O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси олдидан

Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш — асосий мақсад

Мамлакатимизнинг транспорт-коммуникация ва транзит салоҳияти беқиёс бўлиб, уни янада ривожлантириш борасида Президентимиз раҳнамолигида мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб аниқ мақсадга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунда асосий эътибор янги темир йўллар қуриш, амалдагиларини реконструкция қилиш ва электрлаштириш, йўловчилар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, янги йўналишларни ташкил этиш, ҳаракатдагиларини янгилаш ва модернизация қилиш масалаларига қаратилмоқда.

Темир йўл тармоғида амалга оширилган бу ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиёти учун кенг имкониятлар яратди. Шунингдек, мазкур ислоҳотлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани шакллантириш, темир йўл ўтган жойлардаги фойдали қазилма конларини комплекс ўзлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва ниҳоят, одамларнинг узоғини яқин қилиш имкониятларини ҳам кенгайтирди.

Маълумки, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, темир йўл транспорти корхоналарига йўловчилар, багаж, юк багажини ўз вақтида манзилга етказиш, вокзалларда ва поездларда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти юкланган. Бу борада республикамизда самарали ишлар амалга оширилаётир.

Жумладан, темир йўлдаги хавфсизликни таъминлаш, турли фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча темир йўл вокзалларида, бекатлари ҳамда объектларида хавфсизлик чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган темир йўл кўприкларини қўриқлаш йўлга қўйилган.

Мамлакатимиз пойтахтининг Марказий темир йўл вокзалидаги 2 та кириш-чиқиш жойлари махсус ёпиб-очиладиган мосламалар билан жиҳозланди. Вокзалнинг марказий кириш жойига 2 та рентгенотелевизион интраскоплар ўрнатилди ва хавфсизликни таъминлашнинг бошқа чоралари ҳам кўрилди.

Кейинги йилларда қабул қилинган темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари ҳам мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Энг муҳими, бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Бироқ дунё миқёсида содир этилаётган террорчилик ва бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар, фавқулодда ҳолатлар юртимизда ҳам бундай салбий воқеликлар юз беришининг олдини олиш чоралари кучайтирилишини тақозо қилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шу мақсадга йўналтирилган. Ушбу Қонун амалдаги “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12 ва 26-моддаларига ўзгартишлар киритишни ҳамда уни янги 201-модда билан тўлдиришни назарда тутади.

Хусусан, Қонунга темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига, жамоат хавфсизлиги ҳамда давлат барқарорлигига таҳдид солувчи фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида йўловчилар ва фуқароларнинг вокзалларга кириши ҳамда у ерда бўлиши тартибини мустаҳкамлайдиган ўзгартиш киритилмоқда. Яъни унга кўра, ваколатли органларга вокзалга киришда белгиланган тартибда фуқароларнинг қўл юкини, багажини кўздан кечириш ҳамда йўловчилар ва бошқа шахсларни шахсий кўздан кечиришдан ўтказиш, кўздан кечириш рад этилган тақдирда, вокзалга киришни тақиқлаш, йўловчиларни эса ташишга қўймаслик ҳуқуқи берилмоқда. Бу норма, албатта, темир йўлда амалга оширилиши мумкин бўлган турли таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу ўзгартиш билан кўздан кечиришни ўтказиш тартиб-тамойиллари ҳамда йўловчилар ва бошқа шахсларнинг вокзалларда бўлиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат назорати билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий амалиётни ўрганиш шуни кўрсатдики, аксарият давлатларда бундай назорат тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган ва у қонунларда мустаҳкамланган.

Мамлакатимизда эса темир йўл объектларидаги хавфсизликни таъминлаш самарали амалга ошириб келинаётган бўлса-да, бироқ темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлаш устидан давлат назорати органларини белгилаш масаласи қонунда назарда тутилмай, очиқ қолган эди. Шу боис “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган 201-моддада темир йўлда ташиш хавфсизлигининг таъминланиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органлар белгилаб қўйилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Қонуннинг кучга кириши, албатта, йўловчиларнинг, темир йўл транспорти ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза этиш ҳамда темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ю. ТУРСУНБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 24.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati