O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар
Маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштиришнинг муҳим шартидир

Мамлакатимизда истиқлол йилларида мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш, унинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш ҳамда уни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Маълумки, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бугунги босқичида мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва маъмурий қонунчиликни тубдан қайта кўриб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Ушбу заруратдан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини ҳар томонлама қайта ишлаш ва янги таҳрирда қабул қилиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Унинг янги таҳрири суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш муносабати билан маъмурий қонунчилик ва жиноий-ҳуқуқий сиёсатда юз берган катта миқёсдаги принципиал ўзгаришларни ўзида тизимли ва кенг кўламли тарзда акс эттириши лозим.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “бунда, авваламбор, жиноят қонунчилигини тобора либераллаштириш, яъни айрим қонунбузарлик ҳолатларини жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказишни кўзда тутиш зарур. Кодекснинг янги таҳрирда қабул қилиниши бугунги кунда ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган маъмурий жавобгарликка оид қонунчиликнинг унификациялашувини, яъни бир хиллашувини таъминлайди”.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1994 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида унга 60 мартадан ортиқ турли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур кодекс инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мулкни, давлат ва жамоат тартиби, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишига, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, фуқароларни қонунга риоя этиш руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда. Гарчи, маъмурий жавобгарликка оид қонунчилик изчил такомиллашиб бораётган бўлса-да, уни бугунги кун талабларига уйғун деб бўлмайди. Хусусан, сўнгги йилларда Кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, асосан, моддий нормаларни такомиллаштиришга қаратилмоқда. Айни чоғда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишнинг тўлақонли процессуал механизмини яратиш ҳалигача ўз ечимини кутиб турибди. Шу маънода, маъмурий қонунчиликдаги процессуал нормаларни такомиллаштириш суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми ҳамдир.

Концепцияда қайд этилганидек, “...маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, бу соҳада қонунийликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш бўйича чораларни ҳам мазкур кодексда кўзда тутиш лозим”.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда амалиётда маъмурий-процессуал норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштиришга алоҳида эҳтиёж сезилмоқда. Шу сабабли Кодекснинг янги таҳририни тайёрлашда процессуал нормаларни тизимлаштириш орқали бу йўналишдаги суд ишлари самарадорлигини ошириш мумкин. Бунда, албатта, амалдаги маъмурий-процессуал қонунчиликни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига мувофиқлаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ва ўзаро зид бўлган маъмурий-процессуал қоидаларни бартараф этиш, маъмурий юрисдикция фаолиятини яхлит ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш, оммавий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг самарали механизмини яратиш талаб қилинади.

Айтиб ўтилганидек, маъмурий жавобгарликка оид қонунчиликнинг унификациялашувини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш бугунги кунда жуда зарур. Гап шундаки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилишини тартибга солувчи қонунчилик нормалари ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топгани унинг яхлит тизим сифатида ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётир. Шу сабабли Кодексни маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликнинг ягона манбаи сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ.

Барчамизга аёнки, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туб замирида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини барпо этиш ғояси мужассам. Бугунги кунда мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган хўжалик субъектлари юртимиз иқтисодиётининг етакчи кучига айланаётган бир шароитда Кодекснинг янги таҳририга юридик шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини ҳам киритиш лозим.

Мухтасар айтганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирда қабул қилиниши маъмурий қонунчиликни янада такомиллаштиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза этиб, жамиятда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ш. СОБИРОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 20.09.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati