O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили        

 

Аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ турмуш даражасини юксалтириш, жамиятда социал барқарорликка эришишнинг асосий омилларидан ҳисобланади. Бу, айниқса, Ўзбекистон каби аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил қиладиган давлатлар учун ниҳоятда муҳимдир. Шу сабабли Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланган 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. “Халқ сўзи” мухбири ушбу Дастурнинг асосий йўналишлари хусусида сенаторларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
 
Н. ТОҒАЕВА, Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим,
маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:
— Аввало, Бандлик дастури жорий йилнинг кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет концепцияси, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор ва энг муҳим йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлигини қайд этиш лозим. Мамлакатимизда глобал инқирозга қарши самарали чоралар кўрилиб, пухта молиявий-иқтисодий ва инвестиция сиёсати олиб борилаётгани натижасида юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари таъминланмоқда. Хусусан, янги қувватлар ишга туширилиб, қўшимча иш жойлари кўпаймоқда. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 815,5 мингта иш ўрни яратилгани, уларнинг 512,4 мингтаси қишлоқ жойларда ташкил қилингани фикримиз тасдиғидир. Эътиборли жиҳати, иш ўринларининг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш, йирик ишлаб чиқариш қувватлари фаолиятини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ҳисобига барпо этилган.
Келгуси йилда, Дастурга биноан, 967,5 мингта иш ўрни яратилиши мўлжалланаётир. Бунда, айниқса, ёшлар, аёллар ҳамда қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу маънода, Бандлик дастурида бугун куч-қувватга тўлиб, ҳаётга катта орзу-умидлар билан кириб келаётган ўғил-қизларимиз учун муносиб иш жойлари ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг кўзда тутилганлиги, айниқса, эътирофга моликдир.
П. МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Фан,
таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:
— Дунёдаги аксарият ривожланган мамлакатларда ишсизлар сони кун сайин кўпайиб бораётганини бугун оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, ўқиб турибмиз. Айниқса, ушбу давлатлар ҳукуматлари томонидан ишсизликнинг олдини олиш борасида рўёбга чиқарилаётган чоралар деярли самара бермаяпти.
Мана шундай мураккаб шароитда ҳам мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ, манзилли чоралар кўрилаётгани, албатта, эътиборлидир.
2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатининг ролини ошириш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси, касаначилик, ҳунармандчилик ҳамда бандликнинг бошқа самарали шаклларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йилда кичик бизнес корхоналари ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 483,1 мингта иш ўрни яратилиши белгиланмоқда. Бу кўрсаткичга, албатта, кичик саноат корхоналари, қурилиш-пудрат ишлари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, якка тадбиркорликни янада кенгайтириш натижасида эришиш белгиланмоқда. Айни чоғда тижорат банклари томонидан кредитлаш ҳажми оширилиши кўзда тутилаётгани иш ўринларининг молиявий манбасини ­мустаҳкамлашда салмоқли аҳамият касб этади. Хусусан, сенаторлар томонидан муҳокама қилинган Давлат бюджетида кичик саноат корхоналарига янги йилдан қўшимча имтиёзлар берилаётгани кўп меҳнат талаб этадиган тикувчилик, ипакчилик, мебелсозлик, чарм ва пойабзал ишлаб чиқариш каби соҳаларнинг янада равнақ топишига шароит яратади. Булар, табиийки, бугунги кунда аҳолини иш билан таъминлашда салоҳиятли тармоқлардан саналади.
Б. ХАЛИМБЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Аграр,
сув хўжалиги масалалари ва
экология қўмитаси аъзоси:
— 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқишда ҳудудларнинг имкониятлари ҳисобга олинган. Чунончи, келгуси йилда уй меҳнати ва касаначиликни ривожлантириш орқали 217,2 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилаётир. Хусусан, тўқимачилик, тикувчилик, чарм-пойабзал, мебель, озиқ-овқат, кимё, машинасозлик, электротехника, алоқа, хизматлар ва сервис соҳаларидаги корхоналарда кооперация асосида касаначилик иш ўринлари очилади. Шу билан бир қаторда, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва пудрат асосидаги уй меҳнатини ривожлантириш орқали 165 минг кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бунда, айниқса, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик ва бандликнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланишига, янги иш ўринлари очилишига замин яратади.
Маълумки, қишлоқ хўжалиги соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий омилларидан биридир. Шу боис Дастурда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, сабзавот маҳсулотларини етиштиришда фермер, деҳқон ва аҳоли томорқа хўжаликлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш кўзда тутилган. Айни чоғда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш билан бир қаторда, мева-сабзавот, картошка, узум ва полиз маҳсулотлари, тухум, сут ҳамда гўшт маҳсулотларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш имконияти янада кенгаяди.
Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

O'zA, Xalq so'zi gazetasi, 15.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati