O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

17.02.2011

Парламент ҳаёти

Мақсад — қулай ва ишчан муҳит яратиш

 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган мажлисида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида мўлжалланган мақсадларга эришиш бўйича дастурий чора-тадбирларни, шу жумладан, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ишончли тарзда ҳимоя қилинишини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай ишчан муҳит яратиш, ана шу асосда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бунда, албатта, Ўзбекистон ­Республикаси Президентининг 2011 йил 7 февралда қабул қилинган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастурил­амал ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг шу йил 15 февралда Жиззах вилояти ҳокимлигида ва 
16 февралда Навоий вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисларида ушбу вилоятларда ҳокимиятнинг вакиллик органлари томонидан кичик бизнесни, хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасидаги қонунларнинг, энг муҳим давлат дастурларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисларда қайд этилганидек, Жиззах ва Навоий вилоятларида ҳокимиятнинг вакиллик органлари томонидан мамлакатимиз қонунлари ва дастурлари ижросини назорат қилиш бўйича вазифаларни белгилаш, мўлжалланган параметр­ларга эришиш, тадбиркорлик ­фаолиятига турли тўсиқлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун қатъий чоралар кўришга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинди, шунингдек, ушбу қонунлар ва дастурлар рўёбга чиқарилиши учун масъул бўлган доимий комиссиялар ҳамда депутатлар, ижро этувчи ҳокимият мансабдор шахсларининг ахбороти тингланиши белгилаб қўйилди. Чунончи, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг тегишли ­доимий комиссиялари томонидан Қизилтепа, Нурота туманларида, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари томонидан эса ўаллаорол ва Жиззах туманларида хусусий секторга кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш учун яратиб берилган зарур шарт-шароитлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни рўёбга чиқаришнинг аҳволи ўрганиб чиқилди. Томди тумани, Навоий, Зарафшон ва Жиззах шаҳарларида бу соҳани жадал ривожлантириш учун қўшимча чоралар кўрилиб, корхоналар ўртасида барқарор кооперация алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш, ушбу жараёнга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, 2010 йилда Навоий ва Жиззах вилоятларида кичик корхоналар, микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига тегишинча 31461 ва 30639 та иш ўрни яратилган.
 Мазкур вилоятларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасидаги давлат дастурларига мувофиқ, 2010 йилда тегишинча 11,1 ва 79,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ­берилган.
Масалани муҳокама қилиш ­асносида сенаторлар тегишли вилоятлар депутатлар корпусининг фаолият тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, бандликни таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишнинг ғоят муҳим омили бўлган ­кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга, шунингдек, маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, бундай маҳсулотни ишлаб чиқараётган корхоналарнинг унумдорлигини оширишга йўналтирилган депутатлик назоратининг самарадорлиги ва таъсирчанлигини кучайтиришга эътиборни ­қаратдилар.
Шу билан бирга, сенаторлар халқ депутатлари Кенгашлари доимий комиссиялари соҳадаги корхоналарни кредитлашни кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, бизнеснинг барқарор ва изчил ривожланиши учун қулай шароит яратиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дас­турлари асосида рўёбга чиқариш, шунингдек, давлат ва назорат органлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳамда бирон-бир тўсиқлар ўрнатилишига йўл қўймаслик борасидаги назорат-таҳлил фаолиятини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Бундан ташқари, йиғилишларда бизнес учун янада қулайроқ шароит яратиш борасида қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлигини ошириш ва аниқ манзилга қаратилганлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир туман, шаҳар, қишлоқ ва ­маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини ҳисобга оладиган ­таклифлар ишлаб чиқишда депутатлар корпусининг иштирокини фаоллаштириш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича ­қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Мажлисларда сенаторлар, ­Навоий ва Жиззах халқ депутат­лари вилоят, туман ва шаҳар ­Кенгашларининг депутатлари, манфаатдор вазирлик ва идоралари вакиллари, олимлар ва экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati