O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

23.04.2011

Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият

 

Президентимизнинг 2011 йил 6 апрелдаги қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишлаб амалга ошириладиган “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” шиори остидаги дастурга мувофиқ, аҳоли ўртасида шу йилнинг 25 апрелидан 25 майига қадар “Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият” мавзуида ойлик эълон қилинди. Ушбу ойлик жараёнида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ҳуқуқий ҳужжатларни тарғиб қилиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режалаштирилган бўлиб, бунинг замирида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва пировардида ҳуқуқий демократик давлат ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдек эзгу мақсад мужассамдир.
Дарҳақиқат, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда фуқароларнинг юксак ҳуқуқий маданияти муҳим аҳамият касб этади. Чунки фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юқори даражада бўлиши демократик давлатнинг муҳим хусусиятидир. Айниқса, юртимизда амалга оширилаётган ҳозирги бозор ислоҳотлари жараёнида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва шу йўл билан уларнинг бу жараёндаги иштирокини кучайтириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу борада муҳим бир омилга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Гап шундаки, ҳуқуқий маданият даражаси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки уларнинг жамият ва давлат бошқарувини ислоҳ қилишдаги ўрни ҳамда амалдаги ижроси билан белгиланади. Бунда одамларда қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳуқуқий меъёрлар одамлар онги ва шууридан чуқур жой олиб, амалиётга тўлиқ татбиқ этилсагина, қонун амалда яшайди ва ундан кўзланган мақсадлар рўёбга чиқади.
Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласига алоҳида урғу бердилар. Жумладан, жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши, бу борадаги ислоҳотлар муваффақияти, кўп жиҳатдан, одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасига боғлиқлиги ҳамда юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичи эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу муносабат билан, бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ушбу йўналишдаги таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғуси янада ортишига хизмат қилади. 
Шу ўринда айтиш лозимки, бу масала кеча ёки бугун кўтарилгани йўқ, балки истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотлар, ўз навбатида, фуқаролар ҳуқуқий онги, сиёсий маданиятини юксалтиришга замин яратиб, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга хизмат қилиб келаётир. Бунда, албатта, икки палатали парламент ислоҳотлари амалга оширилгани, сиёсий партиялар ролининг кенгайтирилгани, сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилгани, суд-ҳуқуқ тизимининг либераллаштирилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни 2009 йил декабрь ойида ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловлар натижалари, шунингдек, Президентимиз Концепциясида қайд этилганидек, фуқароларнинг судлар орқали ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўлами бутунлай ортгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳуқуқий маданият даражаси фақатгина қонунларни билиш, ҳуқуқий маълумотдан хабардор бўлишдан иборат эмас. У — қонунларга амал қилиш, уларга бўйсуниш маданияти демакдир. У — одил судни ҳурмат қилиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиш эҳтиёжи демакдир.
Аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришда таълим соҳаси имкониятларидан кенг фойдаланилаётганлигини ҳам айтиш жоиз. Хусусан, ёш авлод онгида қонун устуворлигини таъминлаш, йигит-қизларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш Кадрлар тайёрлаш миллий дастури моҳиятига сингдирилган. Бунда, айниқса, 1997 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури қўл келди. Мазкур ҳужжатда жамият ва давлат ижтимоий фаол ва қонунга итоаткор фуқароларни тарбиялашдан манфаатдор экани, давлат жамият маданий ҳаётининг таркибий қисми бўлмиш ҳуқуқий маданият тўғрисида алоҳида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйилган. Зеро, ҳуқуқий таълимнинг мақсади ҳар бир кишига амалий фаолиятда зарур бўладиган ҳуқуқий билимларни белгиланган давлат стандартлари ҳажмида олиш имкониятини беришга қаратилгандир.
Хуллас, мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласига давлат даражасида эътибор кўрсатиб келинмоқда. Мазкур ойлик бу борадаги ишларимизни янги босқичга кўтаришга қаратилган бўлиб, бизни ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадга янада яқинлаштиради. Шу маънода, ушбу ойликда барчанинг бирдек фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Мамазоир ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati