O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

25.02.2011

Анжуман

ЎЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚАРО ТРАНСПОРТ ҲУҚУҚИНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ ВА УНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

 

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг ўзига хос ­географик ўрни, ­портларга ва йирик транспорт узелларига чиқиш имконияти йўқлиги туфайли транспорт тармоқлари ва коммуникацияларини ривожлантириш ­масалалари устувор, стратегик, ҳаётий муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро транспорт ҳуқуқи нормаларини қўллаш соҳасида илмий-амалий тажриба алмашиш, шунингдек, бу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида “Ўзбекистонда халқаро транспорт ҳуқуқи: ҳолати ва истиқболлари” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир парламент юқори палатасининг Ташқи сиёсат масалалари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда ўтказилди.
Семинарда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда транспорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга доир зарур ҳуқуқий асос яратилди. Хусусан, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва соҳага доир бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси транспортда ташишга оид қарийб 150 та халқаро шартномани ­имзолаган, 25 та конвенцияга ва 112 та бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилган.
Шу билан бирга, транспорт тармоқлари ва коммуникацияларини модернизация қилишда халқаро ҳамкорликни изчил ­ривожлантириб бориш, шунинг­дек, мамлакатимизнинг ўз транзит-транспорт салоҳиятини рўёбга чиқариш зарурати ­миллий транспорт қонунчилигини хорижий тажрибани ­ўрганиш асосида янада такомиллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда. 
Дарҳақиқат, юртимизда замонавий транспорт коммуникация тизимини яратиш, халқаро аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бунда асосий эътибор мамлакатимизнинг бар­қарор тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилмоқда. Ҳозир биргина халқаро аҳамиятга молик бўлган автомобиль йўллари узунлиги қарийб 4 минг километрга етгани, давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларининг узунлиги эса 14 минг километрдан ошгани эътиборлидир.
Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар томонидан миллий транспорт коммуникацияларини такомиллаштириш ва халқаро транспорт тизимларига интеграциялаш бўйича ишлаб чиқилаётган бир қатор дас­турларнинг фаол иштирокчисидир. Мамлакатимизни Афғонис­тон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан боғлайдиган “ўузор — Бухоро — Нукус — Бейнов” А 380-автомобиль йўлининг 220 километрини реконструкция қилиш лойиҳасини молиялаш учун Осиё тараққиёт банки томонидан 600 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ­ажратилганлиги Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнидаги муҳим роли тан олинаётганлигидан гувоҳлик беради. “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК мутахассислари томонидан “Ҳайратон — Мозори ­Шариф” темир йўли қурилиши тамомланганлиги минтақада мутлақо янгича геоиқтисодий вазиятни вужудга келтирди.
Семинарда сўзга чиққан Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси экспертлари халқаро транспорт ҳуқуқи ­нормаларини эркин иқтисодий зоналарда қўллаш, шунингдек, халқаро транспорт йўлаклари соҳасидаги Германия тажрибаси билан таништиришдан ташқари, Ўзбекистонда транспорт коммуникациялари соҳасидаги миллий қонунлар изчил ривожланиб бораётганлигини, бу ҳужжатлар ушбу соҳада амал қилиб турган халқаро нормаларнинг талабларига тўла мос эканлигини ҳам айтиб ўтдилар.
Тадбир қатнашчилари миллий ва халқаро транспорт ҳуқуқини, бу соҳадаги хорижий мамлакатлар қонунчилигини, халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ривожлантириш, уларни қўл­лашга, транспорт ҳуқуқини ­такомиллаштиришга қаратилган ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш бўйича батафсил тажриба алмашдилар.
Семинарда транспорт ҳуқуқидан фойдаланиш, барқарор тараққиётимиз учун стратегик аҳамиятга молик бўлган халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтадиган транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ҳамда жозибадорлигини оширишга доир қонунчиликни янада такомиллаштириш соҳасидаги ҳуқуқий ва институциявий вазифаларни ҳал қилишга йўналтирилган ­комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳам ­таъкидланди.
Шундай семинар 23 февралда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасининг бизнес марказида ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашчилари ва ­халқаро экспертлар, шунингдек, халқаро андозадаги тўлақонли транспорт-коммуникация маркази бўлган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил этиш ва фаолият юритиши учун зарур норматив-ҳуқуқий ва моддий-техникавий базани, ташкилий шарт-­шароитларни яратиш борасида ғоят қисқа муддатда амалга оширилган ишлар натижалари билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Семинарлар ишида сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг, олий ўқув юртлари ҳамда илмий ­марказларнинг вакиллари, ГФР ­Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси, БМТ Тараққиёт дастури мутахассислари ва экспертлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг ­вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati