O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси олдидан

Банкротликнинг Қонуний асосларини такомиллаштириш бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш талабидир

Маълумки, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришда банкротлик муносабатларини тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, корхоналарнинг лаёқатсиз мулкдорларини янгилаш, самарасиз корхоналар фаолиятини тугатиш, стратегик корхоналарни сақлаб қолиш ҳамда уларни ривожлантиришда банкротлик тартиб-таомилларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш муҳим роль ўйнайди.

Президентимизнинг 2011 йил 14 январда қабул қилинган “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси”нинг демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш соҳасидаги устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгилаб берилди.

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шу ҳужжат талаблари, хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришга оид қонунчилик ташаббусларига уйғун ҳолда ишлаб чиқилган.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозини чуқур таҳлил қилиб, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда паст рентабелли, иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини тугатиш ва улар ўрнида юксак салоҳиятга эга корхоналар ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бунда, албатта, банкротликнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда кредиторларнинг биринчи йиғилиши хўжалик суди мажлисидан камида ўн кун олдин ўтказилиши назарда тутилган. Банкрот корхоналарни тугатиш жараёнини тезлаштириш мақсадида ушбу муддат 5 кунга, хўжалик судига кредиторлар йиғилиши баённомасини топшириш муддати эса икки кунга қисқартирилмоқда.

Қонунда, шунингдек, банкротлик тўғрисидаги иш хўжалик судининг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан амалдаги уч ой ўрнига, икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланмоқда.

Қонунда қарздор корхонани (бизнесни) сотиш очиқ кимошди савдоси ўтказиш йўли билан амалга оширилиши ва бу ҳақдаги эълон расмий нашрда чоп этилиши назарда тутилмоқда. Эълонда кўрсатилган муддатда бирорта талабнома келиб тушмаган ёки битта иштирокчидан талабнома олинган бўлса, қарздор корхонани (бизнесни) сотиш бўйича кимошди савдоси амалга ошмаган, деб топилади ва такрорий савдо ўтказилади. Агар такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб топилса, ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига мувофиқ, корхонани (бизнесни) сотиш тўғрисидаги янги хабарни йигирма кун ичида матбуотда эълон қилади. Корхонани (бизнесни) сотиш нархи кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарори билан пасайтирилиши мумкин, бироқ бу аввалги кимошди савдосидаги нархнинг 10 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

Маълумки, амалдаги Қонуннинг 142 ва 143-моддаларига кўра, банкрот корхонанинг мол-мулки бир йил муддат мобайнида сотилмаса, у кредиторларга қарзни узиш учун таклиф этилади. Агар кредиторлар мол-мулкни қабул қилишни рад этса, хўжалик судининг ажрими билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфига ўтказилади. Бироқ бундай тартиб банкрот корхонанинг давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги қарзлари узилмасдан қолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 48 ва 50-моддаларида солиқ ҳамда мажбурий тўловларни тўлаш фақатгина пул маблағлари шаклида амалга оширилиши белгиланган, яъни солиқ органларига мол-мулкларни ўз тасарруфига қабул қилиш ваколати берилмаган. Бу эса амалиётда юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш, қонун ҳужжатларидаги айрим номувофиқликларга барҳам бериш зарурлигини кўрсатмоқда.

Юқоридаги ҳолатлар амалдаги Қонуннинг 134, 142 ва 143-моддаларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар, шунингдек, давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалардан қарздор банкрот корхона мол-мулкини маҳаллий давлат ҳокимияти тасарруфига ўтказиш, давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли орган томонидан бу мол-мулкни реализация қилиш ва келиб тушган маблағларни қарзни узишга йўналтиришни назарда тутувчи 1421-моддани киритиш заруратини туғдирди. Ушбу моддага кўра, барча навбатдаги кредиторлар мазкур мол-мулкни ўз талабларини қаноатлантириш учун қабул қилишни рад этганда, мажбурий тўловлар ва молиявий санкциялар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган қарздорнинг сотишга таклиф қилинган, лекин тугатишга доир иш юритиш мобайнида реализация қилинмаган мол-мулки тугатиш бошқарувчиси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари балансига ўтказилади. Бунда қарздорнинг мол-мулки тўғрисида тугатиш бошқарувчиси маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хабарнома олинган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида мол-мулкни ўз тасарруфига олади ҳамда уни сақлаб туришга доир барча мажбуриятларни бажаради. Мол-мулкни қабул қилишдан бош тортилган ёки бўйин товланган тақдирда, тугатиш бошқарувчиси тегишли органни мазкур мол-мулкни қабул қилишга ундаш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этишга ҳақли. Бунда хўжалик суди мол-мулк маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг балансига ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тугатишга доир иш юритишни тамомлаш ҳақида ажрим чиқаради.

Шунингдек, Қонунда кредиторларнинг банкрот корхоналарни тезроқ ва самарали тугатиш бўйича масъулиятини ошириш мақсадида уларга тегишли қарорни қабул қилиши учун 10 кунлик муддат белгилаш ҳамда кредиторлар сотувга қўйилган, лекин реализация қилинмаган мол-мулкни қабул қилишни рад этган ҳолларда, ушбу мол-мулкни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфига ўтказиб бериш муддатини 15 кунгача қисқартириш ҳам белгиланмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, амалдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бозор ислоҳотларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, банкротлик тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ортиқча вақт ҳамда харажат сарфининг олдини олиш орқали банкротлик муносабатларини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириб, мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Н. ТОҒАЕВА,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 18.08.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati