O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

23.03.2011

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси олдидан

Ахборот-кутубхона фаолиятининг ҳуқуқий кафоллати

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ҳам муҳокама этилади. Ушбу ҳужжат кутубхона тармоғини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, ёш авлоднинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етишига йўналтирилган янги ахборот марказларини ташкил этиш, халқимизнинг маданий, маънавий-ахлоқий қадриятларини асраб-авайлаш, шунингдек, мамлакат аҳолисини ахборот билан кенг ва тизимли равишда таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳозирги вақтда юртимизда ахборот-кутубхона муассасаларининг умумий сони 12 мингдан ортиқ бўлиб, шулардан 14 таси ахборот-кутубхона маркази, 3000 га яқини ахборот-ресурс марказлари ҳамда 9078 таси давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари кутубхоналаридан иборатдир.
Таъкидлаш керакки, айни пайтда республикамизда ахборот-кутубхона фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2010 йилда Давлат бюджетидан ахборот-кутубхона муассасалари учун 47 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шу билан бирга, 2010 — 2015 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган барча ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари ва кутубхона муассасалари электрон кутубхонасини босқичма-босқич шакллантириш ҳамда интеграциялашган ахборот-кутубхона тармоғини яратиш бўйича дастурни амалга ошириш мақсадида бюджет, шунингдек, ҳомийлик маблағларини жалб этиш ҳам кўзда ­тутилган.
Ахборот-кутубхона фаолиятини изчил ривожлантириш, фойдаланувчиларга, жумладан, ахборот-коммуникация техноло­гия­ларидан фойдаланган ҳолда янги хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишни давр тақозо этмоқда.
“Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг долзарблиги шундаки, унга кўра, ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш, уларнинг маънавий-маърифий юксалишига, шунингдек, миллий қадриятлар ва жаҳон маданияти дурдоналаридан баҳраманд бўлишларига шароит яратишга қаратилгандир.
Шу ўринда “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши мамлакатимизда соҳа фаолиятини ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш зарур.
Мазкур ҳужжат ахборот-кутубхона соҳасидаги давлат сиё­сатини ва ахборот-кутубхона фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини белгилаб беради.
Қонунда ахборот-кутубхона фаолиятининг мақсад-вазифалари, шу жумладан, фуқароларнинг ахборот-кутубхона ресурс­ларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, халқимизнинг тарихий, маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш, миллий-маданий қадриятларимизни янада ривожлантириш ҳамда қайта тиклашга кўмаклашиш масалалари қамраб олинган. Шунингдек, Қонун билан ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида давлат бошқарувини амалга оширадиган ваколатли орган ҳамда кутубхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари аниқлаштирилмоқда. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг фаолият йўналиши ҳамда мақоми аниқ белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиш тартиби, ушбу хизматлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўрнатилмоқда.
Айни пайтда Қонун ахборот-кутубхона фаолиятининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ҳисобга олган ҳолда асосий тамойилларини, мамлакатимиздаги турли идоралар ахборот-кутубхона институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг эркин ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, уларнинг миллий қадриятлар ва дунё маданиятидан баҳраманд бўлишига шароит яратади. Бу ҳужжат ахборот-кутубхона институтларининг юртимиз ва дунё ахборот жамиятида етакчи ўрин эгаллашига хизмат қилади.
 “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, республика аҳолисига кутубхоналар замирида ташкил этилган ахборот-ресурс марказлари орқали ахборот, маънавий-маърифий ва таълим бўйича хизматларнинг янги турларини шакллантиришнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашга замин яратади. Шунингдек, кутубхоналарнинг ахборот-кутубхона марказлари ҳамда ахборот-ресурс марказлари сифатидаги мақомини мустаҳкамлаб, мамлакатимиз ахборот-кутубхона тизимини такомиллаштиришни таъминлайди.

Ҳ. ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Сенатининг Фан,
таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati