O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

26.02.2011

Маҳаллий Ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш — давр талаби

 

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари — халқ депутатлари Кенгашларининг қонунларни ижро этиш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни бажариш борасидаги фаолияти устидан парламент назоратини олиб боришга қаратилган ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилган эди.
Юртбошимиз томонидан қўйилган вазифаларни бажариш маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ҳар бир депутатидан, халқ депутатлари Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссия­ларидан юксак ташаббускорликни, қонунлар, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорлар ижросини таъминлаш устидан амалий назоратни кучайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш йўлида тинимсиз изланишни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ­фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг парламент юқори палатасида ўтказилган мажлисида Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари халқ депутатлари Кенгашларининг 2010 йилдаги фаолиятини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари томонидан минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, туман ва шаҳар ҳокимият вакиллик органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилаётир. Чунончи, мазкур вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар, “Баркамол авлод йили” Давлат, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ижро этиш натижалари сиё­сий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида кенг муҳокама этилган. Сайловчилар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш ҳамда фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳам таъсирчан чоралар кўрилган.
Шу билан бирга, Сенат комиссияси мажлисида ушбу вилоятлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятида мавжуд бўлган баъзи хато ва камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, айрим халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан депутатлик назоратини олиб бориш, қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда мансабдор шахслар масъулиятини ошириш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш, доимий комиссиялар ишини кучайтириш ҳамда уларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларига етарлича эътибор берилмаётир.
Муҳокамада Сенат Комиссиясининг аъзолари маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини бугунги кун талаблари ва истиқболли вазифаларни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳар томонлама чуқур муҳокама этиш ҳамда тан­қидий таҳлил қилишни амалиётга киритиш кераклигини айтиб ўтдилар. Айни чоғда ижро этувчи ҳокимият ­фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш, қонун ҳужжатлари, давлат ва минтақавий дастурлар ижросини таъминлаш, депутатлар корпусининг ҳуқуқий билимларини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Кўриб чиқилган масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенати маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолия­тини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.
Мажлисда Сенат қўмиталари раислари, комиссия аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati