O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

25.03.2011

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси олдидан

 

Суғурта бозорини такомиллаштиришнинг муҳим омили

Мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда замон талабларидан келиб чиқиб, изчил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Сўнгги йилларда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбе­кистон Республикаси қонунлари бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши кутилаётган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам шу мақсадларга қаратилгани ­билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Мамлакатимиз суғурта бозорида ўтказилаётган ислоҳотлар, қолаверса, 2008 йилда қабул қилинган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон ­Республикаси Қонунини рўёбга чиқариш амалиёти ушбу ­ҳужжатни ишлаб чиқиш заруратини туғдирди.
Маълумки, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддасида транспорт воситаси эгаси транспорт воситасини рўйхатга қўйишдан олдин бир йил муддатга мажбурий ­суғурта қилиш шартномасини тузишга мажбурлиги ­назарда ­тутилган. Айни пайтда Қонуннинг 6-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, транспорт воситасига эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келганда ўн кундан кечиктирилмасдан фуқаролик жавобгарлиги суғурталаниши шарт. Мазкур ҳолат юқорида кўрсатилган меъёрларнинг бир тахлитда қўлланишига тўсқинлик қилади. Шу сабабли Қонуннинг 9-моддаси учинчи қисми иккинчи жумласи чиқариб ташланмоқда.
Маълумки, Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, пул маблағлари суғурталовчининг банк ҳисобварағига келиб тушган сана суғурта мукофоти тўланган сана, деб ҳисобланади. Амалиётда бундай суғурта полисларининг аксарияти суғурта агентлари томонидан сотилади. Чунончи, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига кўра, суғурта агенти суғурта шартномасини тузиш ва ижро этишни ташкил қилиш борасидаги фаолиятни суғурталовчининг номидан ва унинг топшириғига мувофиқ амалга оширади. Шу туфайли пул маблағлари суғурталовчи ва суғурта агентининг банк ҳисобварағига келиб тушишини бир хиллаштириш зарурати пайдо бўлаётган эди. Қонунга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, пул маблағлари суғурталовчининг ёки суғурта агентининг банк ҳисобварағига келиб тушгандагина, суғурта мукофоти тўланган ҳисобланади
Амалдаги “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида суғурта мукофотлари бўйича чегирмалар олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси санаб ўтилган. Суғурта мукофотлари бўйича чегирмалар олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасини кенгайтириш ва аҳоли ночор қатламларини ижти­моий ҳимоя қилиш мақсадида Қонуннинг 13-моддасига қўшимчалар киритилмоқда. Яъни хизматни Афғонистон Республикасида ва жанговор ҳаракатлар олиб борилган бошқа мамлакатларда вақтинча бўлган қўшинларнинг чекланган контингенти таркибида ўтаган ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқув-синов йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларга ҳам мазкур имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Шу ўринда Қонунга киритилаётган яна бир ўзгартишни айтиб ўтиш жоиз. Маълумки, амалдаги Қонуннинг 
14-моддасига мувофиқ, мажбурий суғурталашни амалга оширадиган суғурталовчи Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида мажбурий суғурта шартномасини тузишга, жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) суғурта тўловлари ҳақидаги ва суғурта тўловларини амалга ошириш ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳақли бўлган ўз вакилларига эга бўлиши ­керак. Айни пайтда мамла­катимиз Фуқаролик кодекси 47-моддасининг иккинчи қисмида юридик шахснинг барча функциялари ёки уларнинг бир қисми ушбу юридик шахс филиали томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бошқа вакиллар юридик шахс вазифасини амалга ошириши мумкин эмаслигини ҳисобга олиб, суғурталовчиларга қўйиладиган талабларни аниқлаштириш мақсадида Қонуннинг 14, 15 ва 19-моддаларида “ўз вакилларига” деган сўзлар “ўз филиалларига” деган жумлалар билан алмаштирилаётир. 
Шунингдек, суғурта полиси бузилганда унинг дубликатини бериш тартиби ­белгиланмоқда.
Амалиётда транспорт воситаларини ноқонуний йўл билан эгаллаб олган шахслар томонидан уларга зарар ­етказиш каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Бунда суғурталовчи ҳам, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси ҳам жабрланувчининг ҳаёти, соғ­лиғи ва мол-мулкига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш учун қонуний асосга эга эмас. Шу боисдан Қонунга ўзгартиш киритиш орқали транспорт воситасини ноқонуний йўл билан эгаллаб олган шахс томонидан жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган ҳолларда зарарнинг кафилли қопланиши таъминланади.
Қонунда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича Тўловларни кафолатлаш жамғармасига нотижорат ташкилот мақомини бериш назарда тутилмоқда. Айни пайтда Қонуннинг 
36-моддасига киритилаётган қўшимчага биноан, Жам­ғармага унинг сўрови бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, шунингдек, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ва бошқа ­ташкилотлар томонидан тегишли ҳужжат ва хулосаларни тақдим этиш мажбуриятлари ­мус­таҳкамлаб қўйилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши транспорт воситалари эгаларининг ­фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш ишларини замонавий бозор талаблари даражасида олиб ­бориш, йўл транспорти ҳодисалари олдини олишга, аҳолининг ҳар томонлама кафолатланган транспорт хизматидан ­баҳраманд бўлишига хизмат қилади.

 

А. БУРҲОНОВ ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati