O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

20.05.2011

Оилавий тадбиркорлик ривожи

аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтириш гаровидир

Мустақиллик йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, хусусий секторнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини оширишга қаратилган тизимли ва тадрижий чора-тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Чунончи, хусусий секторнинг эркин ва мустақил ривожланишини таъминлайдиган зарур ҳуқуқий асослар яратилди ва улар фаол такомиллаштириб борилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ушбу тармоқнинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни тобора кенгаймоқда. Агар 1991 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши бор-йўғи 2 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2000 йилда 31 фоизга, 2010 йил якунларига келиб эса, 52,5 фоизга етди. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги иш билан банд аҳолининг 74 фоизидан ортиғи айнан шу соҳада меҳнат қилаётгани ҳам иқтисодиётнинг ушбу сектори одамларни барқарор даромад манбаи билан таъминлаш ва уларнинг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганининг яққол далолатидир. Қолаверса, биргина 2010 йилнинг ўзида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш натижасида мамлакатимизда 480 мингта иш ўринлари ташкил этилди. Уларнинг 60 фоизи қишлоқ жойларда яратилганлиги, айниқса, эътиборлидир.
Буларнинг барчаси юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва янги босқичга олиб чиқишда зарур бўлган сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий шароит шакллангани ифодасидир. Албатта, эришилган ютуқ ва натижалар кўламини янада кенгайтириш, соҳага янги ҳуқуқий муносабатларни жорий этишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳам бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти келди, деб алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, юртимизда бизнесни ташкил қилишнинг мазкур шакли бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналаримизга, хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига тўла мос келади. Бундай бизнесни ташкил қилишнинг қонунчилик базаси яратилса, оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши ҳамда янги иш ўринларининг очилишига шароит туғилади.
Шу кунларда эксперт ва олимлар, мутасадди идоралар томонидан “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, бу борадаги халқаро ҳуқуқ ва миллий қадриятларимиз, тажрибаларимиз таҳлил қилинмоқда. Умуман, оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан биргаликда бошқариш ва тасарруф этиш ҳуқуқи бўйича фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектидир.
Бугунги кунда оилавий тадбиркорликка бандликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Уни иқтисодиётнинг таянчи ва ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этишларининг боиси ҳам, аслида, мана шунда. Оилавий бизнеснинг ўзига хослиги шундаки, у кўп асрлик оилавий анъаналар, қадриятлар билан уйғун ривожланади. Мисол учун, Буюк Британиядаги оилавий бизнес корхоналарининг тўртдан бир қисми қарийб тўртта авлоддан бери ўтиб келар экан. Швецияда меҳнат билан банд аҳолининг 61 фоизи оилавий тадбиркорлик соҳасида ишлаётгани ҳам унинг нечоғли катта аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир.
Халқаро оилавий тадбиркорлик тадқиқотлари академиясининг ўрганишича, бугунги кунда ривожланаётган давлатлар иқтисодиётида оилавий бизнес изчил тараққий этиб бормоқда. Чунончи, кўплаб ривожланаётган давлатларда ялпи ички маҳсулот таркибида оилавий бизнеснинг улуши 55 фоизгача етар экан. Буларнинг барчаси юртимизда ҳам оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш айни зарурат эканлигини кўрсатади. Зеро, бизнеснинг мазкур тармоғини ривожлантириш учун мамлакатимизда барча шарт-шароит, тажрибалар мавжуд. Аввало, жойларда оилавий сулолалар томонидан узоқ йиллар давомида шуғулланиб келинаётган оилавий касб-корлар, яъни косиблик, дурадгорлик, новвойлик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик, деҳқончилик, пиллачилик, боғдорчилик, узумчилик, ҳунармандчилик, мискарлик, кўнчилик, заргарлик, наққошлик, кулоллик, ёғоч ўймакорлиги, йўрмадўзлик, пичоқчилик, тўқимачилик, пўстиндўзлик сингари йўналишларда оилавий бизнес субъектларини ташкил этиш ва ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бир қаторда, аҳолига маиший хизмат кўрсатишда ҳам оилавий тадбиркорлик субъектларини йўлга қўйиш айни муддаодир.
Албатта, янги қонун лойиҳасини тайёрлашда айнан оилавий бизнеснинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, бир қатор масалаларга эътибор қаратиш лозим.
Аввало, оилавий тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин бўлган фаолият турларини аниқ белгилаш, бундай тузилмаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бюрократик тўсиқларнинг олдини оладиган тартибларни жорий этиш, ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш талаб этилади. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга суяниш, айни пайтда халқаро тажрибанинг илғор ютуқларидан фойдаланиш зарур.
Шу билан бирга, оилавий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, айни чоғда оила аъзоларининг ушбу тадбиркорлик субъекти фаолияти доирасидаги муносабатларини аниқлаштириш зарур. Бунда оила аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга: корхона бошқарувида, қарорлар қабул қилишда, молиявий-хўжалик фаолиятини назорат қилишда қатнашиш; бир-бирининг ҳуқуқларини қисман ёки тўлиқ ифода этиш; корхона низомида белгиланган тартибда кўрилган даромаддан улуш олиш; айни пайтда оилавий корхона таркибидан чиқаётганда корхона низомида кўрсатилган тартибда компенсация олиш; ижтимоий суғурта қилиниш ва иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига киритиш; амалга оширилаётган фаолият турига мувофиқ бўлган буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш, шунингдек, уларни мустақил равишда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда сотиш; амалга оширилаётган фаолиятдан олинган даромадни барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш; Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда бошқа имтиёз ва ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
Оилавий корхона мулкдорлари айни пайтда оилавий тадбиркорлик субъекти фаолиятида шахсий меҳнати билан қатнашиши лозим, яъни оилавий тадбиркорликни амалга оширишда вақтинчалик ишларни бажариш учун оила аъзолари ҳисобланмайдиган фуқаролар жалб этилмаслиги керак. Корхонанинг мулкий мажбуриятлари, чунончи, тўлов қобилияти йўқолган ҳолатларда ўз шахсий мулки билан якдил жавобгар бўлиш мажбуриятига эга бўлмоғи лозим. Шунингдек, оилавий тадбиркорликда ишловчи ходимлар, яъни оила аъзолари доимий ишловчи ходим сифатида эътироф этилиб, меҳнат дафтарчаси юритилиши керак.
Айни пайтда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Фуқаролик, Меҳнат кодекслари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар асосида меҳнат ва ўзаро мулкий муносабатларни аниқлаштириш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши бир қатор вазифаларни ҳал этишда қўл келади. Хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор иқтисодиёти ислоҳотлари шароитида мулкдорлар синфининг кенгайишига қулай шарт-шароит яратади. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришдек залворли юмушларни оддий механизмлар асосида ҳал этиш мумкин бўлади. Қолаверса, узоқ йиллик қадриятларимиз, миллий анъаналаримизнинг ҳам изчил ривожланишини таъминлайди.

Э. БОЙНИЁЗОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati