O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш — давр талаби

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу борада алоҳида қонун қабул қилишга эҳтиёж туғилган эди. Негаки, мамлакатимизда географик объектларнинг номларига оид муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тарқоқ ва ўзаро боғланмаган бўлиб, қонун ҳужжатларида етарли даражада ўз аксини топмаган. Бу эса, табиийки, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш соҳасида мувофиқлаштириш ишларининг талаб даражасида бажарилмаслигига олиб келаётган эди.

Бугунги кунда географик объектларнинг номлари соҳасидаги муносабатларни 1996 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун тартибга солиб келмоқда. Мазкур Қонун маъмурий-ҳудудий бирликларга, аҳоли пунктларига, аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига, физик-географик, геологик, табиатни муҳофаза қилишга оид объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш масалаларини қамраб олган. Бироқ унда географик объектларнинг барча жабҳалари тўлиқ ўз аксини топмаган ва уларга аниқ таъриф берилмаган. Шунингдек, бу борадаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ҳамда “Геодезия ва картография тўғрисида”ги қонунлари билан ҳам тартибга солинмоқда.

Ушбу соҳани тартибга солувчи яхлит қонуннинг мавжуд эмаслиги, табиийки, мазкур муносабатларни тартибга солувчи қонун нормаларининг етарли даражада ишламаслигига сабаб бўлаётган эди. Қолаверса, сўнгги йилларда республикада маъмурий-ҳудудий бўлинишда, аҳоли пунктларининг номларида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Лекин ушбу ўзгаришларнинг ягона давлат ҳисобини юритиш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти. Шу билан бирга, барча аҳоли пунктлари номларининг расмий рўйхати тўлиқ олиб борилмаганлиги почта, ички ишлар, қутқариш, топография, ер тузиш ва шу каби бошқа турли хизматларнинг иш фаолиятида турли қийинчиликларни туғдирмоқда.

Амалиётдаги вазият таҳлил қилинганда, шу нарса аён бўлдики, бир хилдаги жой номларининг такрорланиши жуда кўп учрайди.

Шу ўринда Қонунни қабул қилишга туртки берган яна бир жиҳат ҳақида айтиб ўтиш жоиз. Яъни қишлоқ аҳоли пунктлари ва бошқа майда объектларни номлаш ва қайта номлаш — вилоят, туман ва шаҳар ҳокимиятлари ваколатига киради. Амалдаги қонун ҳужжатларида географик объектларга ном бериш ваколатига эга органлар белгиланган бўлса-да, ягона мувофиқлаштирувчи марказнинг йўқлиги боис турли хил тушунмовчиликлар ва муаммоларга дуч келинаяпти.

Шу маънода, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши географик номларни қўллаш, географик объектларни номлаш ва қайта номлашнинг барча соҳаларидаги келишмовчиликларга чек қўяди, географик объектлар номларининг давлат рўйхатидан ўтказилиши, тўғри қўлланилиши ва сақланиши, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Географик номлар давлат реестрининг яратилиши таъминланади.

Айни пайтда Қонун географик номларни қўллаш, географик объектларни номлаш ва қайта номлашнинг барча соҳаларидаги муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан янада тартибга солинишига ҳамда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилишига шарт-шароит яратиб, мамлакатимиз ҳудудидаги табиий-географик ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ва илгари берилган номларни ўзгартириш ишларининг мувофиқлаштирилишига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Қонун халқимизнинг тарихи ва маданияти билан боғлиқ жойларнинг номларини муҳофаза этиш ҳамда уларнинг асоссиз ўзгартирилишининг олдини олувчи қонуний асосларни вужудга келтиради.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам атрофлича муҳокама қилишади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга биноан, географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, “Давлат тили ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги, “Геодезия ва картография тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 26 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга ўзгартишлар киритилмоқда.

Эътиборли жиҳати, Қонун географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш билан боғлиқ қарама-қаршиликларга чек қўяди ҳамда атама ва тушунчаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда географик объектларнинг номлари соҳасидаги муносабатларнинг янада такомиллаштирилишига олиб келади.

Хамрабай РАЗЗАҚОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 25.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati