O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

25.03.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

 

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси очилади

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда махсус ишчи гуруҳнинг бўлажак ялпи мажлисни ўтказишга тайёргарлик ҳақидаги ахбороти тингланди.
Сенат қўмиталарининг раислари қўмиталарда ўтказилган мажлислар тўғрисида ва навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритилган қонунлар юзасидан хулосалар ҳамда бошқа масалалар бўйича қарорлар тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш тўғрисида фикр алмашдилар.
Кенгашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси юқори палатасининг бўлажак ялпи мажлисида асосий масала “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқишдан иборат бўлиши кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида баён этилган қонунчилик ташаббусларига мувофиқ тайёрланган ва қабул қилинган ушбу Қонун, унинг қоидалари давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришда янги босқични бошлаб беради.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилмоқда. Бўлажак ялпи мажлис кун тартибига сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ҳамма соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялашга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунлари киритилмоқда.
 Сенаторлар парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида муҳокама қилинадиган, аҳолига, биринчи навбатда, талабалар ва ўқувчиларга ахборот-кутубхона хизмати, энг аввало, интернет хизматлари кўрсатишни замонавий ахборот технологиялари асосида ривожлантиришга, маънавий бой ва баркамол авлоднинг ижодий ривожланиши учун имкониятлар яратишга қаратилган “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, одил судловни янада сифатли амалга оширишга, судларнинг вазифаларини кенгайтиришга, шунингдек, роли ва обрўсини кучайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, суғурта фаолияти субъектларининг қонуний манфаатлари тўла амалга оширилишини, суғурта хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ва аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни кенгайтиришга қаратилган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.
Жиноят процесси иштирокчилари ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга, хусусан,  хорижий давлатлардан мамлакатимизнинг тергов ҳибсхоналарига олиб келинган айбланувчиларни қамоқда сақлаш муддатларини ҳисоблаш тартибини белгилашга, давлат органларининг радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги вазифаларини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, ҳуқуқбузарни маъмурий жазодан озод қилишни ёки унга нисбатан енгилроқ маъмурий жазони фақат суд томонидан қўллаш тартибини белгилашга қаратилган қатор қонунлар ҳам таъкидлаб ўтилди. Ялпи мажлисда бошқа айрим қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масалани, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини ҳам муҳокама қилиш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масала ҳам кўрилади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий ва Олий судлари таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Муҳокама қилинган ҳамма масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati