O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Телекоммуникация Қонунчилигини такомиллаштириш — давр талаби

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган эди. Хусусан, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонун нормаларини янада такомиллаштириш зарурлиги белгилаб берилганди.

Дарҳақиқат, юртимизда оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, тегишли қонунчилик асосини такомиллаштириш, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлаш, уларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда телекоммуникациялар тармоғи изчил равнақ топиб бораётир. Хусусан, кейинги йилларда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали телерадиодастурларни тарқатиш йўлга қўйилгани, айни чоғда маҳаллий телекоммуникациялар тизими дунёнинг 180 та мамлакатига 28 та йўналиш бўйича тўғридан-тўғри чиқадиган халқаро каналларга эга эканлиги, телерадиоканалларимиз томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар интернет глобал тармоғи орқали реал вақт режимида жаҳонга узатилаётгани, шунингдек, мобиль алоқа хизматлари юқори даражада юксалгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Шу билан бир қаторда, телекоммуникация ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб, тармоқда янгидан-янги хизмат турлари пайдо бўлди, шу жумладан, давлат бошқаруви эҳтиёжларини таъминлаш учун хизмат кўрсатишнинг янги моделлари юзага келди. Бу телекоммуникация хизматларини кўрсатишда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг тубдан такомиллашишига олиб келди. Буларнинг барчаси телекоммуникация соҳасидаги субъектлар манфаатлар муҳофаза қилиш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни тақозо этаётганди.

Шу боис “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда сиёсий модернизация жараёнларида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланишга алоҳида урғу берилди.

Дарҳақиқат, бугун телекоммуникация хизматлари соҳасини ривожлантириш учун унга бозор механизмларини изчил жорий қилиш давр талабидир. Бу эса, табиийки, соҳада рақобатнинг кучайишига, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш имкониятларининг кенгайишига, пировардида фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланишига олиб келади.

Қонунда фуқароларни замонавий телекоммуникация хизматлари билан тўлақонли ва сифатли таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланиб, ахборотлаштириш ва телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш, телекоммуникация, ахборот-ишлаб чиқариш алоқа хизматлари, маълумотларни ўтказиш ва тақсимлашнинг замонавий бозорини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Қонуннинг энг муҳим тамойиллари ва унга киритилган меъёр ҳамда қоидаларнинг амалга оширилиши телекоммуникация соҳасини технологик жиҳатдан ривожланишининг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, қўлланилаётган тушунчаларга аниқлик киритишга хизмат қилади. Ахборотларни ҳужжатлаштириш тартибини уйғунлаштириш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ахборот тизимини ташкил қилиш ҳисобига давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фойдаланишда бўлган, шунингдек, қурилаётган телекоммуникация тармоқлари ҳолатини сифат жиҳатидан яхшилашга шароит яратади.

Мазкур чора-тадбирларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши сиёсий модернизация жараёнларида тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланишга, оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга, фуқароларнинг сўз эркинлиги ва танлаш эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар телекоммуникациялар соҳасида ваколатли органнинг ваколатларини янада аниқлаштиришга ҳамда масъулиятини кучайтиришга ҳам қаратилган. Чунончи, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик ва жисмоний шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларининг самарали ишлаши ҳамда ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратиши кўзда тутилмоқда.

Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларига интернет тобора чуқур кириб, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу сабабли Қонун телекоммуникация тармоқларини рақамлаш тизими ва режаси, шунингдек, интернет тармоғи миллий сегментининг домен номларини тартибга солиш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни назорат қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Ҳамротош ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 18.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati