O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси олдидан

 

Профессионал солиқ маслаҳати
солиқ муносабатларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади

Бугун мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чуқур ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунончи, бу борадаги қонунчиликнинг изчил такомиллаштирилаётгани, турли молиявий ва ташкилий-иқтисодий имтиёзлар берилаётгани, янги хизмат турлари яратилаётгани ана шулар жумласидандир.

Албатта, мазкур ислоҳотларни ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш жараёнида жисмоний ҳамда юридик шахслар фаолиятида солиқ маслаҳатининг аҳамияти ниҳоятда катта. Зеро, бу хизмат орқали турли хўжалик юритувчи субъектлар, фуқаролар профессионал солиқ маслаҳатларини олиб, ўз солиқ муносабатларини тартибга соладилар. Мамлакатимизда солиқ маслаҳати 2006 йилдаги “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ҳаётга татбиқ этилган. Ушбу Қонун қабул қилингандан буён аҳоли ўртасида солиқ хизматини оммалаштириш, уни ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада юртимизда бундай хизмат кўрсатадиган солиқ маслаҳати ташкилотлари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бунда, айниқса, солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига қулай шароитлар яратиш мақсадида 2010 йилдан солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Маълумки, амалдаги “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар фақат солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан шартнома асосида кўрсатилиши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилган.

Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган мазкур ҳужжат солиқ маслаҳати ташкилотлари фаолияти соҳасини янада кенгайтиришни таъминлаш, республикада солиқ маслаҳати институтини мустаҳкамлаш ва самарали ривожлантириш мақсадида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчилари тизимини ўз ичига қамраб олган.

Шу ўринда мазкур Қонуннинг яна бир муҳим жиҳатини айтиб ўтиш жоиз. Қонунда солиқ маслаҳатини амалга оширувчи ташкилотлар ўз мижозларининг давлат солиқ хизмати органларида, шунингдек, солиқ низосини судгача ҳал қилиш тартиби давомида ҳамда судда ваколатли вакили сифатида иштирок этиши мумкинлиги кўзда тутилган. Айни чоғда солиқ текширувлари ўтказилаётган пайтда ҳам солиқ солиш масалалари бўйича хизматлар кўрсатилиши белгиланмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, бу борадаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши солиқ маслаҳатини амалга оширувчи субъектлар масъулиятини кучайтириб, кўрсатилажак хизматлар сифатини янада яхшилашни кўзда тутади.

Ш. ХАМРАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 22.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati