O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

19.02.2011

Концепция: устувор вазифалар

ОАВ – жамоатчилик назоратининг таъсирчан кучи

 

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик ­палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида “Бугун биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз”, деб алоҳида ­таъкидлаган эди.
Концепцияда илгари сурилган ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича вазифаларни рўёбга чиқариш масалалари Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт, Ташқи сиёсат масалалари қўмиталари, халқ депутатлари Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари Кенгашларининг бўлиб ўтган қўшма мажлисларида муҳокама мавзуи бўлди. Уларда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Тадбирларда қайд этилганидек, Қашқадарё ва Фар­ғона вилоятларида ушбу қонунларни ижро этиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Чунончи, Қашқадарёда 43 та газета, 3 та журнал чоп этилмоқда, 3 та теле ва 2 та радиоканал ишлаб турибди. Қарши шаҳрида нодавлат телерадиокомпания, Шаҳрисабз шаҳрида эса нодавлат телевидение ­фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, вилоятда ­оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Қарши шаҳридаги барча шароитларга эга бўлган Журналистлар уйи ОАВ ва ­бошқа тузилмалар вакилларининг чинакам мулоқот марказига ­айланган. ўузор тумани ҳокимлиги ­ташаббуси билан “ўузор ҳаёти” газетаси таҳририяти биноси қайта қурилди ва ҳомийлар маблағи ­эвазига жиҳозланди.
Фарғона вилоятида ­фаолият кўрсатаётган 92 та ОАВнинг 42 таси нодавлат оммавий ахборот воситасидир. Сўнгги йилларда ­вилоятда хусусий босма нашр­ларнинг ададлари ўсиб бораётир. Масалан, агар 2008 йилда хусусий нашрларнинг умумий адади 6 миллион нусхага яқин бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2010 йилда деярли 6,4 миллион нусхага етди. Марғилон шаҳар “Рухсор” ­телерадиока­на­ли­нинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида тижорат банкларидан 100 миллион сўмлик кредит жалб қилинди. Бу сармоялар бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли бажаришда қўл келди. Минтақанинг долзарб муаммоларини ёритиш ҳамда уларни самарали ҳал қилиш мақсадида бевосита мулоқотлар ташкил этилаётгани эътиборлидир. Бунда, албатта, ­Фарғона вилояти телерадиокомпанияси давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги сезиларли даражада яхшиланганини айтиб ўтиш лозим. “Очиқ мулоқот”да ­вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахслар аҳолини қизиқтираётган саволларга жавоб ­бермоқда.
Шу билан бирга, сенаторлар мазкур вилоятларда юқорида номлари зикр этилган қонунлар ижросини таъминлашда бир қатор камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётганини таъкидлашди. Хусусан, кўпчилик маҳаллий газеталарда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётида юз бераётган долзарб воқеа-ҳодисалар етарлича ёритилмаётир, таҳририятларда муштарийлар қизиқишлари, эҳтиёжлари ва фикрлари зарур даражада ҳисобга олинмаяпти. Айни чоғда тадбирлар иштирокчилари маҳаллий матбуотда хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ҳамда фермер хўжаликлари фаолияти, бозор ислоҳотлари янада фаол ва чуқур ёритилиши зарурлигини алоҳида қайд этишди.
Мажлисларда, шунингдек, ОАВни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, аҳоли талаби асосида даврий нашрлар ададини ошириш, нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, мавжуд имконият ва ресурсларни, илғор ахборот-коммуникация технологияларини медиамаконга жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирларда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Қўшма мажлисларда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг ­депутатлари ҳамда Қашқадарё ва ­Фарғона вилоятлари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ­доимий комиссия­лари раислари, ушбу ҳудудлар ОАВ раҳбарлари ва ходимлари, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг, жамоат бирлашмаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati