O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

25.03.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

 

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини янада чуқурлаштириш, жамиятни модернизациялаш ҳамда янгилаш, барқарор иқтисодий тараққиётга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни мустаҳкамлашга йўналтирилган бир қатор долзарб масалалар муҳокама этилиши кутилаётир. Кеча юқори палата аъзолари ўз қўмита йиғилишларида ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалаларни атрофлича кўриб чиқишди. Мухбиримиз танаффус пайтида уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.
Ф. АБДУРАҲИМОВА, Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси аъзоси:
— Бу галги ялпи мажлисда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлган, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда янги босқични бошлаб берадиган долзарб масалаларни кўриб чиқиш мўлжалланмоқда. Ана шундай масалалардан бири — Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари асосида тайёрланган ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонундир. Конституцияга киритилаётган тузатишлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ҳокимиятининг учта субъекти: Президент — давлат бошлиғи, қонунчилик ва ижро этувчи ҳокимият ўртасида ваколатларни янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, сиёсий партияларнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни янгилаш ҳамда модернизациялашдаги роли ва таъсирини кучайтиришга қаратилган. Шу боис сенаторлар бу Қонунни атрофлича муҳокама қилиб, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашмоқда.
Ф. ТОШЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:
— Маълумки, ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сиёсий партиялар фаолиятини янада ривожлантиришда айни муддаодир. Зеро, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, бунда сиёсий партияларнинг иштирок этиши ва парламент ролининг ошиши, Бош вазирнинг ҳисоботлари парламентда эшитилиши, Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш тартиби билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар тўлиқ асосда конституциявий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда. Айниқса, Бош вазир номзодининг Республика Президентига Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган ва халқнинг маълум қатламлари манфаатини илгари сурадиган сиёсий партияларнинг ролини оширишга ҳамда Қонунчилик палатаси ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.
Х. БОЗОРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
— Сенаторларимиз томонидан муҳокама этилаётган Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги Қонун давлат ва жамият ҳаёти учун бутунлай янги бўлган институтларни жорий этиши билан аҳамиятлидир.   Чунончи, биринчи марта парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи ҳам татбиқ этилаётганини қайд этиш лозим. Конституциянинг 98-моддасига киритилаётган тузатишларга биноан, ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолдагина билдирилиши мумкин. Бунда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади. Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
Ш. ХЎЖАНИЁЗОВА, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:
— Сенатнинг бешинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни парламентнинг ижроия ҳокимият фаолияти устидан назорат олиб боришидаги имкониятларини янада кенгайтиришга ҳуқуқий пойдевор яратиб беради. Шу жумладан, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандига киритилаётган қўшимчада мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари доирасига киритилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу тартиб қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимият ўртасида муносабатнинг ўзига хос усулини жорий қилиш билан бирга, Бош вазир ва у орқали ижроия ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг мамлакатимиз давлатчилик тажрибасига асосланган янги механизмни яратади. Бу янгилик айни чоғда баъзи хорижий давлатлардагидан фарқли равишда ўзига хос жиҳатларга ҳам эга. Мисол учун, кўпгина мамлакатларда ҳукуматнинг ҳар йили бир марта парламентга ҳисобот бериб туриш амалиёти мавжудлигини инобатга олсак, Конституцияга киритилаётган тузатишларга кўра эса, мамлакатимиз парламенти палаталари, агар у ёки бу масалани долзарб, деб ҳисоблаганда, ҳукумат раҳбарининг ҳисоботини ҳар қандай вақтда ҳам эшитиши мумкин бўлади. Бу, табиийки, парламентнинг ижроия ҳокимиятга таъсирини янада оширади. Шу маънода айтганда, ушбу ҳужжат мамлакатимиз ҳаётида муҳим янгиланишларга замин яратади. Бунда, айниқса, биз, сенаторлар жойларда мазкур ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишимиз айни заруратдир.
С. БАРАТОВА, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:
— Шу ўринда Конституциямизнинг 93-моддасига киритилаётган қўшимча ижроия ҳокимияти фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаш жоиз. Унга кўра, Бош вазирга вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш учун Президентга тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилаётир. Бу қоида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар билан уйғундир. Зеро, вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими ўз лавозимлари бўйича жойлардаги ижро ҳокимиятини бошқаради. Қолаверса, улар ҳудудларни ривожлантиришга масъул ҳисобланади. Ижроия ҳокимият фаолияти учун Бош вазирнинг жавобгар бўлишини ҳисобга олганда, бундай ҳуқуқнинг Бош вазирга берилиши мантиқан тўғри жараён бўлиб, ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига тўла мос келади. Бу айни пайтда ҳудудлар ва умумдавлат манфаатлари муштараклигини таъминлашга ҳам катта ҳисса қўшади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati