O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

17.05.2011

Инсон манфаатларининг ҳуқуқий кафолати

 

Мамлакатимизни демократик янгилашнинг энг асосий йўналишларидан бири қонунийлик, қонун устуворлигини таъминлаш, шахс ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш, либераллаштиришдан иборатдир.

Бу борада “Хабеас корпус” институтининг жорий этилганлиги, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқи 2008 йилдан бошлаб прокурордан судларга ўтказилганлиги муҳим қадам бўлди. Ушбу қарор ўз вақтида ва тўғри қабул қилинганлиги бугун ўз тасдиғини топди — мазкур институтнинг жорий этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари томонидан ташкил этилган “Хабеас корпус” институтининг қўлланиш доирасини кенгайтириш” мавзуидаги конференцияда ана шу масала ҳақида сўз борди.
Конференцияда таъкидланганидек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш жараёни ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Хусусан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш, Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар манзилли, тизимли ва изчил равишда амалга оширилаётир.
Ўзбекистонда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилганлиги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт нормалари, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий қонунчилигимизга изчил равишда имплементация қилиб борилаётганлигидан далолат беради.
Миллий қонунчилигимизга “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашда суднинг, суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини оширишга қаратилган. Қамоққа олишга суд томонидан санкция бериш ва унинг муддатини узайтириш тартибининг жорий этилиши тергов вақтида йўл қўйилган хатоларни судга қадар иш юритишнинг дастлабки босқичларида аниқлаш ва белгилаш борасида судлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Судга қадар иш юритишда “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг самарадорлиги жиноят процессининг судга қадар бўлган босқичларида суд томонидан амнистия актини қўллаш тартибини ўрнатиш ҳақида қарор қабул қилинишига ёрдам берди. Суд томонидан амнистия актини қўллаш тартибининг жорий этилиши судга қадар иш юритишда ва ҳукмни ижро этиш босқичида суд назоратини ўрнатишга қаратилган яна бир қадам бўлди. Умуман олганда, ушбу тартиб амнистия актини қўллашнинг қонунийлигини таъминлаш ҳамда амнистия акти қўлланилаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш манфаатларига хизмат қилади.    
Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичларидан бири Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 29 ва 31-бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган бир туркум қонун лойиҳаларини тайёрлашдан иборат бўлиб, уларда белгиланадиган тартибга кўра, судга қадар иш юритиш босқичида қўлланиладиган процессуал мажбурлов чоралари, чунончи, шахсни лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш чораси фақат судьянинг санкцияси билан қўлланилади.
Ушбу ваколатларнинг прокурордан суд органларига ўтказилиши суриштирув ва дастлабки тергов пайтида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, халқаро ҳуқуқнинг жиноий таъқиб вақтида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормалари қамоққа олиш масаласини ҳал қилиш босқичидаёқ амалга оширилишини таъминлаш имконини беради.
Конференция якунлари бўйича “Хабеас корпус” институтининг умумэътироф этилган халқаро нормалари ва стандартларини қўллаш соҳасини кенгайтириш мақсадида жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ушбу институтни қўллаш соҳасида иштирок этиши механизмини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.
Конференцияда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий ва Олий судлари, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), мамлакатимиз илмий ва таҳлил марказлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati