O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати

Президентимиз Ислом Каримов томонидан эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда жамиятни модернизация қилишнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Хусусан, Юртбошимиз суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалардан бири сифатида тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш принциплари, асослари, шакл ва услублари, уни олиб борадиган органлар тизимини белгилаб берадиган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилишни таклиф этдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу қонунни қабул қилиш ва амалиётга жорий этишдан мақсад тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонунга риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишдир.
“Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу соҳадаги фаолиятнинг янада либераллашувига хизмат қилади ва у демократик давлатларнинг умумэътироф этилган андозаларига ҳар тарафлама мос равишда, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоялаш масалаларини ўзида қамраб олади.
Ҳозирги пайтга қадар тезкор-қидирув фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ва “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг айрим моддалари ҳамда тегишли идоравий ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда. Шу боис “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиш зарур ва долзарб аҳамиятга эгадир.
Қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, авваламбор, ички ишлар идораларининг фаолиятида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган қонунийлик ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш принципларининг назарда тутилиши катта аҳамият касб этади. Зеро, қонунийлик принципи тезкор-қидирув фаолиятини ўтказишда мазкур фаолиятни амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилинишини таъминласа, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш принципи фуқароларнинг халқаро ҳужжатларда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган, олий қадрият деб эътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди.
Шу сабабли ҳам ушбу қонунда тезкор-қидирув фаолиятининг асосий принциплари сифатида қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлиги принципларини назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
Маълумки, тезкор-қидирув фаолияти махсус ваколат берилган давлат органларининг тезкор бўлинмалари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, мулкини муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоялашни таъминлаш мақсадида тезкор-қидирув тадбирларини ошкора ва ноошкора ўтказиш орқали амалга ошириладиган фаолият ҳисобланади. Тезкор-қидирув фаолияти ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини эътиборга олиб, қонунда мазкур фаолиятни амалга оширувчи органлар доираси ҳамда уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилиши айни муддаодир.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари ва бундай фаолиятни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масалаларининг қонунда назарда тутилиши эса уларнинг ҳуқуқий мақомини қонун йўли билан кафолатлайди.
Қонунда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан қонунийликка риоя этилишини прокурорлар назорат қилиб бориши, ушбу органлар қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан прокурорга ёхуд судга шикоят қилиш тартиби белгиланиши мақсадга мувофиқдир. Чунки бу тартиб инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишига хизмат қилади ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳар томонлама мос келади.
Хулоса ўрнида айтганда, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширувчи ваколатли давлат органларининг фаолияти либераллашувига олиб келади, қонунийликка риоя этишнинг реал ҳуқуқий кафолатларини яратади ва инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини жиноий тажовузлардан муҳофаза этишни таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Ю. ТУРСУНБАЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари

қўмитасининг раиси
.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 20.07.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati