O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

17.03.2011

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси олдидан

Ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий кафолати

 

Маълумки, парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида ­“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилади. Президентимиз Ислом Каримовнинг ўтган йили 12 ноябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган мазкур Қонун давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Дарҳақиқат, Концепцияда қайд этилганидек, мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўта муҳим бир мақсадга, яъни ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, давлат ҳокимиятлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда қонун чиқарувчи ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни кўришга қаратилган эди. Шунингдек, мазкур даврда бошқарув соҳасини марказлаштиришни чеклаш, бу борадаги вазифаларнинг бир қисмини республика даражасидан вилоят, туман ва шаҳар миқёсига ўтказиш, Ўзбекистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб шакли бўлган маҳалла тизимини ривожлантириш масалаларига катта аҳамият қаратилди.
Бу ислоҳотлар циклида, албатта, миллий парла­мент­ни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу жараённинг “ўзбек модели”га таянилган ҳолда бос­қичма-босқич рўёбга чиқарилгани, жумладан, бир палатали парламент фаолияти асосида Ўзбе­кистон парламентининг асослари яратилиб, ўзига хос анъана ва тажриба шакллантирилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу, ўз ­навбатида, мамлакатимизда қонунчилик мактабининг ривож топишида, қонун лойиҳаларини кенг муҳокамага қўйиш, амалдаги қонунларнинг янги таҳрирларини яратишда янада яққол ифодасини топди.
Шу билан бирга, 2000 — 2010 йиллар мобайнида мамлакатимизда икки палатали парламент ташкил этиш ва шакллантириш бўйича жуда кенг миқёсли ҳуқуқий ва ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар тизимида профессионал асосда иш олиб борувчи Қонунчилик палатаси ҳамда вакиллик органи — Сенатнинг ташкил этилгани муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлди.
Зеро, бу билан парламент ўз ваколатларини самарали амалга ошириши, ҳар томонлама асосли ва пухта қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ўзаро мувозанат ва чекловлар тизимини яратиш, депутатларнинг доимий асосда профессионал тарзда иш олиб боришлари, қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш, аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштирокини янада ­кенгайтириш учун етарли шарт-­шароитлар яратилди.
Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва ­98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам мана шу ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг роли ва масъуллигини оширишда янги босқични бошлаб беради, десак, ­муболаға бўлмайди. Зеро, ушбу тузатишларда мамлакатимиз парламентининг Ўзбе­кистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ваколатлари янада кенгайтирилмоқда.
Хусусан, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандига киритилаётган қўшимчага биноан, Қонунчилик палатаси ва Сенати биргаликда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколатларига эга бўлмоқда. Бу қоида қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимият ўртасидаги муносабатларда янгилик бўлиб, ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш механизмини яратади. Эътиборли жиҳати, парламент палаталари қайсидир масалани жамият ҳаёти учун долзарб деб ҳисобласа, ҳукумат раҳбарининг ана шу масала юзасидан ҳисоботини ҳар қандай вақтда эшитиши мумкин. Бу қоида, албатта, парламентнинг ижроия ҳокимиятга таъсирини янада оширади, ҳукумат фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда қўл келади.
Шу ўринда Конституциямизнинг 93-моддасига киритилаётган қўшимчага биноан Бош вазирга вилоятлар ҳокимлари ва ­Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш учун Президентга тақдимнома киритиш ҳуқуқи ­берилаётганини ­таъкидлаш жоиз. Бу қоида давлат ҳокимияти ва бош­қарувини демократлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Зеро, вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими ўз лавозимлари бўйича жойларда ижроия ҳокимиятни бошқаради. Айни пайтда улар ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ва маданий ривожлантиришга масъулдирлар. Шу билан бир қаторда, ижроия ҳокимиятнинг фаолияти учун Бош вазирнинг жавобгар бўлиши ­сабабли бундай ҳуқуқнинг Бош ­вазирга берилиши мантиқан тўғри жараён бўлиб, ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига тўла мос келади.
Мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддаси янги таҳрирда берилмоқда. Улар мазмун-моҳиятига кўра, Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш ва уни тасдиқлашнинг янада демократик тартибини жорий қилишга йўналтирилган. Маълумки, амалдаги қонунчилик нормаларига кўра, Бош вазир номзодини кўрсатиш учун сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги барча фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиларди. Конс­титуцияга киритилаётган тузатишларга мувофиқ, Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқи Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиё­сий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партияларга берилмоқда. Бу сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини ошириб, улар ўртасидаги рақобатнинг кучайишида муҳим аҳамият касб этади.
Шу ўринда мамлакатимизда парламентга биринчи маротаба Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқи ҳам жорий этилаётганини қайд этиш лозим. Маълумки, хорижий давлатлар тажрибасида парламентнинг ҳукуматга нисбатан муносабатини белгиловчи асосий институтлардан бири ишончсизлик вотуми (лотинча votum — хоҳиш, ирода) ҳисобланади. Парламент амалиётида ҳукумат фаолиятини қўллаб-қувватламаслик шу тартибда ифода этилади. Ҳукумат раҳбарига ишончсизлик вотуми билдирилиши, қоида тариқасида, бутун ҳукуматнинг истеъфога ­чиқишига олиб келади. 
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Конституциянинг 98-моддасига киритилаётган тузатишларга биноан, айрим хорижий давлатлардан ­фарқли ўлароқ ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар ­доимий тус олган ҳолдагина билдирилиши мумкин. Бу орқали ҳукумат ва парламент муносабатларида барқарорликни ­таъминлаш назарда тутилмоқда. Бунда Қонунчилик палатаси депутатлари ­умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ­номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ­Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош ­вазирга нисбатан ишончсизлик ­вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади. Бош вазирга нисбатан ишонч­сизлик вотуми тегишлича Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ­депутатлари ва ­Сенати аъзолари умумий сонининг ­камида учдан икки қисми овоз ­берган тақдирда қабул қилинган ҳисоб­ланади.
Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбе­кистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш бўйича қарор қабул қилади. ­Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун ­таркиби Бош вазир билан бирга ­истеъфога ­чиқади.
Қонунчиликка киритилаётган бундай янгиликлар ҳукумат фаолиятининг самарадорлигини ошириш, унинг парламент олдида масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади. 
Конституцияга давлат ҳокимиятининг учта субъекти: давлат бошлиғи — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш мақсадида тузатишлар киритилаётгани муносабати билан 93-модданинг 8-бандидан ижро этувчи ҳокимият девонини тузади ва унга раҳбарлик қилади, деган норма Президент ваколатларидан чиқарилмоқда. 
Шунингдек, Конституциянинг 80-моддаси 6-банди ва 93-моддасининг 12-бандига киритилаётган ўзгартишларда Ҳисоб палатаси Раисининг тайинланиши ва лавозимидан бўшатилиши ҳақидаги Президент фармонларининг Сенат томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланаётир. Бу Сенатнинг мутлақ ваколатларини янада кенгайтириб, парламентнинг назорат ваколатлари механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Маълумки, Сенат вакиллик органи бўлиб, унинг кўпчилик қисми халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари сифатида мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органида ана шу маҳаллий Кенгашларнинг ваколатли вакиллари саналади ва уларга ҳисоб беради. Шу маънода айтганда, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўзда ­тутилган қоидалар ҳар бир сенаторнинг, маҳаллий Кенгашлар ­депутатларининг масъулиятини ошириб, жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтиришга замин яратади.

С. ОРТИҚОВА ,
Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси
.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati