O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлиси Сенати

Ёшлар бандлигини таъминлаш — долзарб вазифа

 

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида вилоятда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли вазирлик ва бошқармалар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
 
Мажлисда вилоятда Президентимизнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда, коллеж битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан, вилоятдаги 130 та касб-ҳунар коллежини битирган 35 минг нафар битирувчининг 32 минг нафардан зиёди ишга жойлаштирилган. Муҳими, уларнинг аксарияти доимий ҳамда истиқболли иш ўринларига эга бўлишди. Бу борада меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари томонидан ўтказиб келинаётган “Бўш иш ўринлари” ярмаркалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида улар томонидан 51 марта ана шундай тадбир ўтказилиб, 3 минг нафардан ортиқ битирувчилар бандликка кўмаклашиш бўйича туман ва шаҳар бўлимлари квотаси асосида ишга жойлаштирилгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Тадбирда корхона ва коллеж ҳамкорлиги борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, вилоятдаги қатор йирик саноат корхоналари билан кўплаб коллежлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди. Бу эса битирувчиларнинг тўғридан-тўғри ишга жойлашишида қўл келаётир. Буни вилоятдаги 42 та йирик корхона билан 7 мингдан зиёд битирувчини ишга жойлаштириш бўйича имзоланган шартнома ижроси босқичма-босқич таъминланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни чоғда битирувчилар молия муассасалари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 185 нафар битирувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этилиб, ушбу мақсадлар учун тижорат банклари томонидан бир миллиард 349 миллион сўмлик кредитлар ажратилди.
Шунингдек, тадбирда бу борадаги айрим камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Чунончи, баъзи жойларда аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича туман ва шаҳар бўлимлари квотаси асосида ишга жойлаштириш суст бораяпти. Мазкур масала юзасидан мониторинг ишлари эса етарлича ташкил қилинмаган.
Қўшма мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

А. МУҲАММАДИЕВ
«Халқ сўзи» мухбири

"Халқ сўзи" газетаси, 23.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati