O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Инвестиция ва пай фондлари аҳолининг сармоявий фаоллигини оширади

Юртимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ эркин бозор муносабатларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бозор муносабатлари босқичма-босқич ривожлантирилиб, мулкчиликнинг хилма-хил шаклларини вужудга келтириш, рақобатни қарор топтириш, бошқаришнинг маъмурий-буйруқбозлик усулларидан воз кечиш, иқтисодий омиллар ва воситаларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган даврда қабул қилинган қонунлар иқтисодиётимизни янада либераллаштириш ва модернизациялашда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асос, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотлари ортга қайтмаслигининг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида алоҳида қайд этилганидек, холисона таҳлил, ислоҳотларимизнинг мантиқи ва изчиллиги, уларнинг энг замонавий бозор нормаларига мувофиқлигини баҳолаш иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича жиддий эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда, эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган бир қатор қонунлар қабул қилишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ана шулар жумласидандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, инвестиция фондлари, бу — жисмоний шахсларнинг ўз пул маблағлари ва активларини бошқариш учун профессионал бошқарувчиларга топшириш механизмидир. Минглаб инвесторларнинг пул қўйилмалари ҳар бир инвесторнинг инвестицияларига муносиб равишдаги улуши мавжуд бўлган ягона портфель сифатида шакллантирилади. Бу эса, ўз навбатида ушбу инвестиция портфелини профессионал бошқариш ва бу билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни диверсификациялаш ҳамда сарф-харажатларни камайтириш имконини беради.

Бугун халқаро амалиётда пай фондлари тобора ривожланиб, молия бозорининг муҳим институтларидан бирига айланиб улгурди. Айни чоғда пай фондлари орқали жамоавий молиялаштириш инвестициявий бизнеснинг энг самарали усулларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу ўринда жамоавий тарзда инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун маблағларнинг қимматли қоғозлар чиқариш ёки шартнома тузиш орқали жалб қилинишини қайд этиш лозим. Бунда кичик сармоядорларнинг инвестиция фондига киритган қўйилмалари ягона портфелга жамланади. Ушбу маблағлар келгусида профессионал бошқарувчининг назорати асосида даромадли инвестиция лойиҳаларига жойлаштирилади. Натижада инвесторларнинг вақт ва маблағ борасидаги харажатлари сезиларли даражада камайиб, йирик ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали юқори иқтисодий самарадорликка эришиш имкони юзага келади.

Пай фондларининг асосий фаолияти, одатда, жалб этилган маблағларни қимматли қоғозларга ва бошқа турдаги мол-мулкка жойлаштириш орқали амалга оширилади. Даромадлар инвестиция фонди иштирокчилари ўртасида дивидендлар, фоизлар ёки бошқа тўловлар тўлаш йўли билан қайта тақсимланади.

Инвестиция фондларини жамоавий молиялаштиришнинг ушбу шакли ўзига хос қулайлик ва устуворликка эга. Аввало, пай фондларига жалб қилинган маблағлар профессионал, соҳада катта тажрибага эга бўлган бошқарувчилар томонидан бошқарилади. Чунки кичик инвесторларнинг акцияларни танлаб олиш ва фонд бозорида ишлашга вақтлари ҳам, зарур даражадаги билимлари ҳам етишмайди. Инвестиция фонди эса ушбу вазифаларни амалга ошириш йўлидаги энг самарали усуллардан биридир.

Инвестиция портфелини бошқаришда диверсификациялаш юз бериши эҳтимоли мавжуд бўлган хавф-хатарларни камайтиради. Шунингдек, кўп сонли кичик инвестицияларнинг ягона йирик портфель сифатида бошқарилиши туфайли молиявий манфаатдорлик бирмунча ошади. Энг муҳими, иқтисодчилар пай фондларининг ишончли эканлигига алоҳида урғу беришади.

Бугунги кунда инвестиция фондлари ўз йўналишларидан келиб чиқиб, акциялар, облигациялар, аралаш инвестиция, кўчмас мулк, ипотека, венчур, тўғридан-тўғри инвестиция, хеж-фонд, ижара, кредит ва бошқа фондлар кўринишида фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизда инвестиция ва пай фондларининг амалиётга жорий қилиниши молия бозорининг янада ривожланишига, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бўш пул маблағларини самарали жалб этишга хизмат қилади. Шу боис “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш юртимизда жамоавий инвестициялашнинг бундан-да равнақ топишига шароит яратиб, кенг аҳоли қатламининг фонд бозорида фаол иштирок этишини таъминлайди.

А. МАҲМУДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 17.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati