O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

18.03.2011

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама этилиши кўзда тутилган.

Маълумки, у ёки бу давлатга жўнатилаётган расмий ҳужжатларни одатда дипломатик йўллар билан, шу жумладан, консуллик орқали легаллаштириш талаб этилади. Бу, албатта, ушбу ҳужжатнинг, ундаги имзо ва муҳрнинг ҳақиқийлигини текшириш учун зарур ҳисобланади. 1961 йилнинг 5 октябрида Гаагада бўлиб ўтган конференцияда хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштиришни бекор қилувчи Конвенция қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, ­бирон бир давлатда тайёрланган ва ­бошқа давлатга топширилиши керак бўлган расмий ҳужжатларга қўйиладиган, консуллик легаллаштириш тартиб-таомилининг ўрнини босадиган махсус белги (штамп) — апостиль жорий этилади. Апостиль билан қайд этилган ҳужжатлар Конвенцияга аъзо давлатлар томонидан ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши лозим. Мамлакатимизнинг ушбу ҳужжатга қўшилиши Конвенция амал қиладиган ҳудудда тақдим этилиши шарт бўлган ҳужжатларни легаллаштирмасдан жўнатиш имкониятини яратади.

Конвенцияда расмий ҳужжатларнинг рўйхати аниқ белгилаб берилган. Яъни давлат юрисдикциясига бўйсунувчи орган ёки мансабдор шахс­дан юбориладиган, жумладан, прокуратурадан, суд котиби ёки суд ижрочисидан чиқадиган ҳужжатлар, шу билан бирга, маъмурий, нотариал ҳужжатлар, расмий белгиларни, чунончи, рўйхатга олинганлик ҳақидаги қайдлар, муайян санани тасдиқлайдиган визалар, нотариусда гувоҳлантирилмаган ҳужжатдаги имзони тасдиқлаш шулар жумласидандир.

Таъкидлаш керакки, ушбу Конвенция хорижий расмий ҳужжатларни тан олишнинг янада эркинроқ тартибини жорий этадиган бошқа халқаро ҳужжатларнинг қўлланилишига тўсқинлик қилмайди. Агар ҳужжат тақдим этилган давлатда амалда бўлган қонунлар, қоидалар ёки одатлар ёинки икки ёхуд бир неча аҳдлашувчи давлат ўртасидаги келишув ушбу тартиб-таомилни бекор қилса ёки соддалаштирса, ё бўлмаса, ҳужжатни легаллаштиришдан озод қилса, апостилни қўйиш талаб этилмайди (Конвенциянинг 3-моддаси, 2-қисми).

Шунингдек, агар мамлакатимиз ва Ўзбекистон Республикасининг расмий ҳужжати тақдим этиладиган давлат икки томонлама ёхуд кўп томонлама битим (масалан, МДҲ доирасида амал қилаётган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция (Минск, 1993 йил 22 январь) қатнашчилари бўлса, ушбу расмиятчиликка амал қилиш ­талаб этилмайди.

Бугунги кунда дунёнинг 100 га яқин давлатлари (2010 йил 1 декабрь ҳолатига кўра) Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) қатнашчиси эканлиги ҳам мазкур ҳужжатнинг нечоғли катта аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Шу билан бирга, кўриб чиқилаётган Қонун кучга кирганидан кейин Конвенция қоидаларини рўёбга чиқариш бўйича, жумладан, расмий ҳужжатларни уларга апостиль қўйиш йўли билан гувоҳлантириш, давлат органларига апостиль қўйиш ваколатини бериш масалаларини назарда тутадиган махсус қонуности ҳужжатини тайёрлаш ҳам мўлжалланган. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги — судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга; Бош прокуратура — прокуратура, тергов ва суриштирув органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга; Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази — таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги — бошқа расмий ҳужжатларга апостиль қўйишга ваколатли органлар сифатида белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги муносабатларда изчилликни таъминлашда қўл келади.

С. САФОЕВ,
Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси
.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati