O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлиси Сенати

Тадбиркорлар фаолияти — Қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолиятини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизни изчил тараққий эттиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу боис тармоқни янада ривожлантириш, қулай шароитлар яратиш бўйича кенг миқёсли мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, хусусий мулкнинг устуворлигини мустаҳкамлаш, унинг ишончли кафолатларини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига янада кўпроқ эркинлик яратиш, давлатнинг бошқарув функцияларини ҳамда рухсат бериш тартибларини қисқартириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий база барпо қилинди.

Сўнгги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар вилоятда қулай бизнес муҳитини яратиш, кредит-молия ҳамда хом ашё ресурсларидан фойдаланишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш, давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиши ҳолларини қисқартириш имконини бермоқда. Бу вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасининг ўсишига хизмат қилаётир.

Вилоятда ўтган 9 ой давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ортиғи билан бажарилди. Шуниси диққатга сазоворки, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида кичик бизнеснинг улуши ўтган йилнинг шу давридаги 79,1 фоиздан 82,2 фоизга ошди. Кичик бизнес субъектларига тижорат банклари томонидан барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 80,2 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

Йиғилишда адлия органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани қайд этилди. Айни чоғда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш бўйича айбдор шахслар маъмурий, интизомий ҳамда моддий жавобгарликка тортилиб, тадбиркорлик субъектларига етказилган моддий зарарни ундириб бериш учун судларга даъво аризалари киритилмоқда.

Шу билан бирга, қўшма мажлисда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятида айрим хато-камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда вилоят адлия органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш учун аниқ чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.

— Қўшма мажлисда кўрилган масалалар бугунги куннинг долзарб масалаларидандир, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Икром Худойбердиев. — Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, айниқса, ортиқча текширишларнинг камайгани яхши самара бераяпти. Буни вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши ортиб бораётгани, аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятлари кенгаяётганида ҳам кўриш мумкин.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

«Халқ сўзи» мухбири

"Халқ сўзи" газетаси, 25.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati