O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

25.05.2011

Ижро ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш
давлат бошқарувини демократлаштиришнинг муҳим шарти

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳалари қаторида давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида мустаҳкамланган давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда қонун чиқарувчи ҳокимият, жойларда вакиллик ҳокимияти органлари ваколатларини янада кенгайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилди.

Чунончи, 2005 — 2010 йилларда икки палатали миллий парламент шакллантирилиб, самарали фаолият юритмоқда, илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти эгаллаб турган Вазирлар Маҳкамаси Раиси лавозими тугатилди, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан мамлакат Президенти бир вақтнинг ўзида ижро этувчи ҳокимиятнинг бошлиғи эканини белгилайдиган норма чиқарилди. Бугунги кунда Конституциямизнинг 89-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Шу муносабат билан Президентнинг айрим ваколатлари Олий Мажлис Сенати ва Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Вазирлар Маҳкамасининг фаолияти янада такомиллаштирилди, Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Буларнинг ҳаммаси ушбу даврдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеалар бўлди ва Ўзбекистон тараққиётида ўзининг самарали натижасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Республикада ижро этувчи ҳокимиятнинг амалга оширилиши тўғрисидаги конституциявий қоида ҳукумат мақоми, унинг алоҳида ҳуқуқларини, таркибини, қонун чиқарувчи органлар, ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро муносабатлари таркибини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш лозимки, давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини замон талабларига мувофиқ равишда тубдан яхшиламай туриб, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш вазифаларини муваффақиятли ҳал этиб бўлмайди. Халқ томонидан қўллаб-қувватланаётган кучли ва адолатли ҳокимият демократик фуқаролик жамиятини, келажаги буюк давлатни барпо этишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида давлат ва жамият қурилишига кенг эътибор берилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳам давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришда ўзига хос аҳамият касб этди. Унга мувофиқ, Конституциянинг Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига доир қисмига бир қатор тузатишлар киритиш таклифи илгари сурилиб, бу “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ўз ифодасини топди.
Шу ўринда Конституциямизнинг 93-моддасига киритилган қўшимчага биноан, Бош вазирга вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш учун Президентга тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилди. Бу қоида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Зеро, вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими ўз лавозимлари бўйича жойларда ижроия ҳокимиятни бошқаради. Айни пайтда улар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантиришга масъул ҳисобланади. Ижроия ҳокимият фаолияти учун Бош вазирнинг жавобгар бўлиши сабабли бундай ҳуқуқнинг Бош вазирга берилиши мантиқан тўғри жараён бўлиб, ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига тўла мос келади.
Конституцияга давлат ҳокимиятининг учта субъекти: давлат бошлиғи — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш мақсадида тузатишлар киритилгани муносабати билан 93-модданинг 8-бандидан “ижро этувчи ҳокимият девонини тузади ва унга раҳбарлик қилади”, деган норма Президент ваколатларидан чиқарилди. Бу, табиийки, Бош вазирнинг ваколатларини янада кенгайтиради.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳбарлигида давлат ҳокимияти тармоқлари фаолиятида ва улар ўртасидаги муносабатда туб ислоҳотлар амалга оширилди. Мураккаб ва ўта масъул ўтиш даврида Президент бошчилигидаги кучли ижро этувчи ҳокимият жамиятимизнинг эски тузумдан янгисига босқичма-босқич ўтишини, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий асослари шаклланишини таъминлаб берди.
Концепцияда илгари сурилган таклифлар ҳам, ўз навбатида, ҳокимият тармоқларининг мустақиллигини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, ўзаро бир-бирини тийиб туриш механизмларини мустаҳкамлайди. Умуман олганда, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва модернизациялашни ривожлантириш жараёни давлат бошқарувининг барча бўғинларида ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Энг муҳими, ҳокимиятнинг учта тармоғи — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти фаолиятига доир ислоҳотлар, уларнинг ҳар бирини ваколатлари кенгайтирилиши бошқарувни демократлаштиришнинг ўзига хос ифодаси, дейиш мумкин. Ижро этувчи ҳокимиятнинг давлат бошқарувини юритувчи асосий институтлардан бири сифатида мустақиллигини таъминлаш, шубҳасиз, давлат бошқарувини демократлаштиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, ижроия ҳокимият ваколатларининг кенгайтирилиши унинг ўз фаолиятида мустақил иш юритиши, амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимида самарали фаолият олиб боришини кафолатлаши билан бир қаторда, унинг парламент ва уни шакллантирган сиёсий партия олдидаги масъулиятини, фуқаролар олдидаги устувор вазифаларни рўёбга чиқариш мажбуриятини кучайтиради.

Б. МАМАЖОНОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati