O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим омили

Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, кўп жиҳатдан, одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ эканлиги алоҳида қайд этилган. Зеро, юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ҳамда сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Миллий давлатчилигимизнинг асоси бўлган Конституциямизда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди. Шу асосда қабул қилинган қонунларимизда ушбу тамойиллар ўз ифодасини топди. Муҳими, мазкур тамойиллар Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар нормалари билан ҳам ҳамоҳангдир.

Юртимизнинг ҳар томонлама ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти нафақат қабул қилинаётган қонунлар сифатига, балки, кўп жиҳатдан, халқнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданияти даражасига ҳам боғлиқ. Чунки шахснинг сиёсий фаоллиги, унинг чинакам фуқаролик позицияси, демократик ислоҳотларга интилувчанлиги белгиланган мақсадларга эришишда асосий воситадир. Юқорида қайд этилганидек, юксак ҳуқуқий маданият жамиятдаги турли ҳаётий жараёнларга фаол таъсир кўрсатади, фуқароларнинг, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашади. Қолаверса, қонунни ҳурмат қилиш ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолият кўрсатишининг асосий талабларидан бири ҳамдир.

Гап инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарғиботни янада ривожлантириш ва соҳада кенг кўламли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳақида бораркан, аввало, шуни айтиш керакки, бу борада ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда дунё тажрибасида камдан-кам учрайдиган ўзига хос таълим ислоҳотлари амалга оширилганини алоҳида эътироф этиш зарур. Айниқса, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони жамиятда ҳуқуқий таълим ва тарғиботни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Шу билан бир қаторда, фуқароларнинг қабул қилинаётган қонунлардан, миллий қонунчиликдаги ўзгаришлардан хабардорлигини ошириш мақсадида бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари томонидан муайян ишлар бажарилмоқда. Сенаторлар жойларда мамлакатимиз парламенти юқори палатасида маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти, унинг юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида тутган ўрни ҳақида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боришаётир. Хусусан, шу йилнинг апрель — май ойларида республика миқёсида ўтказилган ҳуқуқий саводхонликни ошириш ойлиги доирасида турли давра суҳбатлари, учрашувлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар уюштирилгани айни муддао бўлди.

Албатта, бу ишлар кўламини янада кенгайтириш, унинг тизимлилигини ҳамда изчиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этаётир.

Давлатимиз раҳбари томонидан Концепцияда бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилганлиги мана шу вазифаларга эришишда айни муддаодир. Шу сабабли фуқароларнинг юксак ҳуқуқий маданияти ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтиришда мазкур дастур доирасида бир неча йўналишдаги чора-тадбирларни изчил амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, аҳолининг мамлакатда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини оширишга қаратилган янги қонунларни қабул қилишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда таълим беқиёс ўрин тутади. Бугун таълим тизимининг барча босқичларида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган дарс соатлари, ўқув курслари йўлга қўйилган. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқий билимларни амалиётда қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлаш, қолаверса, бу борада фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш келажакда катта натижалар келтиради. Зеро, ҳуқуқий таълимнинг мақсади ҳар бир кишига амалий фаолиятда зарур бўладиган ҳуқуқий билимларни олиш имкониятини яратишдан иборатдир. Шу боис тарбиявий ва ўқув ишлари шахснинг ҳуқуқий онг даражасини инсон, жамият, давлат манфаатларига жавоб берадиган энг умумий юридик принциплар ва нормаларни англаб етишга қадар оширишга йўналтирилиши лозим. Энг муҳими, ҳуқуқий тарбияни фақат бир томонлама ахборот бермасдан, уни қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш вазифалари билан узвийроқ боғлаш зарур.

Шу билан бир қаторда, фуқаролик жамияти институтларини, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партияларни ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва сиёсий фаоллигини ошириш тадбирларига янада кенгроқ жалб қилиш ниҳоятда муҳимдир.

Мухтасар айтганда, жамиятда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишини таъминлашга хизмат қилади.

И. КАРАТАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 17.10.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati