O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

19.03.2011

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2011 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

Кенгаш аҳолида, биринчи навбатда, ёшларда юксак ҳуқуқий маданиятни, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, фуқароларнинг қонунга итоаткорлик туйғусини таъминлаш борасидаги давлат дастурларини амалга оширишнинг бориши масаласини кўриб чиқди. Масала Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари томонидан Сенатнинг 2011 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурига мувофиқ тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим ҳамда халқ таълими вазирлари, шунингдек, мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган ва сўзга чиққан мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимиз таълим муассасалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва бошқалар билан биргаликда аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилаётир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги қарори билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 29 майдаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимининг таълим муассасаларида ҳуқуқий йўналишлар бўйича 17 та умумий ихтисослик фани мавжуд бўлиб, уларнинг тўлиқ ҳажми 3633 соатни ташкил этади. Шунингдек, 648 соат ҳажмида 6 та ихтисослаштирилган фан ўқитилмоқда. Булардан ташқари, ўқув режаларида қўшимча равишда 418 соат ажратилган бўлиб, шуларнинг 270 соати талабаларнинг ўзлари танлаган соҳа фанларини ўрганишига ажратилган. Шу билан бир қаторда, олий ўқув юртларининг бошқа факультетларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳар томонлама чуқур ўргатиш йўлга қўйилган.
Умумтаълим мактабларининг юқори синфларида “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фани ўқитилмоқда. Таълим жараёнида 5 — 7-синфлар учун 51 соат ҳажмида “Конституция оламига саёҳат”, 1 — 4-синфлар учун эса “Конституция алифбоси” ўқув курслари татбиқ этилаяпти.
Таълим муассасаларида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мақсадида педагогика соҳасидаги инновация технологиялари изчил қўлланилиб, ҳуқуқий мавзуларда турли кўрик-танловлар, семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилаётгани айни муддао бўлаётир. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркибини, ижтимоий-гуманитар фанларни, хусусан, ҳуқуқ фанларидан дарс берадиган ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Биргина олий ўқув юртларининг ўзида юридик фанлардан 511 нафар олий тоифадаги ўқитувчи дарс бермоқда. Чунончи, Тошкент давлат юридик институти ҳузуридаги малака ошириш курсларида 2008 — 2010 йиллар мобайнида олий ўқув юртларининг 200 нафардан ортиқ ўқитувчиси малака оширди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 
4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши талабларини бажариш мақсадида Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида, шунингдек, вилоятлардаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш институтларида умумтаълим мактабларининг 13 минг нафардан зиёдроқ ўқитувчиси таълим курсларидан ўтди.
Сенат Кенгаши ушбу масала бўйича ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билимлари сифатини янада оширишни, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирларининг самарадорлигини кучайтиришни, таълим муассасаларини тегишли ўқув қўлланмалари билан таъминлашни, аҳолининг ҳуқуқий маданият даражасини оширишда оммавий ахборот воситаларининг кенг иштирок этишини, бу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари сўзсиз бажарилишига эришишни назарда тутадиган тегишли қарор қабул қилди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Бош прокуратурасининг раҳбарлари, шунингдек, таълим муассасаларининг, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati