O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

22.04.2011

Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари

 

ФУҚАРОЛАР ЙИFИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ) ВА УНИНГ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ САЙЛОВИНИНГ ТАШКИЛИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий ва ҳуқуқий асослари” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Унда сенаторлар ва депутатлар, Сенат Кенгаши комиссиясининг аъзолари, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссия­лари раислари, вилоятлар ҳокимликларининг вакиллари, “Маҳалла” жамғармасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек, юртимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимизда 9973 та ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳозир уларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан ташкилий ишлар олиб борилаётир.
Парламент юқори палатаси Кенгашининг 31 мартда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, жорий йилнинг май-июнь ойларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига навбатдаги сайлов ўтказилиши эълон қилингач, жойларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари ва фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ахборот-тушунтириш тадбирлари бошланиб, аниқ ташкилий ишлар бажарилмоқда.
Семинарда мамлакатимиз Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурилган Концепцияда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди.
Жумладан, Концепциядан келиб чиққан ҳолда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги ролини оширишни, улар кўмагида мулкдорлар ўрта синфини шакллантириш, хусусий секторни, кичик бизнес, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш, қисқача айтганда, маҳаллани кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш марказига айлантиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Зеро, сўзга чиқувчилар фикрича, бундай вазифаларни муваффақиятли бажариш орқали аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, унинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва пировардида кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш мумкин бўлади.
Бўлиб ўтадиган сайловда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини теран ҳис этадиган, ишбилармон, одамларни ўзига эргаштира биладиган юртдошларимизнинг раис ва унинг маслаҳатчилари этиб сайланиши ушбу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини беради. Сайловда 9973 нафар раис ва 90 минг нафардан ортиқ маслаҳатчи сайланиши мўлжалланмоқда. Бу масъулиятли лавозимларга муносиб кишиларнинг танлаб олиниши муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, семинарда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий ва ҳуқуқий асослари”, “Сайлов жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиш”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловига кўмаклашувчи комиссиялар вазифалари”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларнинг вазифалари”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатиш жараёни”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш жараёнида амалга ошириладиган ишлар” мавзуларида маърузалар қилиниб, бу масалалар иштирокчилар томонидан кенг муҳокама этилди.
Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари 
раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда 
ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati