O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Мукаммал қонунлар — тадбиркор суянчи

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи кучига айланиб бормоқда. Чунончи, сўнгги ўн йилликда республика ялпи ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 31 фоиздан 52,5 фоизга етгани ниҳоятда қувонарлидир.

Бундай натижа, албатта, юртимизда соҳа ривожига юксак эътибор қаратилаётганидан, солиқ юкининг босқичма-босқич пасайтирилаётганидан, қолаверса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонуний кафолатлари изчил мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий топтириш мамлакатни ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг асосий йўналишига айланган. Буни соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, солиқ имтиёзи ва бошқа преференциялар бериш, қулай бизнес муҳити яратилаётганида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда мустақиллик йилларида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими бутунлай такомиллаштирилиб, асоссиз текширувларга барҳам берилди. Хусусан, 2010 йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш 2001 йилдагига нисбатан 6,1 баробарга камайган.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу натижаларни янада мустаҳкамлашда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний, асоссиз аралашувларнинг олдини олишда айни муддаодир. Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжат тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёз ва қулайликлар яратилишини назарда тутмоқда. Унга мувофиқ, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекис­тон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур Қонун мамлакатимиз Президентининг шу йил 4 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талаблари асосида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган.

Ушбу Фармонга биноан, давлат ва назорат органларининг корхоналар молия-хўжалик фаолиятига аралашувини тубдан қисқартириш, текширишларни ташкил қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига асоссиз аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш, шу асосда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида янги тартиб жорий этилди. Хусусан, текшириш ўтказилиши режалаштирилган тадбиркорлик субъектларидан 171 таси 2011 йилги режа жадвалидан чиқарилди.

Бу тартиб сенаторлар томонидан муҳокама этилиши кутилаётган “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан мустаҳкамланаяпти.

Хусусан, Қонунга мувофиқ, янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди. Акциз солиғига тортиладиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти бўйича текширувлар улар давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида амалга оширилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, амалдаги қонунчиликка биноан, янги ташкил этилган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки 2 йилда режали текширувлардан ўтказилмас эди.

Маълумки, амалдаги қонунчиликка кўра, текширувни ўтказиш муддати ўттиз календарь кунидан ошмас эди. Бироқ алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори билан узайтирилиши мумкин эди. Эндиликда эса янги Қонунга биноан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш муддатларининг қонун ҳужжатларида уларни ўтказиш назарда тутилган максимал муддатдан, яъни 30 календарь кунидан ортиқ муддатга узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Мухтасар айтганда, Қонун давлат ва назорат органларининг корхоналар молия-хўжалик фаолиятига аралашувини тубдан қисқартириш, текширишлар тизимини янада такомиллаштириш ҳамда мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига асоссиз аралашгани учун жавобгарлигини кучайтириш, энг муҳими, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали муҳофаза этишга хизмат қилади.

И. ЭШМИРЗАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 23.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati