O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари

қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш кафолатидир

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамиятни янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим вазифалардан бири, бу — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир.

Зеро, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш мамлакатни ҳар томонлама юксалтиришнинг асосий омили ҳисобланади.

Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳотларнинг мазкур йўналишига алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Ана шундай ёндашув туфайли ҳам бу борадаги ишлар кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги йилларда ниҳоятда кенгайиб, мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шу мақсадларга қаратилгандир.

Жиноят содир этганликда гумон қилиниб, ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни қамоқда сақлаш тартиби ҳамда шарт-шароитларини, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини белгилашни кўзда тутувчи “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичида ниҳоятда аҳамиятлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида маълум бир жиноятни содир этганликда айбланаётган ёки гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш ёки эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга доир чоралар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ амалга ошириб келинмоқда. Аммо Кодексда ушлаб турилганларни сақлашнинг тартиб ва шартлари умумий ҳолда тартибга солинган холос.

Ушлаб туриш жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилишдан иборатдир. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳам шу мақсадларда қўлланилади.

Шуни қайд этиш лозимки, ҳозиргача ушлаб турилганлар ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганларни сақлаш масалалари, чунончи, вақтинча сақлаш ёки тергов ҳибсхоналарининг иш тартиби тегишли органларнинг идоравий ва бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётган эди. Шу боис бу соҳада алоҳида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди. Унда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ёки жиноят содир этганликда гумон қилинганларни ушлаш тартиби ва шартларини, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, асосий принциплар, қамоқда сақлаш асослари, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларнинг ҳуқуқий ҳолати ҳамда бошқа масалалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонунга биноан, ушлаб турилганлар вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида, гауптвахталарда, тиббий ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланиши мумкин.

Қонунда ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, шунингдек, бу ҳуқуқларни таъминлаш кафолатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бундай шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, қамоқда сақлаш жойларидаги режим, хулқ-атвор қоидалари, аризалар, таклифлар ва шикоятларни юбориш тартиби тўғрисида ахборот олиши ҳамда қамоқда сақлаш жойи бошлиғига, шунингдек, бундай муассасаларни текширувчи ёки назорат қилувчи мансабдор шахсларга шахсан қабул қилиш тўғрисида илтимос билан мурожаат этиши мумкин. Айни пайтда Қонун билан ўзининг сақлаб турилиши қонунийлиги, асослилиги ҳамда ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги юзасидан шахсан ёки ҳимоячи ёхуд қонуний вакил орқали аризалар ва шикоятлар бериши кафолатланмоқда. Қолаверса, ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шахслар бепул овқат, моддий-маиший ва тиббий-санитария таъминотини олишга ҳақли.

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг роли изчил ортиб бормоқда. Шу боис Қонунда Омбудсманнинг қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириши, ушлаб турилган ёки қамоққа олинган шахс билан учрашув ва суҳбат ўтказиши кафолатланмоқда. Бунда қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан монеликсиз ва холи учрашув ҳамда суҳбат учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт.

Маълумки, инсоннинг тиббий ёрдам олиши унинг узвий ҳуқуқларидан биридир. Қонунга биноан, қамоқда сақлаш жойларида даволаш-профилактика ва санитария ишлари, эпидемияга қарши ишлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилиши ҳамда ўтказилиши белгилаб қўйилмоқда. Чунончи, мазкур жойлар маъмурияти ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларнинг соғлиғини сақлашни таъминлайдиган санитария-гигиена талабларини бажариши керак. Энг муҳими, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга тиббий хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қонунда, шу билан бирга, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганларнинг фуқаролик-ҳуқуқий битимларда ва оилавий муносабатларда иштирок этиши, ҳомиладор аёлларни ва ёнида икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ҳамда вояга етмаганларни қамоқда сақлаш хусусиятлари ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этилган.

Олий Мажлис Сенати аъзолари юқори палатанинг навбатдаги ялпи мажлисида, шунингдек, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни ҳам кўриб чиқишади. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига тегишли тузатишлар киритилаяпти.

Мухтасар қилиб айтганда, жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш механизмларининг такомиллаштирилганлиги, чунончи, унинг ягона Қонун билан тартибга солинаётгани мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза этишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилади.

Н. ТОҒАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 19.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati