O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

19.03.2011

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси олдидан

Аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришнинг пировард мақсадидир

Олий Мажлис юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Қонун фуқаролар ҳаёти, соғлиғини ҳамда атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни кучайтириш, табиатни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилган халқаро конвенциялар нормалари рўёбга чиқарилиши муносабати билан миллий қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек, радиациявий хавфсизлик соҳасидаги атамалар ва тушунчалар бир хил қўлланилишига эришиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Гап шундаки, мамлакатимизда ҳам бошқа ривожланган давлатлардаги каби ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланилади. Улар саноатда, қишлоқ хўжалигида, тиббиётда, фанда, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўлланилади.
Мамлакатимизда радиациявий ва ядровий хавфсизлик масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. 1992 йил 3 июлда “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги, 2000 йил 31 августда “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги, 2002 йил 5 апрелда “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунлар, шу билан бирга, фуқаролар ҳаёти, соғлиғини ҳамда атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишга доир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.
Айни пайтда сўнгги йилларда радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳасидаги замонавий тушунчаларни қамраб олган янги халқаро нормалар ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида амалда ушбу соҳадаги барча асосий халқаро конвенциялар ва битимларга қўшилди. Буни “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартномани (Семипалатинск, 2006 йил 8 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Ядровий терроризм актларига қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Нью-Йорк, 2005 йил 13 апрель) қўшилиши ҳақида”ги, “Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақидаги Бирлашган Конвенцияга (Вена, 1997 йил 5 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонунлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Радиациявий хавфсизлик соҳасидаги қонунчиликни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижаси “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлигини кўрсатмоқда. Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисига кўриб чиқиш учун киритилган мазкур Қонун радиациявий хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлаштирувчи органни аниқлаштирувчи 2 та моддадан иборат.
Шундай қилиб, Президентимизнинг 2010 йил 27 августдаги “Геология-разведка ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (“Саноатконтехназорат” ДИ) Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (“Саноатгеоконтехназорат” ДИ) этиб қайта ташкил қилинди. Шу муносабат билан “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг 8 ва 22-моддаларидаги ушбу орган номига доир қоидалар янги таҳрирда баён этилмоқда.
Бундан ташқари, Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисида ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақидаги Бирлашган Конвенциянинг (Вена, 1997 йил 5 сентябрь) ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон радиациявий хавфсизликни таъминлаш учун тартибга солувчи органни таъсис этишини ёки тайинлашини назарда тутадиган нормаларини (20-модда) рўёбга чиқариш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан республика ҳудудида саноат ва радиация хавфсизлигига доир қонунлар ва норматив-техникавий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи саноат хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланишини эътиборга олиб, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ бошқа ваколатли органларнинг радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган, деб белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, “Саноатгеотехназорат” ДИ томонидан амалга ошириладиган ваколатларнинг қонунчилик асоси механизмини такомиллаштиришга, радиациявий хавфсизликни таъминлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва тўла-тўкис рўёбга чиқарилишига, бу соҳада ягона давлат назорати ва ҳисоби тизими фаолият кўрсатишига ёрдам беради.
Шунингдек, хом ашё, қурилиш материаллари ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш жараёнида инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга радиациявий хавф туғилиши эҳтимоли бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг учинчи қисмига ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар билан бир қаторда, таркибида табиий радиоактив элементлар мавжуд бўлган хом ашё, қурилиш материаллари ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчиларга ҳам радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ишлаб чиқариш назоратини олиб бориш (амалга ошириш) мажбуриятини юкловчи қўшимча киритилмоқдаки, бу ишлаб чиқариш фаолиятини режалаштириш ва амалга ошириш чоғида уларнинг масъулиятини кучайтиришга ёрдам беради.
Шу билан бир қаторда, радиоактивликнинг атроф табиий муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсири устидан жамоат назоратини кучайтириш мақсадида, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларига мувофиқлаштиришни назарда тутиб, 8-модданинг тўртинчи қисмига радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги жамоат назоратини нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан бир қаторда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам амалга оширишини белгиловчи ўзгартиш киритилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритилиши мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг ижро этилишини яхшилашга, шунингдек, жойларда аҳолининг соғлиғини ҳамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишда масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ю. ТУРСУНБАЕВ,
Олий Мажлиси Сенатининг
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси
.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati