O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси олдидан

 

Интеллектуал мулкнинг Қонуний кафолати

Бозор иқтисодиётига жадал ўтиш, мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттиришнинг муҳим талабларидан бири интеллектуал мулкнинг қонун билан кафолатланганлигидир. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида интеллектуал мулк муҳофазага олиниб, ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституция ва қонунларимизда интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, ташкилий чоралар кўрилди.

Хусусан, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ҳамда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Патент идораси саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни, маълумотлар базаларини, интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини таъминлаб, бу борада ҳуқуқий хизматлар кўрсатиб келди. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги эса муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиб, фуқароларнинг бу борадаги ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда фаол иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 24 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ҳамда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги негизида Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилди.

Агентлик интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазалаш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ҳамда бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазалаш, интеллектуал мулк объектлари эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни амалга оширади. Айни чоғда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва бошқа интеллектуал мулк объектлари экспертизасини ўтказиш ҳамда уларни давлат рўйхатига олиш, инновациявий технологиялар ва ихтироларни, илмий-техникавий ҳамда саноат ишланмаларини, бадиий-конструкторлик ва ижодий ишларнинг бошқа турларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашиш, патент ҳужжатларининг давлат фондини ҳамда интеллектуал мулкнинг расман рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг сақланишини таъминлаш ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш ҳам агентлик фаолиятининг асосий вазифаларидан этиб белгиланди. Шу билан бир қаторда, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазалаш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш, республика ҳудудига қалбаки товарларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва айланишига чек қўйиш чораларини кўришда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликни амалга ошириш, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулк соҳасида кадрларнинг малакасини юксалтириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш бўйича тегишли ишларни олиб бориш ҳам агентлик зиммасига юклатилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда интеллектуал мулк соҳаси ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисми бўлиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигининг ташкил этилиши юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда, республикамизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада изчил интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, тизимдаги бу янгиликлар интеллектуал мулк соҳасидаги бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, ушбу ҳужжат билан “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши интеллектуал мулк соҳасидаги қоида ва атамаларни бир хилда қўллаш, унификациялаш, юридик ва жисмоний шахсларни ортиқча молиявий харажатлардан халос этиш, шунингдек, интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини муҳофазалаш усулларини кенгайтиришга хизмат қилади.

И. МИРЗААЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 24.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati