O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

23.03.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ҳуқуқий ва институционал асосларни такомиллаштириш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда устувор вазифадир

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги ролини янада кучайтириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва пировардида халқаро бозорларга чиқиши билан боғлиқ ҳуқуқий ва институционал муаммоларни ҳал қилиш юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Президентимиз Ислом Каримов ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг энг долзарб вазифалари ҳақида гапириб, мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес, биринчи навбатда, хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини янада кенгайтиришни таъминлай оладиган қонунларни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодиёт ва прогнозлаштириш институтида 2011 йил 18 мартда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари халқаро бозорга чиқишининг ҳуқуқий ва институционал муаммолари” мавзуида бўлиб ўтган давра суҳбати ана шу ва бошқа масалаларни муҳокама қилишга бағишланди. Давра суҳбати Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ўтказилди.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, 2010 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ва шунга мувофиқ, унинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги роли анча ошди. Бунда кичик бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар анча қўл келди. Чунончи, ўтган йил давомида уларга ажратилган кредитлар ҳажми 1,4 баравар кўпайиб, 2 триллион 700 миллиард сўмни ташкил қилди, берилган микрокредитлар миқдори эса 485 миллиард сўмдан ошиб кетди. Бу 2009 йилдагидан бир ярим баравар кўпдир. 2010 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 52,5 фои­зи кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилди, шу билан бирга, мазкур соҳа бандликни таъминлашда тобора муҳим омил ҳамда барқарор даромад манбаига айланмоқда. Мамлакатда иш билан банд аҳолининг 74 фоиздан ортиғи айни шу соҳада меҳнат қилаётгани ҳам эътиборлидир. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 2010 йилда 480 мингта иш ўрни яратилди.
Давра суҳбатида ҳозирги вақтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг аксарияти савдо, хизматлар ва алоқа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида ­фаолият юритаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Кичик бизнес субъектлари ­томонидан ишлаб чиқарилаётган ­экспорт маҳсулотининг улуши пастлигича (14,7 фоиз) қолмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали мажлисдаги маърузасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапириб, “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кўзга яққол ташланиб турган афзалликлари ва катта имкониятлари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Лекин бугунги кунда Ўзбекистонда бу соҳада ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият ва имкониятлар мавжуд эканини, дунёдаги тараққий топган давлатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ялпи ички маҳсулот ҳажмида етакчи ва ҳал қилувчи ўринни эгаллаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу йўналишда қиладиган ишларимиз нақадар кўплиги аён бўлади”, деб таъкидлади. Шу муносабат билан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дас­турида белгиланган вазифалар бундан буён ҳам хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг ишончли тарзда ҳимоя қилинишини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши учун ғоят қулай ишчан муҳитни яратиш, бу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширишни талаб қилади.
Анжуманда сўзга чиққан сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек, кичик бизнес вакиллари мамлакатимиз ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларининг халқаро бозорда рақобатбардошлигини оширишга, уларнинг экспорт ­имкониятларини кучайиштиришга, экспорт­га мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришдан манфаатдорлиги янада юксалишига хизмат қилажагини қайд этдилар. Шунингдек, улар мамлакатимиз корхоналарининг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш иқтисодий ­ўсишнинг ғоят муҳим йўналиши ­эканлигини ва ҳозирги талаблар ҳамда тамойилларга тўла-тўкис мос эканлигини таъкидладилар.
Муҳокамада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишини ҳуқуқий-институционал таъминлашга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини тайёрлашни тезлаштириш, фан ва технологияларнинг илғор ютуқларига асосланган саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасида иштирок этиши, минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиши масалаларини ҳал қилиш тўғрисида аниқ таклифлар билдирилди. Давра суҳбати қатнашчилари муҳокама якунлари бўйича ­тегишли тавсияларни қабул қилдилар.
Давра суҳбати ишида сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирликлар ҳамда ­идораларнинг мутахассислари ва эксперт­лари, кичик бизнес ҳамда ­оммавий ахборот воситаларининг ­вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati