O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

20.04.2011

Концепция: устувор вазифалар

 

ЗАМОНАВИЙ ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ
ҳуқуқий механизмни такомиллаштириш зарурати

 

Давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да: “давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиа тузилмалар ишини фаоллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни кўзда тутиш..., сиёсий модернизация жараёнларида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланиш лозим”, дея таъкидланди.
Телекоммуникация хизматлари соҳасини ривожлантириш учун унга бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш зарур. Бу эса, ўз навбатида, рақобатнинг кучайишига, инвестицияларни жалб этиш имкониятларининг кенгайишига, пировард натижада фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланишига олиб келади.
Эшиттириш, медиамаҳсулотлар сифатини ошириш ОАВнинг замонавий технологиялар, хусусан, “рақамли телевидение”, “мобиль телевидение”, “Интернет-телевидение” ва бошқа технологияларни татбиқ этишга ташкилий ва технологик тайёрлиги доимий таъминланишини талаб қилади. Ахборот-коммуникация технологиялари ва кенг доирали алоқа тизимларини жадал ривожлантириш Ўзбекистон телерадиоэшиттириш соҳасига янги технологияларнинг босқичма-босқич ўзлаштирилиши ва татбиқ этилишини тақозо қилади.
Муаммонинг техник жиҳатдан ҳал этилиши, ахборот-коммуникация технологиялари энг янги ютуқларининг жадал жорий қилинишини ҳисобга олган ҳолда, телекоммуникация тизимлари такомиллашувини, замонавий оммавий коммуникация воситаларини ривожлантиришга йўналтирилган ҳуқуқий механизмлар мукаммаллигини тақозо этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Ҳозирги вақтда ушбу соҳадаги фаолиятнинг бир қисми ОАВга оид айрим қонунларда ўз аксини топган. Телерадиотизимнинг глобал ва умумий тарзда рақамли эшиттиришлар (кўрсатувлар) ҳажми (формати)га ўтишини эътиборга олган ҳолда, тайёрланаётган қонунда соҳа ривожининг вужудга келаётган анъаналарини акс эттириш лозим.
Мазкур қонун ҳужжатининг қабул қилиниши телерадиодастурларни тузиш ва тарқатиш соҳасидаги рақобатни янада кучайтириш, эшиттиришлар (кўрсатувлар)нинг мобиль ва рақамли телевидение каби янги истиқболли технологияларини жорий этиш, телесаноатнинг янги истиқболли секторларини шакллантириш учун шароит яратади.
Қабул қилинадиган қонун миллий эшиттиришлар (кўрсатувлар) тизимининг ҳуқуқий бошқарув воситаларини ва фаолиятининг мустақил иш юритиш, молиялаштириш манбалари эркинлиги каби тамойилларини белгилаш; эшиттириш радиочастоталарини олиш учун танловларнинг шаффофлиги ва демократик тарзда ўтказилишини таъминлаш; тенг рақобат шароитларини яратиш ва электрон медиабозор секторларининг монополлашувига йўл қўймаслик сингари муаммоларни ҳал этиш имконини беради.
Телерадиоэшиттириш соҳасида эришилган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар даражасини қонунчиликда акс эттириш ҳамда “Рақамли телевидение”, “Кабель телевидениеси”, “Мобиль телевидение” ва бошқа янги технологияларни соҳага татбиқ қилиш жараёнларига оид “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонуннинг ишлаб чиқилиши қуйидаги афзалликларни яратиши мумкин:
— телерадиоэшиттириш соҳасида эришилган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни мувофиқлаштириш, эшиттиришлар (кўрсатувлар) фаолиятига янги технологияларни жорий қилишга кўмаклашиш;
— давлат телевидениеси фаолияти самарадорлигини ошириш;
— телерадиоэшиттириш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоқларининг кенгайтирилиши;
— телерадио тизимида рақамли форматнинг умумий жорий этилишида эшиттиришлар (кўрсатувлар) фаолиятининг ҳуқуқий бошқарилиши;
— теледастурларга (шу жумладан, Интернетга) кўп дастурли, кенг доирали кириш хизматлари ва юқори аниқликдаги видеотасвирлар ўтказилишини таъминлаш;
— энг юқори қамровли эшиттиришда қўшимча интерактив хизматлар, телетрансляция сифат кўрсаткичларининг яхшиланиши;
— частота ресурси, эфир маконидан самарали ва оқилона фойдаланиш;
— ахборот соҳасидаги рақобатнинг кучайтирилиши ва ҳоказолар.
Ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланишда ҳар бир фуқарога тенг имкониятлар яратиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш ва унинг муҳофазасини кучайтиришга йўналтирилган ҳуқуқий меъёрларни киритиш лозим. Телекоммуникация тармоғи миллий ахборот маконининг асосини ташкил этади, ахборот ресурслари ва тизими ривожида алоҳида ўрин тутади.
Ахборот тизимларини ривожлантириш, уларнинг ўзаро муносабатида мувофиқликни таъминлаш учун ахборот ресурслари, хизматлари ва технологиялари бозорини шакллантиришга кўмаклашиш зарур. Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилишини рағбатлантириш эса бу борада муваффақиятлар кафолатидир. Қабул қилинажак қонунга универсал телекоммуникация хизматлари сифати ва кўламини кенгайтириш, аҳолининг, шу жумладан, қишлоқ жойларда яшовчиларнинг телекоммуникация тармоқларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, миллий ахборот маконини ривожлантиришга ва ҳимоясини таъминлашга доир меъёрларни киритиш мақсадга мувофиқдир. Мобиль ва рақамли телевидение каби янги, истиқболли ахборот тарқатиш технологияларини кенг жорий қилиш керак. Техник воситаларни сертификатлаштириш ва стандартлаштириш жараёни ҳамда дастурий маҳсулотлардан фойдаланишда муаллифлик ҳуқуқига оид ҳал этилмаган муаммолар ечимини таъминловчи меъёрлар ишлаб чиқилиши лозим.
Концепцияда “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун нормаларини янада такомиллаштириш, рақамли телерадиоэшиттириш тизимига ўтиш бўйича тадбирлар давлат дастурини ишлаб чиқиш зурурлиги таъкидланган.
Мазкур дастур рақамли телерадиоэшиттиришлар инфратузилмасини шакллантиришга, бу борадаги фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган самарали тизимни яратишга хизмат қилиши сабабли, қабул қилинажак қонунда телекоммуникация тизимини иқтисодий жиҳатдан либераллаштиришга қаратилган меъёрлар ўз аксини топиши назарда тутилмоқда.
Қабул қилиниши кутилаётган қонуннинг асосий вазифалари сифатида яна қуйидагилар эътиборга олиниши мақсадга мувофиқдир:
— фуқароларни замонавий телекоммуникация хизматлари билан тўлақонли ва сифатли таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаш;
— ахборотлаштириш ва телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш, телекоммуникация, ахборот-ишлаб чиқариш алоқа хизматлари, маълумотларни ўтказиш ва тақсимлашнинг замонавий бозорини такомиллаштириш.
Қонун лойиҳасининг энг муҳим тамойиллари ва унга киритиладиган меъёр ҳамда қоидаларнинг реализация қилинишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар мўлжалланган:
— телекоммуникация соҳасининг технологик жиҳатдан ривожланиши ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, қўлланилаётган тушунча аппаратига аниқлик киритиш ва янги тарифларни жорий этиш;
— ахборотларни ҳужжатлаштириш тартибини уйғунлаштириш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ахборот тизимини ташкил қилиш ҳисобига давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фойдаланишда бўлган, шунингдек, қурилаётган телекоммуникация тармоқлари ҳолатини сифат жиҳатидан яхшилаш.
Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши сиёсий модернизация жараёнларида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланишга, оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга, фуқароларнинг сўз эркинлиги ва танлаш эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам беради.
Тараққиётимиз концепциясига айланган мазкур ҳужжатда, бундан ташқари, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилиш зарурлиги ҳам асослаб берилди. Ундан кўзланган мақсад ахборот бозори иштирокчилари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдир. Айтиш жоизки, тезкор ахборот асрида кучли ҳуқуқий ҳимоя механизмини яратиш, мазкур жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасига таянган ҳолда, ОАВнинг иқтисодий манфаатини ҳимоя қилишни кафолатлашга, уларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий нормалар зарур. “Етти ўлчаб, бир кес”, деганларидек, бу борада жамоатчилик фикри, мутахассисларнинг таклифлари асосида тегишли меъёрларни ишлаб чиқиш муваффақиятлар кафолатидир.

Ғофуржон МУҲАМЕДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati