O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

22.02.2011

Парламент назорати — амалда

Олий Мажлис юқори палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси

 

Олий Мажлис юқори палатаси Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2010 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси Н. Умаров ўз ҳисоботида қўмитанинг фаолияти ўтган даврда мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қўйилган вазифаларни бажаришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунларга риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлашга, мамлакатда экологик вазиятни соғ­ломлаштиришга ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилганлигини кўрсатиб ўтди. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури тадбирлари бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда. Дастурни рўёбга чиқариш мақсадида шу йил 1 январь ҳолатига кўра, 275 миллиард сўм, 371,7 миллион АҚШ доллари ва 16,05 минг евро ўзлаштирилган.
Табиатни муҳофаза қилиш бўйича республика ва ҳудудий ҳаракат дастурлари тадбирлари бажарилиши ҳамда мамлакатда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилиши натижасида юртимизда атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар 12,53 минг тоннага қисқарган. Бунда 21,6 минг донадан ортиқ автотранспорт воситаси газ ёнилғисига ўтказилгани, 114 км. темир йўл электрлаштирилгани, “Навоийазот”, “Фарғона­азот” ва “Максам-Чирчиқ” ОАЖларида атмосферага азот чала оксидини чиқариб ташлашни қисқартириш бўйича янги технологиялар ўрнатилгани муҳим аҳамият касб этди.
Олий Мажлис Сенатининг қарорларини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 29 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол қатнашди. Уларнинг бир қисми 2010 йил декабрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда рўёбга чиқарилди. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан қўмита томонидан ҳозирги вақт­гача сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир бир қанча қонуности ҳужжатлари тайёрланди.
Шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Эко-Энергия” маркази томонидан Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Янги бино шаҳарчасида “Шамол энергиясида ишлайдиган чуқурлик насослари ёрдамида ер ости сувларини кўтариш йўли билан олис аҳоли пункт­лари аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлашни яхшилаш”, Қашқадарё вилоятида “Кичик сув ҳавзаларида кўргазмавий мини-ГЭС қуриш” ҳамда “Қибрай Голд Хэндс” фермер хўжалигидаги тажриба участкасида паррандачилик фермалари чиқиндиларини экологик зарарсизлантириш ва утилизация қилиш” лойиҳалари бажарилди.
Ҳисобот даврида қўмита миллий ижро этувчи агентлик бўлган табиатни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор халқаро лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Чунончи, Марказий Осиё мамлакатларини барқарор ривожлантириш бўйича давлатлараро комиссия фаолияти доирасида Тошкент шаҳрида Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича Марказий Осиё минтақавий маркази фаолияти билан боғлиқ ишлар бажарилди. Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича 2011 — 2015 йилларга мўлжалланган учинчи дастурни ишлаб чиқишда иштирок этилди. Мамлакатимизнинг Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ­доиравий Конвенцияга қўшилиши ҳамда “Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш бўйича субминтақавий стратегия” ло­йиҳасини келишиш юзасидан фаолият олиб борилди. Минтақа мамлакатлари учун табиатни муҳофаза қилишга доир Марказий Осиё минтақавий семинари ва Марказий Осиё мамлакатларини барқарор ривожлантириш бўйича давлатлараро комиссия мажлиси ўтказилди. “Баркамол авлод йили” Давлат дастури доирасида ҳам бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Экологик билим ва таълимни тарғиб қилиш бўйича ишлар ­кучайтирилди.
Мажлис қатнашчилари Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятидаги айрим камчилик ва ҳал қилинмаган масалаларга эътиборни қаратдилар. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари республика ва ҳудудий дастурлари тадбирларини рўёбга чиқариш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор бердилар. Шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги мавжуд салоҳиятни янада ривожлантириш, бу соҳада фан-техника тараққиёти ютуқларидан унумли фойдаланиш, экологик тоза ва ресурсларни тежайдиган технологияларни амалиётга жорий этиш ­зарурлиги таъкидланди.
Юқори палатанинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ушбу масалани Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш учун уни Сенат Кенгаши мажлиси муҳокамасига ҳавола этиш ҳақида қарор қабул қилди.
Мажлисда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий қўмиталарнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati