O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси олдидан

Аҳоли саломатлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш хизмати сифатини тубдан яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни соғлом, баркамол авлод этиб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш соҳасига доир ўндан ортиқ қонунлар қабул қилиниб, фуқаролар соғлиғини яхшилаш бўйича юксак натижаларга эришилгани ана шундан далолат бериб турибди. Чунончи, мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги давомида оналар ўлими даражаси 3 баравар, болалар ўлими 3 баравардан кўпроқ камайди. Ушбу даврда одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди. Эътиборли жиҳати, бу ютуқлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

Албатта, бундай натижаларга эришишда мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилгани, соҳага давлат томонидан ғамхўрликнинг кучайтирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 2011 йилда соғлиқни сақлаш тизими учун 2,2 трлн. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилгани фикримизга яққол мисолдир.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш, аҳоли саломатлиги йўлида эришилаётган ютуқларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, мазкур Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар, биринчи навбатда, 20 ёшга етмаган шахсларнинг саломатлигига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида уларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашни кўзлайди. Яъни бу борадаги қонунчилик ва ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ҳамда қонунчилик талабларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунлаштириш назарда тутилмоқда.

Маълумки, 18 дан 20 ёшгача бўлган вақт ўспиринлик даври ҳисобланиб, бу даврда шахснинг ўзини англаш жараёни давом этади, унинг ҳаёт йўли, ижтимоий қизиқишлари шаклланади. 20 ёшда эса инсон шахс сифатида камол топади. Бу ёшда ўспиринларни зарарли таъсирлар, шу жумладан, алкоголь ва тамакидан асраш ўта муҳимдир. Чунки бу салбий иллатлар шахснинг уйғун ривожланиш жараёни бузилишига сабаб бўлади ҳамда репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис халқаро амалиётда 20 — 21 ёшга тўлмаган шахслар орасида алкоголь ва тамаки истеъмол қилишни чеклашга оид қоидалар мавжуд.

Дарҳақиқат, алкоголни истеъмол қилиш инсон соғлиғи учун асоратли оқибатларга сабаб бўлади. Чунончи, алкоголь истеъмоли натижасида туғма нуқсонли болалар дунёга келади, мияда, жигарда ва бошқа органларда даволаш мушкул бўлган жиддий ўзгаришлар юз беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кашандаликка муккасидан кетиш ҳам фуқаролар соғлиғига ўта салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 15 ёшдан катта бўлган аҳолининг 20 фоиздан ортиғи тамаки истеъмол қилади. Бу рақам, албатта, ушбу салбий одатнинг жамият учун нақадар катта зарар эканлигини кўрсатиб турибди. Афсусланарли жиҳати, муомала қилинаётган тамаки маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Шу ўринда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини қонуний асосларда чеклаш иқтисодий нуқтаи назардан ҳам фойдали эканлигини айтиб ўтиш жоиздир. Шу боис Президентимизнинг 2010 йил 27 январдаги қарори талаблари асосида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди.

Қонунда асосий тушунчалар моҳияти очиб берилаяпти. Хусусан, унга кўра, алкоголь маҳсулоти деганда, коньяк спирти ёки тозаланган этил спиртидан, вино материалларидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан ортиқ бўлган маҳсулот тушунилиши белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, тамаки маҳсулотларига чекиш, сўриш, ўпкага ҳаво билан тортиш, ҳидлаш ёки чайнаш учун тамакидан ёхуд унинг ўрнини босувчи нарсадан тайёрланган ҳар қандай маҳсулотнинг кириши баён қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари ҳам белгилаб қўйилмоқда. Ўз навбатида, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши, истеъмол қилинишини чеклашдаги иштирокига оид ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланаётгани мазкур тузилмалар салоҳиятини ушбу йўналишдаги ишларга фаол жалб этиш имконини беради.

Ахборот воситалари шиддат билан ривожланаётган, таъсир доираси кун сайин кенгайиб бораётган бир шароитда мазкур ҳужжат билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализация ҳамда реклама қилиш бўйича фаолиятнинг тартибга солинаётгани, айниқса, долзарбдир. Зеро, ҳар қандай маҳсулотнинг харидоргирлиги, биринчи навбатда, рекламага боғлиқ эканлиги барчага аёндир.

Шу боис Қонунда алкоголь маҳсулотининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тамаки маҳсулоти қутиси (ўрови) олд томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини ва орқа томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) инсон соғлиғига етказиладиган зарарни камайтириб кўрсатишга қаратилган: “мўътадил”, “кучсиз”, “ўта кучсиз”, “никотин миқдори кам”, “қатрон миқдори кам” деган ахборотни, тамаки маҳсулотининг хусусияти ҳақида бевосита ёки билвосита ёлғон таассурот қолдирадиган, шунингдек, мазкур тамаки маҳсулотининг зарарсизлиги ёки бошқа тамаки маҳсулотига қараганда зарари камроқ эканлиги тўғрисидаги ўзга ахборотни жойлаштириш тақиқланади. Қонуннинг 12-моддасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилишга доир бир қатор чеклашлар белгиланмоқдаки, мазкур жиҳат ушбу маҳсулотлар суиистеъмол қилинишининг олдини олади.

Айни пайтда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинадиган жойларда уларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотиш тақиқланганлиги ҳақидаги эълонлар, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисида огоҳлантирувчи плакатлар осиб қўйилган бўлиши керак. Қонунга биноан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланмоқда.

Шу билан бирга, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишини рағбатлантирувчи ҳамда оқловчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ва мумкинлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлар тақиқланмоқда. Айни пайтда иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари биноларида, шунингдек, ушбу муассасаларнинг ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, савдо ва умумий овқатланиш объектларида, кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт ҳамда кўргазма залларида, музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида, болалар ва ёшлар дам олиш масканларида, жамоат транспортининг барча турларида ҳамда бекатларда, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, кўп хонадонли уйларнинг умумий фойдаланишдаги ҳамда бошқа жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш қатъиян тақиқланмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқаролар соғлиғини сақлаш, айниқса, ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамоллигини, барчамиз учун муқаддас бўлган оила тинчлиги, хотиржамлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳамротош ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 20.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati