинг (амалга оширишнинг) самарали ҳуқуқий механизмлари жорий этилмоқда.
Ушбу Қонун 8-моддасининг тўртинчи қисмига радиациявий хавфсизлик соҳасидаги жамоат назоратини нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам амалга ошириши ҳуқуқини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Сенаторлар мамлакат автотранспорт тизимининг фаолияти ва ривожланиш самарадорлигини оширишга, мавжуд автотранспорт фондидан оқилона фойдаланишга қаратилган «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, шунингдек, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Ушбу Қонуннинг асосий мақсади транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришдан, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжати нормаларининг айрим қоидаларини республика иқтисодиёти ва жамиятини ривожлантиришнинг ҳозирги тамойилларига мувофиқлаштиришдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Чунончи, Қонун билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мажбурий суғурта шартномасини тузиш тартиб-таомилини ва суғурта хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни енгиллаштиришни, шунингдек, транспорт воситасини ноқонуний йўл билан эгаллаб олган шахс томонидан зарар келтирилган тақдирда, зарар кўрган шахс ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарни қоплашнинг кафолатланиши принципини таъминлашга қаратилган чораларни назарда тутади.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг бир қатор халқаро битимларини ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Хусусан, «Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.
Муҳокама асносида, жумладан, Гаага Конвенциясига қўшилиш чет элда яратилган расмий ҳужжатнинг ҳақиқийлигини битта ҳаракат билан — ваколатли органлар томонидан ҳужжатга апостиль (стандарт сертификат) қўйиш билан тасдиқлаш имконини бериши кўрсатиб ўтилди. Ушбу тартиб-таомил ҳужжатлар айланишини анча соддалаштиради ва Ўзбекистон Республикасининг расмий ҳужжатларини Конвенция иштирокчилари бўлган мамлакатларда тақдим этиш ва уларни эътироф этиш вақтида юридик ва жисмоний шахслар учун тегишли муддатларни қисқартиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масала, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳисобот даврида парламент палаталарининг қўмиталари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш соҳасидаги фаолияти устидан парламент назоратини таъминлаш механизмини такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш борасида катта ишларни амалга оширганлиги кўрсатиб ўтилди.
Омбудсманнинг вакиллари Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳужжатларини амалга ошириш бўйича ҳудудий комиссиялар ишида фаол қатнашдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг судлов ишини юритиш соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлиги кучайди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини маъқулладилар.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Қ. Акмаловнинг ҳисоботини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати шуни қайд этдики, Ҳисоб палатасининг 2010 йилдаги фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2010 йилда барқарор иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди.
Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан турли вазирлик ва идораларда асосий йўналишлар бўйича 88 та назорат тадбири ўтказилган. Ҳам республика миқёсида, ҳам маҳаллий миқёсда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан назорат ташкил қилинди. Бир қатор бюджетдан маблағ олувчилар мисолида марказда ва жойларда бюджет маблағларидан фойдаланишнинг қонунийлиги, мақсадга йўналтирилганлиги ва самарадорлиги текширилди. Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кўпайтириш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича кўрилган чоралар натижалари минтақаларга бориб ўрганилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил 7 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги Қарорини амалга ошириш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот даври мобайнида мактаблар ва касб-ҳунар коллежларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши, шунингдек, Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган товарларни ишлаб чиқариш, иш ўринлари ташкил этиш масалалари бўйича текширишлар ўтказилди.
Ҳисоботни муҳокама қилиш вақтида сенаторлар молия-бюджет ва бошқа қонун ҳужжатлари нормаларининг талабларига риоя этишдаги, айниқса, маҳаллий бюджетларни ижро этиш вақтида вазирликлар ва идоралар томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлашдаги мавжуд камчиликларни танқидий баҳоладилар, шунингдек, жойларда аниқланган молиявий ҳуқуқбузарликларни бартараф этишни таъминлашда ва келтирилган зарарни ўрнатилган тартибда тўлиқ ундиришда муаммолар мавжудлигини кўрсатиб ўтдилар. Муҳокама қилинган масала бўйича сенаторлар Ҳисоб палатаси назорат тадбирларининг самарадорлигини кучайтириш ва оширишга қаратилган таклиф ҳамда тавсияларини билдирдилар, молиявий ҳуқуқбузарликларни қисқартириш ва келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар.
Ҳисоботни муҳокама қилиш якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати тегишли қарор қабул қилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati