O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар

Рухсат бериш тартибини такомиллаштириш
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари равнақига хизмат қилади

Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида бошқарув тизимини такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган эди. Бу таклиф, очиғи, тадбиркор халқимизни ниҳоятда қувонтирди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар яратилгани соҳанинг республика ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги аҳамиятини юксалтирди. Хусусан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши 52,5 фоизга етгани фикримизнинг яққол далилидир.

“Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги қонун тадбиркорлик субъектлари рухсатнома олиши зарур бўлган ҳаракат ва фаолиятларнинг, шунингдек, рухсатнома берувчи давлат муассасалари томонидан тақдим этиладиган аниқ ва содда ахборотларнинг тўла рўйхатини қамраб олишда, тадбиркорлар рухсатнома олиши керак бўлган ҳаракат ва фаолиятларнинг муайян рўйхатини тузишда айни муддаодир.

Қонунда, айниқса, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқи, қонуний манфаатларини, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва атроф-муҳитни ҳимоялаш ҳамда рақобатни чеклашга қаратилган ножўя қоида ва нормалар ўрнатилишининг олдини олиш мақсадга мувофиқдир. Айни чоғда рухсатнома олиш тартиб-қоидаларининг шаффофлиги, очиқ-ошкоралиги ва ҳамма учун тушунарли бўлишини таъминлаш зарур. Барча ваколатли органлар томонидан тадбиркорликни юритиш учун зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни олишда “ягона ойна” принципини жорий қилиш, рухсатнома олишда ҳамма учун бир хил талабларнинг қўйилиши мақсадлидир.

Қонунда ваколатли орган тадбиркорларга рухсатнома бериш, қайта расмийлаштириш, муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, ҳаракатдан тўхтатиш, бекор қилиш ҳақидаги аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишга мажбур эканлигини белгилаб қўйишнинг аҳамияти катта. Хусусан, белгиланган муддатларда уларга рухсатнома бериш ёхуд рухсатнома беришни асосли равишда рад этиш масаласини ҳал қилиш ҳамда рухсат берувчи ҳужжатлар реестрини юритиш, шу жумладан, уларни расмий сайтларга жойлаштириш талаб этилади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида ваколатли органнинг тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг оғзаки ва ёзма мурожаатларига бепул тўлиқ маълумот бериш, рухсатнома масалаларига оид малакали йўл-йўриқлар кўрсатиш, мазкур ҳужжатларни расмийлаштиришга доир барча жараёнлардан уларнинг тўсиққа учрамасдан ўтишини таъминлаш, тегишли ҳужжатларни тайёрлашда уларга кўмаклашиш бўйича масъулиятли эканлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозиргача бир ваколатли органдан рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун унга бошқа ваколатли орган томонидан бериладиган рухсатномани тақдим этиш талаб қилинган бўлса, мазкур ваколатли орган зарурий ҳужжатларни бошқа ваколатли органдан мустақил равишда олишини жорий қилиш лозим. Яъни “бир дарчага” тизими тадбиркорни ҳар хил маъмурий идоралар бўйлаб овора бўлишдан халос этади.

“Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги қонунда тадбиркорлик субъектларидан рухсат бериш жараёнидан ўтишни тартибга солувчи қонун ҳамда низомларда кўзда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишни чеклаш лозим. Улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар барча ҳолатларда ҳақиқий, деб ҳисобланади. Агар ваколатли органда унга тақдим қилинган ҳужжатлардаги маълумотнинг ҳақиқийлигига асосли шубҳа туғилса, у мустақил равишда ўз ҳисобидан белгиланган тартибда тадбиркор нотўғри ахборот тақдим этганлигини исботлаши керак.

Қонунда тадбиркорларнинг аризаларини кўриб чиқиш ва уларнинг барча рухсат берувчи жараёнлардан ўтиш муддатларини аниқ белгилаб қўйиш лозим. Шу билан бирга, қонунда рухсатнома ҳужжатини беришда рад қилиш асосларини кўрсатиб ўтиш, бундай ҳужжатларни беришда қонунда кўрсатилмаган асослар билан рад қилишга йўл қўймаслик мақсадлидир.

Шу ўринда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида “ягона ойна” принципи тажриба тариқасида синовдан ўтиб, тадбиркорлик учун қулай давлат хизмати кўрсатиш тизимига айланиб бораётганини таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳамда бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан “ягона ойна” принципи асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун турли хизматлар кўрсатилмоқда. Бу тизим тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон юришига барҳам бериб, ҳужжатлар тўпламини битта жойда топширишга имкон яратмоқда.

Дарҳақиқат, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги қонун мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи кучига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бошқарув тизимини такомиллаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади. Энг муҳими, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда тадбиркорлик субъектлари имкониятларини янада кенгайтиради.

Р. ҚЎРҒОНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 20.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati