O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ҲАМКОРЛИК ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНМОҚДА

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси Раиси У Банго раҳбарлигидаги Хитой Халқ Республикаси парламент делегацияси аъзолари 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Илгизар Собиров билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар каби кўплаб соҳаларда, жумладан, парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Изчил тараққий этаётган Ўзбекистон — Хитой муносабатлари икки давлатнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро амалий ҳамкорликнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси парламент делегациясининг Хитойга ташрифи икки давлат парламентлари ҳамкорлигига янги суръат бахш этди.   

Музокарада Хитой Халқ Республикаси парламент делегациясининг ушбу ташрифига Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш жараёнининг мантиқий давоми сифатида қаралиши қайд этилди.

— Ўзбекистон истиқлол йилларида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди, — деди У Банго. — Мамлакатингизда сиёсий-ижтимоий барқарорлик ҳукм сурмоқда, иқтисодиёт, аҳолининг турмуш даражаси муттасил юксалмоқда. Президент Ислом Каримовнинг шу йилнинг апрель ойида Хитойга амалга оширган давлат ташрифи ғоят самарали бўлди. Ушбу ташриф чоғида давлатларимиз раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Ўзбекистонга ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад давлатларимиз раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришдан иборатдир.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб масалалар муҳокама этилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан Хитой Халқ Республикасининг Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Хитой делегацияси ташрифи доирасида, шунингдек, техник-иқтисодий, нефть-газ, кимё, тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамкорлик бўйича ҳам қатор ҳужжатлар имзоланди.

Шу куни У Банго раҳбарлигидаги делегация аъзолари пойтахтимиздаги «ОсиёТрансГаз» қўшма корхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишдилар.

Хитойлик юксак мартабали меҳмон Мустақиллик майдонида бўлиб, бу ерда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюриб, Амир Темур ва темурийлар ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатларни кўздан кечирди.

ЎзА, "Халқ сўзи" газетаси
22.09.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati