O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

18.02.2011

Концепция: устувор вазифалар

Жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашнинг муҳим институти

 

Маълумки, жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири ҳисобланади. Улар кўнгилли тузилма бўлиб, аҳолининг турли қатламлари ва гуруҳлари манфаат­ларини ифода этадиган, фуқароларнинг салоҳияти, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратиб беради.
Муҳими, жамоат бирлашмалари бугун жамиятда манфаатлар мувозанатини сақлаш ва демократик қадриятларни таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Бунда, айниқса, соҳанинг қонунчилик асослари яратилгани ҳамда изчил такомиллаштирилаётгани катта аҳамият касб этмоқда. ­Чунончи, Президентимиз Ислом ­Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуи­даги маърузасида ­фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг ­Бухоро вилоятида ўтказилган мажлисида айнан Концепцияда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Мажлисда “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг вилоятдаги ижросини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Қайд этиб ўтилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатни демократик янгилаш жараёнида ­фуқаролик инс­титутларининг энг муҳим ижти­моий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишдаги роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. ­Президентимиз 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида “бугунги кунда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда”, деб таъкидлади.
Масалани ўрганиш шуни кўрсатдики, Бухоро вилоятида 291 нодавлат ­нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Улардан 244 таси жамоат бирлашмаси, 40 таси жамоат фонди, 7 таси муассаса ҳисобланиб, улар, асосан, болалар, ­хотин-қизлар ва ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни спортга жалб этиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, иш ўринлари ташкил этиш, ёшларга касбий ва экологик таълим бериш сингари муҳим ижтимоий-­иқтисодий масалаларни ҳал қилишга ёрдам бермоқда.
Масалан, Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Соғлом авлод учун” жамғармалари каби жамоат ташкилотлари билан биргаликда 2010 йил давомида хотин-қизлар, ёлғиз пенсионерлар, ногирон болаларни ижти­моий қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш сингари масалалар бўйича 1102 та турли акция ва тадбир ўтказди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Бухоро вилояти Кенгаши томонидан вилоят адлия, халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ­биргаликда мунтазам равишда кўрик-танловлар, ­акциялар, лойиҳалар ва маънавий-маърифий ­тадбирлар ташкил этилаётир. Вилоят миллий маданий марказлари томонидан воҳада яшаётган турли миллат вакилларининг тилини, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаб қолиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.
2009 — 2010 йилларда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ҳамда уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида 40 мартадан ортиқ жамоат бирлашмаларини ривожлантириш, улар билан биргаликдаги ишларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар томонидан Қонуннинг Бухоро вилоятида ижро этилишини таъминлаш масалаларида мавжуд айрим камчилик ва нуқсонларнинг сабаблари ҳам таҳлил қилинди. Чунончи, вилоят адлия ва молия органлари мазкур Қонун 
20-моддасининг жамоат бирлашмалари ўз уставларига риоя этишлари устидан, шунингдек, уларни молиялаштириш ва даромад манбалари устидан назоратни амалга оширишга доир талаблари ижро этилишини етарли даражада таъминламаётирлар. Баъзи жамоат бирлашмалари раҳбарларининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги оқибатида бир қанча ҳолларда меҳнат қонунчилиги бузилишига йўл қўйилмоқда.
Муҳокама давомида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун талаблари ижро этилишини таъминлаш, жамоат бирлашмаларининг самарали фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга қаратилган бир қатор ­таклиф ва тавсиялар билдирилди. 
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Мажлисда сенаторлар, Бухоро вилояти халқ ­депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комис­сия­ларининг раислари, вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва молия органлари бошқармалари, жамоат бирлашмалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
 

Маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш — масъулиятли вазифа

Ёшларни баркамол инсон этиб тарбиялаш, жамиятда маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда маданий ва табиий меросни асраш, ўрганиш ҳамда келажак авлодларга бекаму кўст етказишнинг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида  таъкидланганидек, маънавий мерос, маданий қадриятлар, қадимий тарихий ёдгорликлар маънавиятни шакллантиришнинг энг муҳим ­пойдеворларидан биридир.
Олий Мажлис Сенатининг Ташқи ­сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон давлат тарих музейида ўтказилган “Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция (Париж, 1972 йил 23 ноябрь) ва ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлаш масалалари” мавзуидаги илмий-амалий конференция мана шу масалалар муҳокамасига бағишланди.
Анжуманда қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ маданий ва табиий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва оммалаштириш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугун юртимизда маданий ва табиий­ ёдгорликларни муҳофаза қилишнинг яхлит ҳуқуқий ва ташкилий тизими яратилган. Бу халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари билан уй­ғундир. Хусусан, ЮНЕСКО Конвенцияси қоидаларини ижро этиш ­доирасида Ўзбекистонда маданий ва табиий мерос объектларининг бирламчи рўйхатини тузиш ва такомиллаштириш мақсадида еттита йўналишда иш олиб борилаётганлиги бунинг яққол тасдиғидир. Мазкур рўйхатга Хива шаҳридаги “Ичанқалъа” ёдгорликлар мажмуи, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари, маданиятлар чорраҳаси бўлмиш Самарқанд шаҳри сингари мажмуалар киритилган.
Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилдан бери Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда ЮНЕСКО шафелигида ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро фестивали, Марғилон шаҳрининг 2000, Самарқанд шаҳрининг 2750, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейлари кенг байрам қилинганлиги, бошқа бир қатор тадбирлар нишонлангани эътиборга лойиқдир. Негаки, бу тадбирлар мамлакатимизда маданий ва табиий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва консервациялашга, шунингдек, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқий ва маданий савиясини оширишга хизмат қилмоқда.­
Анжуманда қайд этилганидек, маданий ва табиий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, уларни келажак авлодларга асл ҳолида топшириш, энг аввало, малакали кадрлар тайёрлаш билан узвий боғлиқдир. Юртимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётир. Чунончи, ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларини битирган кадрларга ­реставрация ишлари махсус илмий-­реставрация ва ишлаб чиқариш ташкилотларида “Уста — шогирд” усулида ўргатилаётгани эътиборлидир.
Маълумки, соҳа учун олий маълумотли кадрлар бугунги кунда Тошкент архитектура-қурилиш ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш, шунингдек, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтларида изчил тайёрланмоқда. Шу билан бир қаторда, бошқа олий ўқув юртлари ва 35 та касб-ҳунар коллежида эколог ва биолог мутахассислар етиштириб берилмоқда. Умуман айтганда, маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш, консервациялаш ва илмий ўрганиш учун мутахассислар Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ тайёрланмоқда.­
Шу билан бирга, конференцияда маданий ва табиий меросни муҳофаза қилишда тўпланган тажрибалар ўртоқлашилди, соҳалардаги талаб мавжуд бўлган айрим ихтисосликлар бўйича мутахассислар ва юқори малакали илмий ходимлар ҳамда илмий-педагог кадрлар тайёрлаш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича соҳанинг норматив-ҳуқуқий, ташкилий асосини янада такомиллаштириш, амалдаги қонунларни рўёбга чиқариш механизмини яхшилаш, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органларининг маданий ва табиий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, шунингдек, соҳа учун зарур бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилган ­тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Конференцияда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маданий ва табиий ­меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги олимлар, мутахассислар ҳамда эксперт­лар, оммавий ахборот воситалари ­вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati