O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

21.04.2011

БУЮК ВА МУҚАДДАС ВАТАН ТАРАННУМИ

яъни мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги олдидан
ўтказиладиган тадбирлар юксак савияда ташкил этилади

 

Юртимизда бу йил мустақиллик байрами тантанлари ўзгача шукуҳ билан нишонланади. Чунки истиқлолимизнинг йигирма йили давомида халқимиз эришган бетимсол ютуқлар, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлгани, чирой очган шаҳару қишлоқларимиз, муҳими, буларни қалбан ҳис этаётган фуқароларимизнинг кўтаринки кайфияти ҳам шуни тақозо қилаётир. Юртимизда юнг улуғ, энг азиз байрамимизга тайёргарликнинг аллақачон бошлаб юборилгани шундан далолат.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламалдир. Ушбу қарор асосида махсус дастур тасдиқланди. Унда жами 140 дан ортиқ тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Байрамни ўтказиш билан боғлиқ барча тайёргарлик ишлари ва тадбирлар “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” деган шиор остида ташкил этилади.
Албатта, бундай тадбирлар мазмун-моҳиятида мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамияти институтларини шакл­лантириш билан боғлиқ узлуксиз ҳамда тадрижий тарзда амалга оширилган изчил ислоҳотлар самараси акс этиши лозим. Зеро, эришилган ютуқлар кўламини чуқур ҳис этишимиз мамлакатимизнинг кейинги тараққиётига қўшадиган ҳиссамизни янада оширади. Қолаверса, катта довонлар олдида сарҳисоб қилиш, ўтган кунлардан рози бўлиш инсон қалбида шукроналик туйғусини шакллантиради, фахру ифтихорни юксалтиради. Бундай руҳият эса кишини улкан мақсадлар сари етаклайди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлаш борасида ҳозирги кунда амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, Парламент палаталари томонидан 25-апрелдан 25-майга қадар «Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият» ҳуқуқий саводхонлик ойлиги тадбирлари ўтказилиши ҳам шундан далолат. Мазкур тадбир моҳиятида ҳам мустақиллик йилларида ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида эришилган ютуқ ва марраларни кенг намоён этувчи маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот ишлари мужассамлаштириляпти.
Барчамизга аёнки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Конституциямизнинг муқаддимасида қайд этилганидек, миллий давлатчилигимизни инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибаси, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашдек эзгу мақсадларга эришишга интилдик. Интилганга толе ёр, деганларидек, истиқлолимизнинг биринчи ўн йиллиги давомида ўтиш даврига хос қийинчиликларни бартараф этиб, ҳаётнинг синовларини енгиб ўтдик. Бар­қарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг изчил ва тизимли йўналишларини эгаллашга муваффақ бўлдик. Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, мустақиллик йилларида жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнида юртимизда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлиги амалда рўёбга чиқарилгани туфайлидир.
Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланади. Чунки замонавий миллий давлатчиликнинг моҳиятида демократияга хос ҳуқуқий давлат ривожини таъминлаш мужассам экан, мазкур тузилманинг фаолияти билан боғлиқ асосий ва муҳим принциплардан шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳеч ким томонидан бузилмаслиги; Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлаш ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг миллий ҳуқуқ меъёрларидан устун бўлиши кабиларга алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Шуниси эътиборга ло­йиқки, мамлакатимизда мустақиллигимизнинг ўтган даврида жамият ҳаётининг уйғун ривожини таъминлаш ва ижтимоий муносабатлар мувозанатига эришиш, асосийси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган амалий ишлар, тадбирлар натижасида аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб, маънавий дунёқарашида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, навқирон авлоднинг соғлом ва жисмонан бақувват бўлиб ўсиши, мустақил фикрлайдиган, тафаккури теран, глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришларга ўз муносабатини шакллантиришига шароит яратилгани боис фарзандларимиз баркамоллик сари интилмоқда, дейишга тўлиқ ҳақлимиз.
Шу ўринда ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бўлган «Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият», деган муқаддас тамойил моҳиятига тўхталиб ўтсак. Аслида бу тушунчанинг мағзида қандай маъно бор? Аввало шуни айтиш керакки, дунёда ўтган асрнинг иккинчи ярми, яъни талофатли урушлар, улкан йўқотишлар, жабр-зулм, миллат ва элатларнинг ўзаро адоватга берилиши, бир-бирини камситишга уринишлар натижасида илғор фикрли халқлар бундан хулоса чиқаришга ҳаракат қилишди. Ўзаро ҳамкорликда инсонларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириш йўл-йўриқлари изланди. Ўшанда асосий эътибор инсоннинг асосий ҳуқуқларига, яъни инсон қадр-қиммати, шаънига ҳурмат билан қараш, жинслар ва миллатларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш, халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва бошқа қатор илғор ҳамда эзгу ғояларни қарор топтиришга эътибор қаратилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида халқлар ва давлатларни бирлаштирувчи куч сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) (1945 йил) таъсис этилди. 1948 йилда мазкур ташкилот томонидан «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларация­си қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг биринчи моддасида «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин улар бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак», деб қайд этилган.
Умуман олганда, ўтган давр мобайнида БМТ томонидан қабул қилинган олтмишдан ортиқ ҳужжатлар моҳият жиҳатдан дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашни ўзида мужассамлаштиргани билан эътибор молик. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлгани ҳам мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларига чексиз ҳурмат ва эътиборда эканлигини кўрсатади.
Президентимиз Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида (2010 йил.) истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида тан олинган ҳолда жамиятда ҳар бир шахснинг эркин ва фаровон яшаб, муносиб турмуш тарзига эга бўлиши таъминланаётганини аниқ далиллар билан асослаб берди. Таъкидланганидек, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 3,5, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,5 баравар ўсди, аҳолининг ўртача иш ҳақи 14 баравар ошди. Давлатнинг ижтимоий соҳа ва ижтимоий муҳофаза учун сарф-харажатлари 5 баравардан зиёд кўпайди. Ҳар йили давлат бюджетининг 50 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Оналар ўлими даражаси 2 барвардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баравар камайди. Одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди. Ёки ҳар йили таълим учун сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этади. Ҳолбуки, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич 3-5 фоиздан ошмайди.
Таҳлиллар шундан далолат берадики, инсоният цивилизациясининг барча босқич ва кўринишларида инсон эркинлиги, унинг мустақил турмуш кечириши, ҳатто оилада ҳам ўзаро муносабатларда катта-кичикнинг фикри, таклиф ёки эҳтиёжлари баб-баробар қаноатлантирилиши, камситмаслик каби умуминсоний хусусиятларга доимо эътибор бериб келинган. Шу маънода «қадрият» тушунчасига олиму уламолар, фозиллар томонидан турлича таърифу-тасниф берилиб, асрлар оша у янги мазмун-моҳият билан бойиб келмоқда. Қадрият — жуда чуқур ва кенг маънони англатувчи, жамият тараққиётига узлуксиз таъсир этиб келаётган фалсафий иборалардан саналади. Президентимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида қадрият иборасига қуйидагича, яъни «Биз тарих синовларидан ўтган, миллий манфаатларимиз, бугунги ва эртанги орзу-интилишларимизга, тараққиёт талабларига тўла жавоб берадиган, йиллар ўтган сари қадри ортиб борадиган ғоя ва тушунчаларни қадрият деб биламиз», деб аниқ таъриф берилган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, умуминсоний ёки миллий қадриятлар ҳуқуққа нисбатан кенгроқ маънони англатади, биринчиси жамиятда инсон фаол ҳаракатланиши учун аҳамиятли бўлган барча нарсалар, жумладан, эркинлик, тинчлик, адолат, маърифат, ҳақиқат, яхшилик ва маънавий бойликлардан иборат бўлса, иккинчиси эса, яъни ҳуқуқ давлат бўлиб уюшган жамиятда у ёки бу шахсга яратилган имконият, эркинлик, ихтиёр бўлиб, улар тегишлича, конституция ва қонунларга мустаҳкамланган умуммажбурий қоидалар мажмуини ташкил этади. Инсоният цивилизациясининг бугунги босқичидаги давлатчиликда инсон ҳуқуқлари энг юксак, юқори ва ҳеч бир ўлчовга тенг бўлмаган қимматга эга бўлиб, улуғвор саналгани сабабли олий мақомга, яъни олий қадрият деб баҳоланади.
Давлатимиз раҳбарининг «Мус­тақиллик — ҳуқуқ демакдир» деган таърифи ҳам истиқлолнинг нечоғлик буюк ва улуғворлигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, ҳеч муболағасиз айтиш ўринлики, Ватанимиз мустақиллиги халқимизга ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлиш имконини берди. Шахснинг жамиятда тўлақонли эркинлигини таъминлашга кўмаклашувчи бир қатор узвий ҳуқуқларини амалга оширишда етарлича шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани ҳам инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Жумладан Бош қомусимизнинг иккинчи бўлимида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари билан боғлиқ ўнлаб меъёрлар, масалан, яшаш ҳуқуқи, шахсий дахл­сизлик, айбсизлик презумпцияси, инсон шаъни ва обрўси, тураржой дахлсизлиги, мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод ҳамда виждон эркинлиги каби табиий, яъни инсон туғилганидан кейин бутун ҳаёти давомида фойдаланиши зарур бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, жамият ва давлатни бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этиш, жамоат бирлашмалари (касаба уюшмалари, сиёсий партиялар ва нодавлат ташкилотларининг бошқа турлари)да иштирок этиш, бевосита ва бошқалар билан биргаликда тегишли жойларга мурожаат қилиш каби сиёсий ҳамда мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнатга лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш каби ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ўз ифодасини топгани ва булардан фуқароларимиз тўлиқ фойдаланаётгани ана шу ҳақ-ҳуқуқнинг бекаму кўст қарор топаётганидир.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда барпо этилаётган ҳуқуқий давлатнинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда давлат аҳолининг конституция ва қонунларимизда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқарилишини тўлиқ кафолатлаш билан бирга уларни амалда таъминламоқда. Давлат органлари ва мансабдор шахслар бош Қомусимиз асосида ишлаб чиқилган юзлаб қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқларини амалда бажарилишига масъул бўлиб, у ёки бу тарзда бузилган ҳуқуқлар тегишли тарзда мустақил суд ҳокимияти томонидан ҳимоя қилинмоқда.
Масалан, инсоннинг яшаш ёки шахсий дахлсизлик ҳуқуқини таъминлаш жараёнида кейинги йилларда юртимизда муҳим амалий ишлар қилинди. Хусусан, ўлим жазосининг бекор қилингани, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилгани бу йўналишдаги катта қадамлардир. Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши натижасида Жиноят кодексининг махсус қисмидаги жиноятлар турининг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар ташкил этаётир. Дарвоқе, судлар томонидан бу тоифадаги жиноятларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар, хусусан жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари билан тайинланмоқда. Ёки 53 та жиноят таркиби бўйича ярашув институти жорий этилгани натижасида ўтган давр мобайнида 100 минг нафардан ортиқ шахс жавобгарликдан озод этилди. Икки йил давомида судлар томонидан тергов органларига 700 маротабадан ортиқ шахсларга нисбатан камоққа олиш билан боғлиқ эҳтиёж чорасини қўллаш рад этилган.
Судларда ишларни кўришда тортишувчанлик принципининг янада кучайтирилгани, яъни инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда адвокатларнинг ролини ошириш борасида қонунчилик базасининг босқичма-босқич мустаҳкамлангани, жиноят натижасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганида (Жиноят кодексидаги 11 моддалар) айбдорларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши ва бошқалар инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият, деб баҳоланган юртимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг энг улкан ва муҳим ютуғи сирасига киради.
Мустақиллигимизнинг ўтган даврида ёшларнинг билим олиш ҳуқуқини (кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилгани, 12 йиллик мажбурий таълим олишга эришганимиз) ёки ҳар бир шахснинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (замонавий асбоб ускуна ёки жиҳозлар ёрдамида ташхис қўйиш), мулкдор бўлиш (хусусий мулкни кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш) каби ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ изчил ислоҳотлар натижасида фуқаролар жамиятда ўзини нафақат эркин ҳис этмоқда, шу билан мамлакатимизни модернизация қилишда бунёдкор кучга айланмоқда.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, «Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият» ҳуқуқий саводхонлик ойлик тадбирлари юртимизда яшовчи халқлар, энг аввало, ёшларда юксак ҳуқуқий маданиятни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, фуқароларнинг қонунга итоаткорлик туйғусини янада оширишга хизмат қилиш баробарида мустақиллигимизнинг улуғворлиги, эртанги кунимизга бўлган ишончи ва интилишини янада кучайтириши шубҳасиздир.

Мавжуда РАЖАБОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

“Куч адолатда” газетаси
2011 йил 21 апрель
пайшанба, № 16 (322)

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati