O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар Оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллиги

Жамиятда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим омилидир

Бугун жамият ҳаётида ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, уларни одамларнинг ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг қонуний кафолатларини таъминлашга қаратилган, халқаро демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган ҳуқуқий замин яратилгани, соҳанинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бораётгани ва энг муҳими, бундай ишлар изчил давом эттирилаётгани бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизнинг муҳим таркибий қисмидир.

Айни пайтда мазкур йўналишда кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар ҳам мавжуд. Бу вазифалар Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини кенгайтириш, сўз эркинлигини таъминлашга оид қатор қонунчилик ташаббусларида ўз ифодасини топди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, телерадиоэшиттиришлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатларига оид янги қонунларни қабул қилиш бўйича ишларни тезлаштиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларининг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам ўзининг амалий ижросини кутиб турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Концепцияда қайд этилган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, кенг жамоатчилик, илмий доиралар томонидан атрофлича муҳокама қилинмоқда. “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ана шулар жумласидандир. Қолаверса, ахборот бозори иштирокчилари фаолиятини янада ривожлантириш учун уларга янги имтиёз ва преференциялар бериш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситаларига юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда янада фаолроқ ёритиш учун қўшимча шарт-шароитлар туғдириб бериш лозим. Нодавлат оммавий ахборот воситаларининг тобора кенгайиб бораётган тармоғи фаолиятининг, муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳимоясининг, шунингдек, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш айни муддаодир. Бу борада, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий механизмларни яратиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб баҳолаш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш газета ва журналлар таҳририятларининг мустақиллиги ҳамда эркинлигини амалда таъминлаш билан бирга, уларнинг масъулиятини ҳам оширишни кўзда тутади.

Бугун ахборотни тезкорлик билан етказишга хизмат қиладиган ахборот-коммуникация воситалари шиддат билан ривожланиб бораётир. Мана шундай шароитда кучли ҳуқуқий ҳимоя механизмини яратиш, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий манфаатини ҳимоя қилишни кафолатлаш, уларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий нормаларни қабул қилиш зарур. Бу оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириши, мазкур соҳа субъектлари учун қўшимча иқтисодий имтиёзлар (преференциялар) бериши, соҳага бозор механизмларини жорий этиши ва соғлом рақобат муҳитини яратиши, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Мазкур ҳуқуқий асослар ОАВни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб, келгусида жамоатчиликни янада тўла, ҳаққоний ва тезкор ахборот билан таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратади.

Шу маънода, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларида ОАВ фаолиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситасининг мулкдори тушунчасини янада аниқроқ ҳамда қатъий нормалар асосида ёритиб беришни, мулкдор ҳуқуқ ва мажбуриятларини, таҳририятларнинг тадбиркорлик фаолиятини, ОАВнинг ташкил этилиш шаклини белгилаб беришни, молиявий жиҳатдан таъминланиш манбаларини, мулкдор ва (ёки) мулкдорлар улушини, бу борада ҳомийлик ёрдамлари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган даромадлардан фойдаланиш тартибини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ нормаларни назарда тутиш даркор.

Хулоса ўрнида айтганда, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий асослари яратилиши, айниқса, улар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг кафолатланиши соҳа ходимларининг жамият ҳаётидаги фаоллигини, масъулиятини янада кучайтиради.

Раҳимахон ҚЎРҒОНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 16.09.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati